Ўзбекистон | 20:45 / 08.10.2020
5747
3 дақиқада ўқилади

«Қониқарсиз» деб топилган Ховос тумани тўртлиги ҳам узр сўраб, ваъда берди

7 октябрь куни Халқ депутатлари Сирдарё вилояти Ховос тумани кенгашининг 14-сессиясида туман ҳокими Учқун Камолов Сенат аъзолари, сиёсий партиялар, маҳалла фаоллари, депутатлар, ОАВ вакиллари ва журналистлар олдида туманнинг «қониқарсиз» аҳволга тушиб қолгани юзасидан ҳисобот берди.

Ҳокимнинг сўзларига кўра, Ховос тумани ҳудудий саноат маҳсулотлари ишлаб чиқариш ва аҳоли жон бошига (1,04 млн сўм) тўғри келадиган маҳсулотлар ҳажми бўйича вилоятда 10-ўринга, хизмат кўрсатиш соҳасида 10-ўринга, чакана товар айланмаси ҳажми бўйича 11-ўринга, экспортбоп маҳсулотларни ишлаб чиқариш ва ҳудудий экспорт ҳажми бўйича 8-ўринга тушиб кетган.

Аҳоли бандлик даражаси 90,48 фоиз билан 8-ўринни қайд этган. Ишсизлик даражасини камайтириш бўйича кўрсаткичларни яхшилаш мақсадида 770 янги иш ўрнини яратиш ва 2020 йил бошидаги 13,3 фоиздан 9 фоизга камайтириш бўйича дастур қабул қилинган.

Хотин-қизлар бандлиги туманда 85,7 фоизни (вилоятда 8-ўринни) ташкил этади. 2020/2021 йилларда 2843 нафарининг бандлигини таъминлаш чоралари кўрилади.

Вақтинча ишлаш учун хорижга кетган 6449 нафар иқтисодий фаол аҳолининг 60 фоизини йил якунига қадар туманга қайтариш ва уларни иш билан таъминлаш чоралари кўрилади. Меҳнат бозорида 1 бўш иш ўрнига 7 нафар ишсиз тўғри келади.

Туманнинг шифокорлар билан таъминланганлик даражаси ҳар 10 минг кишига 9,2 кишига (вилоятда 9-ўринга) тўғри келади. Касалхона койкалари ҳар 10 минг кишига 17 дона (вилоятида 10-ўринга) тўғри келади. Ушбу муаммоларни бартараф этиш мақсадида туман ҳокимлиги ва соғлиқни сақлаш бўлими томонидан тиббиёт академияси битирувчилари билан шартнома имзолаб, уларни қулай иш ўринларига жойлаштириш кўзда тутилган.

Шунингдек, аҳолини ичимлик суви билан таъминлаш даражаси жами аҳолининг 69,8 фоизига тўғри келиб, вилоятда 9-ўринга тўғри келган. 2020 йилнинг охирига қадар давлат инвестиция дастури доирасида Ховос тумани марказий сув таъминоти тизимининг 25,1 км қисми қурилиш ишларини ўз муддатида тугатиш белгиланган.

Солиқ тўловларини ўз вақтида ундирилишини таъминлаш бўйича туман 9-ўринни қайд этган.

Президентнинг виртуал ва халқ қабулхоналари орқали давлат ҳокимияти органларига келиб тушган мурожаатларни ўз вақтида бажариш кўрсаткичи бўйича 11-ўринда қайд этилган. Бунга сабаб, мурожаатларни қайд этиш даврида масъул шахслар томонидан тушунчага эга бўлмаслик оқибатида туман қуйи ўринларни эгаллаган. Такрорий мурожаатлар сони 109 тани ташкил этган. Келиб тушган мурожаатларнинг 86 фоизи қаноатлантирилган.

Сессияда туман ҳокими ва сектор раҳбарлари туманнинг «қониқарсиз» ҳудудга киргани учун депутатлар, ОАВ вакиллари ва журналистлар олдида кечирим сўраб, туманни «яхши» ҳудудга ўтказиш учун ваъда берди.

Шуҳрат Шокиржонов
Тайёрлаган Шуҳрат Шокиржонов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид