Light | 12:21 / 20.09.2020
46369
8 дақиқада ўқилади

Саломатликнинг мунтазам назорат қилиш зарур бўлган 9 кўрсаткичи

Келажакдаги ўзингизни муаммолардан асрашингиз ва ҳаттоки ҳаётингизни сақлаб қолишингиз мумкин. Бунинг учун қуйидаги кўрсаткичларни мунтазам кузатиб бориш зарур.

1. Артериал қон босими
Бу кўрсаткич ҳар бир организм учун индивидуал. Лекин кўпчиликка мос келувчи рақамлар қабул қилинган. 120/80 ва ундан қуйи босим меъёр ҳисобланади. Агар юқори кўрсаткич (систолик босим) 120дан 129гача диапазонда бўлса, демак, қон босими кўтарилган. Эътибор қаратиш зарурки, у кўпинча атеросклероз, юрак хуружи ва инсульт ривожланиши хавфи билан боғлиқ бўлган гипертонияга айланади.

Гипертониянинг дастлабки босқичларида ҳеч қандай аломат кузатилмайди, шу сабабли ўзгаришларни вақтида пайқаш учун қон босимини мунтазам равишда ўлчаб туриш муҳимдир. Агар у юқори ҳолатда қолса, шифокорга боришни ортга сурманг. Агар сиз ёки яқинингизда қон босими 180/120га кўтарилса ва кўкрак қафасида оғриқлар, нафас олиш қийинлашиши, уйқусизлик, ҳолсизлик, кўриш ёки нутқ билан боғлиқ муаммолар юзага келса, дарҳол тиббий ёрдамга мурожаат қилинг.

II, III ва IV қон гуруҳига мансуб одамлар қон босимига эътиборли бўлиши керак. Тадқиқотлар шуни кўрсатдики, ушбу гуруҳлар юрак-қон томир касалликларининг юқори хавфи билан алоқадор. Бунга қўшимча равишда, бошқа ҳолатларда, масалан, қон қуйиш зарурати юзага келганда буни билиш муҳимдир.

2. Холестерин даражаси
Холестерин организмда ҳужайралар яратилиши ва бошқа муҳим жараёнлар учун зарур ҳисобланади, аммо унинг меъёрдан ортиб кетиши хавфлидир. Артерия деворларида холестерин тангачалари шаклланиши ва бу ўз навбатида атеросклерозга олиб келиши мумкин.

Холестерин даражасини текшириш учун бир йилда бир марта таҳлил топширилади. «Ёмон» (ЛПНП) ва «яхши» (ЛПВП) холестерин таркибини назорат қилинг. «Ёмон» холестерин 2,6 ммоль/л (100 мг/дл)дан ошмаслиги керак, «яхшиси» эса— 1 ммоль/л (40 мг/дл)дан кам бўлмаслиги керак.

3. Триглицеридлар (глицерин билан бир асосли ёғ кислоталари) даражаси
Бу юрак қон-томир касалликлари ривожланиши хавфини кузатиш чоғида эътиборга олиш зарур бўлган учинчи омил ҳисобланади. Триглицеридлар, «ёмон» холестеринлар каби, артерияларда тангачалар ҳосил бўлиши ва атеросклероз юзага келиши хавфи билан алоқадор. Шу сабабли ҳам мунтазам текширувлардан ўтиш ва шифокор маслаҳатини олиш тавсия этилади.

Аксарият ҳолларда буни ҳар беш йилда бир марта такрорлаш зарур, аммо сиз ёки қариндошларингизда диабет ёки юрак билан боғлиқ муаммолар кузатилса, ушбу кўрсаткични нисбатан кўпроқ текшириш талаб этилади.

4. Қалқонсимон без гормонлари даражаси
Улар организмнинг кўплаб тизимлари, шу жумладан, моддалар алмашинувига ўз таъсирини ўтказади. Агар қалқонсимон без гормонлари тушиб кетса, турли ёқимсиз аломатлар юзага келиши мумкин: вазн йўқотиш қийинлиги, куч йўқолиши, онг «хиралашиши», унутувчанлик, қалтироқ ёки бадан увишиши.

Бундан ташқари, ушбу гормонлар даражаси камайиши юрак қон-томир касалликлари ва умуман олганда ўлим хавфи билан боғланади. Шунинг учун бу кўрсаткич бир йилда бир марта таҳлилдан ўтказилиши ва натижа терапевт ёки эндокринолог билан муҳокама қилиниши лозим.

5. Тишлар ҳолати
Пародонт (тишларни ўраб турувчи тўқималар) касаллигига чалинган одамлар инфаркт ва инсультдан кўпроқ азият чекишади. Шунингдек, периодонтитнинг айниқса чекувчи инсонлардаги диабет касаллигини ёмонлаштириб юбориши ҳақида далиллар кўпаймоқда.

