Спорт | 15:27 / 08.10.2020
9305
6 дақиқада ўқилади

Превью. Ўзбекистон Эронга қарши нохуш анъанани буза оладими?

Бугун, 8 октябрь куни Ўзбекистон миллий жамоаси Осиёнинг энг кучли жамоаларидан бири саналмиш Эронга қарши ўртоқлик учрашувида саф тортади. Вадим Абрамов қўл остидаги миллий жамоамиз узоқ танаффусдан кейин легионерлар иштирокида кучли рақибга қарши ўйин ўтказади.

Сўнгги марта 3 сентябрь куни Тожикистон миллий жамоасига қарши ўртоқлик баҳсида майдонга тушган вакилларимиз миллий чемпионатимиз футболчиларидан ташкил топган таркиб билан қўшни мамлакат жамоасини мағлуб этган (2:1) бўлса, бу сафар анча кучли рақиб саналмиш Эронга қарши ўйинда мураббийлар штаби Одил Аҳмедовдан ташқари қолган барча ўзи истаган легионерларни ҳам таклиф эта олган.

Одил Аҳмедов нега таркибда йўқ?

Бош мураббий Вадим Абрамов аввалроқ Tribuna.uz сайтига берган интервьюсида Одил Аҳмедов янги клуби «Тянцзин Теда» сафида энди ўйинларга киришгани ва футболчи Ўзбекистонга келган тақдирда яна Хитойга қайтганидан кейин 14 кунлик карантинга сақланиши сабабли миллий жамоанинг бу сафарги йиғинига чақирилмаганини тушунтирди.

Ўзаро ўйинлар: Ўзбекистон Тошкентда Эронга гол ура олмаган

Ўзбекистон миллий жамоаси бугунги кунга қадар Эрон миллий жамоасига қарши жами 10та ўйин ўтказиб, форсларни Тошкентда мағлуб этиш у ёқда турсин, рақиб дарвозасига гол ҳам ура олмаган. 10 ўйиндан 8тасида Эрон ғолиб бўлган, 1 ўйинда дуранг ва яна бир баҳсда Улуғбек Бақоевнинг Теҳрондаги ягона голи Ўзбекистон миллий жамоасига бу рақиб устидан қозонилган ягона ғалабани келтирган. Тўплар нисбати 2-13 – форслар фойдасига. Вакилларимиз бугунги баҳсда Тошкентдаги нохуш анъанани бузишга интилишади.

Ўзбекистон – Эрон. Ўзаро ўйинлар:

11.09.2018. Ўзбекистон – Эрон – 0:1

19.05.2018. Эрон – Ўзбекистон – 1:0

12.06.2017. Эрон – Ўзбекистон – 2:0

06.10.2016. Ўзбекистон – Эрон – 0:1

11.06.2015. Ўзбекистон – Эрон – 0:1

14.11.2012. Эрон – Ўзбекистон – 0:1

03.06.2012. Ўзбекистон – Эрон – 0:1

05.09.2009. Ўзбекистон – Эрон – 0:0

11.07.2007. Эрон – Ўзбекистон – 2:1.

Учрашувни Жасур Мухторов бошқаради

Ўзбекистон миллий жамоасининг «Пахтакор» стадионида кечадиган Эронга қарши баҳсини ўзбекистонлик ҳакамлар бошқариб боришади. Ўйинга Жасур Мухторов бош ҳакам сифатида тайинланган.

Ўзбекистон – Эрон
Бош ҳакам:
 Жасур Мухторов
Ён қанот ҳакамлари: Тимур Гайнулин, Алишер Усмонов
Захира ҳаками: Ахрол Рисқуллаев

Бугун қайси футболчилар ёрдам бера олмайди?

Бош мураббий Вадим Абрамов аксарият футболчиларнинг ёрдамидан фойдалана олмайди. Хусусан, йиғинга чақирув олган Остон Ўрунов, Егор Кримец, Жамшид Искандеров, Ойбек Бозоров ва Ҳусниддин Алиқулов майдонга тушмайди.

Ўрунов ва Кримец жароҳат олган бўлса, Искандеров Кореядан етиб кела олмаган, Бозоров жароҳат олган бўлса, Алиқуловда коронавирус аниқлангани туфайли йиғинга келмаган.

Миллий жамоамиз таркиби:
Дарвозабонлар
 – Элдор Суюнов («Пахтакор»), Абдувоҳид Неъматов («Насаф»), Раҳим Давронов («Машъал»).
Ҳимоячилар – Рустам Ашурматов («Кванжу», Жанубий Корея), Игорь Голбан («Навбаҳор»), Ислом Қобилов («Бунёдкор»), Иброҳимхалил Юлдашев («Бунёдкор»), Ҳожиакбар Алижонов («Пахтакор»), Мурод Ҳолмуҳаммедов («Қўқон-1912»),
Фаррух Сайфиев («Пахтакор»).
Яримҳимоячилар – Отабек Шукуров («Шаржа», БАА), Лутфулла Тўраев («Бунёдкор»), Аброр Исмоилов («Пахтакор»), Азиз Турғунбоев («Навбаҳор»), Ҳожимат Эркинов («Пахтакор»), Икром Алибоев («Сеул», Жанубий Корея), Акмал Мозговой («Насаф»), Санжар Қодирқулов («Бунёдкор»), Жалолиддин Машарипов («Пахтакор»), Одил Ҳамробеков («Пахтакор»), Сардор Собирхўжаев («Пахтакор»), Достон Ҳамдамов («Пахтакор»), Азиз Ғаниев («Шабоб Ал Аҳли», БАА).
Ҳужумчилар – Элдор Шомуродов («Ростов», Россия), Шаҳзод Убайдуллаев («Металлург»), Жасур Яхшибоев («Шахтёр Солигорск», Беларусь), Игорь Сергеев («Пахтакор»).

Форслар таркиби қандай кўриниш олган?

Эрон миллий жамоасининг хорватиялик бош мураббийи Драган Скошич ҳам Ўзбекистонга қарши баҳсда деярли барча легионерларни таклиф этган. Фақатгина Англия Премьер-лигасининг «Брайтон» клуби ҳужумчиси Алиризо Жаҳонбахш бу сафарги йиғинга кела олмаган.

Эрон миллий жамоасининг таркиби:
Дарвозабонлар:
 Рашид Мазаҳери («Истиқлол»), Амир Обидзода («Маритиму», Португалия), Пайом Ниёзманд («Сепахон»),
Ҳимоячилар: Мажид Ҳуссайни («Трабзонспор», Туркия), Ҳуссейн Кананизодагон («Персеполис»), Шожа Халилзода («Персеполис»), Ориф Ғуломи («Истиқлол»), Содиқ Муҳаррами («Динамо Загреб», Хорватия), Милод Муҳаммади («Гент»), Мужтаба Нажариён («Фулад»), Сиёмак Неъмати («Персеполис»).
Яримҳимоячилар: Ҳожи Саиф («Тракторсози»), Али Карими («Истиқлол»), Аҳмад Нуруллоҳи («Персеполис»), Умид Нурафкон («Сепахон»), Али Гулизода («Шарлуреа», Бельгия), Саман Ғоддос («Брентфорд», Англия), Меҳди Ғоеди («Истиқлол»), Воҳид Амири («Персеполис»), Меҳди Тораби (эркин агент).
Ҳужумчилар: Сардор Озмун («Зенит», Россия), Меҳди Тореми («Порту», Португалия), Кавеҳ Ризои («Шарлеруа», Бельгия).

Халқаро ўртоқлик учрашуви.

8 октябрь (пайшанба)

Ўзбекистон – Эрон
Бош ҳакам:
 Жасур Мухторов (Эрон)
Стадион: «Пахтакор», Тошкент.
Ўйин бошланиш вақти: 18:00.
ТВ-трансляция: «Спорт»

 Усмон Ибодов тайёрлади.

Усмон Ибодов
Тайёрлаган Усмон Ибодов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид