Жаҳон | 09:57 / 05.10.2020
7601
2 дақиқада ўқилади

Нобель мукофоти совриндорларини эълон қилиш ҳафталиги бошланди

Швеция ва Норвегияда Нобель ҳафталиги бошланди. Ушбу ҳафталик давомида нуфузли мукофотнинг 2020 йилги совриндорлари эълон қилинади.

Стокҳолмдаги Нобель қўмитаси 5 октябрда тиббиёт, 6 октябрда физика, 7 октябрда кимё, 8 октябрда адабиёт, 12 октябрда эса иқтисодиёт бўйича совриндорларни эълон қилади.  

Тинчлик бўйича Нобель мукофоти эса Норвегия пойтахти Ослода 9 октябрда эълон қилинади. 

Нобель қўмитаси маълумотларига кўра, жорий йилда тинчлик бўйича мукофотга 318 номзод даъвогарлик қилмоқда. Улардан 211 нафари жисмоний шахслар, 107 таси эса ташкилотлар ҳисобланади. Қоидаларга кўра, номзодлар рўйхати сир сақланади.

Бироқ бир қатор нашрлар жорий йилда тинчлик бўйича мукофотни олишга Россия президенти Владимир Путин, АҚШ президенти Дональд Трамп, Сербия ва Косова ҳукуматлари илгари сурилганини маълум қилган. Баъзи маълумотларга кўра, номзодлар орасида россиялик мухолифатчи Алексей Навальний ҳам бор.

Жорий йилда Нобель совриндорларига 10 млн швед кронаси (1,1 млн доллар) миқдорида мукофот берилиши кўзда тутилган.

Аввалроқ пандемия сабабли Нобель мукофотларининг ўз эгаларига топширилиши маросими бекор қилингани, мукофотни топшириш онлайн тарзда ўтказилиши маълум қилинганди. Декабрда ўтказиладиган маросим телевидение орқали жонли тарзда ўтказилади. Эътиборлиси, Нобель мукофоти тақдимоти 1944 йилдан бери биринчи марта бекор қилинди.

Норвегияда тинчлик бўйича Нобель мукофоти тақдимотини ўтказишга қарор қилинди. Бироқ анъанавий тарзда 10 декабрда ўтадиган маросим одатдагидан кичикроқ кўламда ўтказилади.

Мавзуга оид