Тиш тошлари ҳосил бўлишини камайтириш учун кунига икки марта тишларини яхшилаб ювиб туриш, оғиз бўшлиғини чаювчи воситалар ва тиш тозаловчи ипдан фойдаланишни унутманг, албатта бир йилда бир марта стоматолог қабулида бўлинг. Диабетга чалинган беморлар шифокор қабулига ҳар 3-6 ойда бир марта боришгани маъқул.

6. Холлар ранги ва шакли
Холлар қанча кўп бўлса, улардан бирида хавфли шиш пайдо бўлиш эҳтимоли шунча юқори бўлади. Ойига бир марта ўзингизни текшириб, янги пайдо бўлган холларга, уларнинг ранги ёки шакли ўзгаришига ёки ҳажми катталашишига эътибор беринг.

Уч ҳафта ичида тузалиб кетмаган ёки доимий равишда қичишадиган, пўстлоқ билан қопланган ёки қон оқувчи яра юзага келиши билан ҳушёр бўлиш керак. Агар шунга ўхшаш нарсани сезсангиз, дарҳол дерматологга мурожаат қилинг.

7. Умуртқа қийшайиши
Эгрилик бор ёки йўқлигини текшириш зарур. У ҳозирча жуда кичик ва ноқулайлик туғдирмаслиги мумкин, аммо вақт ўтиши билан ҳаракатланишга жиддий халақит қилувчи сурункали оғриқ юзага келиши эҳтимоли бор.

Яқинларингиздан умуртқангизни текшириб кўришни сўранг. Эгилинг ва полга чўзилинг, кузатувчи эса кўкрак қафасининг бир текислиги, сон жойлашуви симметриклигини кўздан кечирсин.

Тик турган ҳолатда ҳам симметрияга эътибор беринг: икки елка ва икки кўкрак суяги бир хил даражада бўлиши, орқа томон эса жуда юмалоқ бўлмаслиги керак.

Агар эгрилик аломатлари сезилса, шифокорга мурожаат қилинг. У умуртқа деформациясининг даражасини аниқлайди ва даволаш усулларини танлайди.

8. Бош оғриғи интенсивлиги
Бош оғриғи енгил даражада безовталанишдан то тоқат қилиб бўлмайдиган даражагача турланади. Агар оғриқ бошқа аломатлар билан бирга кузатилса, бу жиддий муаммоларга, шу жумладан мия шиши, қон босими ошиши ёки инсультга ишора қилиши мумкин.

Улар қачон пайдо бўлиши ва қандай давом этишини кузатишни бошланг. Оддий дафтарга ёки телефондаги махсус дастурга оғриқнинг частотаси ва интенсивлигини, унинг давомийлиги, бошнинг қайси соҳаси оғриётгани, қандай аломатлар ҳамроҳ бўлишини ёзинг. Аста-секин оғриқни келтириб чиқарувчи омилни сеза бошлайсиз ва шу орқали уни камайтириш учун турмуш тарзингизни ўзгартиришингиз мумкин.

Агар бошингиз ҳафтасига бир мартадан кўпроқ оғриса, сабабини аниқлаш учун шифокорга мурожаат қилинг. Агар бош оғриғи кўриш қобилиятини йўқотиш, юз нервлари фалажи, қўл ёки оёқлардаги заифлик, гапириш ёки нутқни тушуниш қобилиятини йўқотиш каби белгилар билан кечадиган бўлса, дарҳол тиббий ёрдамга мурожаат қилиш зарур.

9. Қондаги шакар миқдори
Қондаги глюкоза таркиби ошиши (гипергликемия) организмда яллиғланишни келтириб чиқаради ва қон томирларига зарар етказади. Вақт ўтиши билан бу юрак-қон томир касалликлари ва бошқа соғлиқ билан боғлиқ муаммоларга олиб келиши мумкин.

3,5-5,5 ммол/л (60-100 мг/дл) кўрсаткичлари меъёр ҳисобланади. 11 ммол/л (200 мг/дл) ва ундан юқори даража диабетнинг аллақачон иккинчи типга ўтганидан далолат беради.

Агар хавф омилига эга бўлсангиз (45 ёшдан ошган, камҳаракат турмуш тарзи, ортиқча вазн, қариндошлар орасида диабетиклар ёки гипертониклар мавжудлиги), бир йилда уч марта, бошқа ҳолатларда йилига бир марта қондаги шакар миқдорини текшириш учун таҳлил топширинг.

Таҳлилни поликлиникада топширишингиз ёки глюкометр сотиб олиб, қондаги шакар даражасини уйда текширишингиз мумкин. Агар натижа 6 ммол/л дан юқори бўлса, албатта шифокорга мурожаат қилинг. Бу ҳар қандай ёшдаги одамларга, шу жумладан болаларга ҳам тааллуқли.

Унутманг, ҳар қандай касалликни даволашдан кўра олдини олиш ҳам осон, ҳам арзон!

Мавзуга оид