Ўзбекистон | 16:45 / 30.09.2020
47539
3 дақиқада ўқилади

Тошкентдаги тунги спа салонларда рейд ўтказилди (видео)

Тошкент шаҳар Ички ишлар бош бошқармаси ходимлари пойтахтда тунги соатларда фаолият кўрсатаётган дискотека-бар ва спа салонларда карантин чекловларига риоя этилиши юзасидан рейд тадбирларини ўтказди. Kun.uz ички ишлар ходимларига ҳамроҳлик қилиб, тунги рейд воқеаларини тасвирга олди.

Сўнгги пайтларда шаҳарда гўёки массаж хизматларини таклиф этувчи, аслида мижозларга интим хизматлар кўрсатувчи спа салонлар кўпайиб қолган. Ҳукумат махсус комиссияси қарори билан шу турдаги айрим хизматларнинг фаолияти айни вақтда чекланган. Шунга қарамай, Телеграм каналлар орқали алоқа рақамини тарқатиб, тунги соатларда шахсий хонадонларга массажга чорлаган қизлар фош бўлди.

Тезкор тадбир давомида қизларнинг тегишли ҳужжатлари бўлмай ишлаётгани, қолаверса, карантин қоидаларини бузаётгани аниқланди.

Учтепа туманида жойлашган масканда эса бир гуруҳ ёшлар ниқобсиз карантин қоидаларини менсимасдан овқатланиб, чилим чекиб ўтирган эди. Ўзини умумий овқатланиш шохобчаси сифатида талқин қилиб, аслида дискотека сифатида иш олиб бораётган маскан иш бошқарувчиси эса залда ўтирган қизларни официант эканини иддао қилди. Уларнинг официант либосида эмаслигини эса улар махсус кийим олишга улгурмагани билан изоҳлади. Иш бошқарувчи қизларнинг официантларга хос бўлмаган ҳолатда ёйилиб, турмакланган сочлари ҳақидаги саволга жавоб беролмади. Аниқланган ҳолатлар бўйича тегишли чоралар кўрилиши белгиланди.

Рейд тадбирининг кейинги манзили – пойтахтдаги Ойбек метросига яқин жойлашган кўп қаватли турар жойда ташкил қилинган спа салон бўлди. Камерадан юзини яширишга ҳаракат қилган қизлардан бири салонга рейд иштирокчилари кириб келиши билан кийинишга тушди. Унинг айтишича, бу ерга карантиндан олдин ташлаб кетган кийимларини олишга келган ва йўл-йўлакай ювиниб олишни мақсад қилган. Лекин кийимларини қандай жойга ташлаб кетгани ва бу ернинг спа салон эканидан бехабарман, деган иддаолари ҳеч ҳам ишонарли бўлмади.

Қизлардан бошқа бири эса бу ерда нима иш билан шуғулланмоқдасиз, деган саволга: «Массаж қиламан, кунига 2-3 нафар мижоз келади, ҳар бир мижозга хизмат кўрсатиш 200 минг сўмдан», деган жавобни берди. Улар массажнинг қандай турини кўрсатиши ва мижозлар қизларнинг рақамини қандай топиши ҳақида берилган саволга жавоб бера олмади.

Тунги соат 2га яқин бошқа бир спа салон мижоз чақираётгани аниқланди. У ердаги қизлар эндигина ишга келганини рўкач қилишган бўлса, улардан бири яқинда минимал иш ҳаққининг 15 бараварида жаримага тортилганини, уни тўлашга маблағи йўқлигини, қолаверса, бошқа ҳеч нарса қўлидан келмаслиги-ю, маҳалла ва ҳокимиятдагиларга иш масаласида мурожаат қилса, улар ҳам бунинг эвазига пул талаб қилишларини иддао қилди.

Ўтказилган рейддан асосий мақсад эса одамлар ўртасида ижтимоий масофани сақламай, ниқоб тақмай, карантин қоидаларини менсимай ҳаракатланаётган шахсларни тартибга чақиришдир. Чунки ҳар куни коронавирусга чалинганларнинг сони ортиб бормоқда. Ўзингиз ва яқинларингиз соғлигини асранг!

Алишер Рўзиохунов тайёрлади.
Тасвирчи ва монтаж устаси – Отахон Юсупов

Мавзуга оид