Иккита ХБАнинг 2500дан ортиқ жабрланувчисига пулларини қайтариш бошланди
10 октябрь куни Жиноят ишлари бўйича Тошкент шаҳар судида «Korean and migrations», «Profelite IMP» ва «International experience» хусусий бандлик агентликлари масъулларига нисбатан чиқарилган суд қарорлари юзасидан матбуот анжумани ўтказилди.
Тадбирда ЖИБ Тошкент шаҳар суди, Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги ва Мажбурий ижро бюроси вакиллари мазкур жиноят ишлари доирасидаги жабрланувчиларга етказилган моддий зарарни ундириш муддати ва тартиби бўйича тушунтириш бериб, саволларга жавоб қайтарди.
ЖИБ Тошкент шаҳар суди раисининг ўринбосари Акбарали Турабовнинг маълум қилишича, ЖИБ Яккасарой туман суди ҳукми билан «Korean аnd Migrations xususiy bandlik agentligi» МЧЖ мансабдор шахсларининг жиноий ҳаракатлари оқибатида 2 297 нафар фуқарога етказилган 19 млрд 616 млн сўм моддий зарарларни ундириш белгиланган. Ундирув ИИВ депозит рақамига топширилган жами 7 млрд 831 млн сўм пул маблағлари ва 573 млн сўмлик хатланган мол-мулкларга қаратилган. Ушбу ҳукм 7 октябрь куни қонуний кучга кирган ва 8 октябь куни ижрога қаратилган.
Шунингдек, «Profelite IMP xususiy bandlik agentligi» фуқароларни Жанубий Кореяга ишга юбориш алдови билан пул маблағларини ўзлаштиргани ҳолати юзасидан ушбу жамият аъзоларига нисбатан қўзғатилган жиноят иши Сергели туман суди томонидан кўриб чиқилиб, 14 сентябрь куни суд ҳукми чиқарилган. Суд томонидан 263 нафар жабрланувчига жами 10 млрд 512 млн сўм моддий зарар ундириш белгиланган. Тергов органи депозит ҳисоб рақамида турган 422 млн сўм ва Жонузоқовнинг турмуш ўртоғи томонидан тўланган 9 млн 400 минг сўм пул ва 90 млн сўмга баҳоланган бир дона автотранспорт воситаси ундирувни таъминлаш учун хатланган.
«Profelite IMP» иши бўйича суд ҳукми 24 сентябрь куни қонуний кучга кирган бўлиб, бу кунда ижрога қаратилган. Шу билан бирга, ушбу агентлик бўйича алоҳида жиноят иши юритувига олинган Жонузоқов номидаги 3 млрд 960 млн сўмга баҳоланган хонадон ҳамда депозит ҳисоб рақамига Жонузоқовнинг турмуш ўртоғи томонидан тўланган 9 млн 400 минг сўм пуллар ундирув учун олиб қўйилган. Аммо мазкур уй алоҳида жиноят ишига тааллуқлилиги сабабли ҳали ундирувга қаратилмаган.
Бундан ташқари, «International experience» ХБА директори О.Кимсанова ва менежери Ҳ.Кимсановаларга оид жиноят иши ҳам 2020 йил 5 октябрда кўриб тамомланган. Судда аниқланган ҳолатларга кўра, 68 нафар жабрланувчига жами 1 млрд 439 млн сўм моддий зарарни ундириш белгиланган ва депозит ҳисоб рақамидаги 449 млн сўм пул етказилган моддий зарарга қаратиш белгиланган.
МИБ Тошкент шаҳар бошқармаси инспектори Асомхўжа Мавлон айни дамда «Korean and migrations» ҳамда «Profelite IMP»га оид суд ҳукмлари ижрога қаратилгани туфайли ушбу ижро ҳаракатлари ҳақида қуйидагиларни маълум қилди:
«2020 йилнинг 29 сентябрь куни МИБ Тошкент шаҳар бошқармаси иш юритувига «Profelite IMP» мансабдор шахси М.Очиловга оид ижро иши келиб тушган ва ижро иши қўзғатилган. Мазкур ижро ҳужжати алоҳида назоратга олиниб, ҳозирда ижро ҳаракатлари амалга оширилмоқда. Ҳозирги босқичда тергов давомида хатланган 431 млн пул маблағларини жабрланувчиларга тарқатиш бўйича ишлар амалга оширилмоқда. Мазкур жабрланувчи фуқаролар ўзлари яшаб турган ҳудуддаги МИБ бўлимларига мурожаат қилиб, ўзларининг банк ҳисоб рақамлари тўғрисидаги маълумотларни тақдим қилишса, ундирилган 431 млн сўм пул маблағлари тарқатиб берилади.
Бундан ташқари, жорий йилнинг 9 октябрь куни «Korean and migrations» ХБА мансабдор шахсларига оид ижро ҳужжати келиб тушган. Мазкур ижро ҳужжати алоҳида назоратга олинган ва ҳозирда тергов давомида хатланган 7,5 млрд сўм пул маблағларини жабрланувчиларга тарқатиш бўйича ижро ҳаракатлари амалга оширилмоқда. Бу бўйича фуқароларга қулайлик яратиш мақсадида ишчи гуруҳлар ташкил этилган. Фуқаролар ўзлари яшаб турган ҳудуддаги МИБ бўлимларига мурожаат қилиб, ўзларининг банк ҳисоб рақамлари тўғрисидаги маълумотларни тақдим этишса, уларга пул маблағларини ўтказиб берамиз.
Ҳозирда «Profelite IMP» бўйича 42 нафар фуқарога пул маблағлари ўтказиб берилди. «Korean and migrations» бўйича пул тарқатиш 12 октябрь, душанбадан бошланади», – деди МИБ расмийси.
Матбуот анжуманида қатнашган жабрланувчилардан бири Жамшид Муродов журналистларга берган интервьюсида «Korean аnd Migrations» ХБАга 2019 йилнинг январь ойида дастлаб 202 минг сўм пул тўлаб аъзо бўлгани, кейинроқ Кореяга жўнатишлари учун 27 млн сўм бергани, уларга давлат томонидан берилган лицензияни кўриб ишонч билдиргани оқибатида шу кўйга тушганини айтиб ўтди.
У жабрланувчилар пулларини тўлиқ қайтариб олишларини хоҳлашларини, аммо матбуот анжуманида пуллари қисман қайтарилишини билдиришгани уни хафа қилганини қўшимча қилди.
- 21 сентябрда «Profelite IMP» ХБАдан жабрланган фуқаролар Тошкентда, бош вазир қабулига йиғилган эди. Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазири ўринбосари Баҳодир Умрзоқов улар билан учрашувда зарарнинг тергов ва судда ундирилмаган қисми вазирлик ҳузуридаги жамғарма ҳисобидан тўлаб берилишини айтганди.
- 28 сентябрда эса «Korean аnd migrations» ХБАдан жабрланганлар ҳам бош вазир билан учрашиш истагида Мустақиллик майдонида тўпланишган эди. Улар билан суҳбатлашган Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазири Нозим Ҳусанов тергов ва судда хатланган мол-мулк жабрланувчиларга пропорционал тарзда тақсимланишини айтганди. Вазир зарарнинг қолган қисми вазирлик ҳузуридаги жамғарма ҳисобидан тўлаб берилиши ёки тўланмаслиги хусусида маълумот бермаган.
- Бундан олдин, 17 февралда «Human» ХБАдан жабрланганлар ҳам Мустақиллик майдонида тўплангач, бош вазир Абдулла Арипов билан учрашганди. Шундан сўнг уларнинг пуллари Хорижда меҳнат фаолиятини амалга оширувчи фуқароларни қўллаб-қувватлаш ҳамда уларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш жамғармаси ҳисобидан тўлиқ тўлаб берилган.
- 5 октябрь куни Самарқандда «Amilee Bahora» ХБА раҳбарларига суд ҳукми ўқилди.
- Ўзбекистонда «International Job Organization», «Recruit Consulting Work», «Consort» ва яна бир нечта ХБАларга нисбатан ҳам жиноят ишлари очилган. 633 млн сўмни ўзлаштириб юборгани айтилган «Navoiy» хусусий бандлик агентлиги устидан жиноят иши очилган-очилмагани маълум эмас.
Мавзуга оид
21:44 / 30.06.2023
Ўзбекистоннинг Франкфурт-Майндаги Бош консулхонаси Мюнхэн вокзалида ётиб юрган ўзбекистонликлар иши бўйича баёнот берди
21:37 / 29.06.2023
Германияга ишлашга борган 300 ўзбекистонлик вокзалда ётгани акс этган видео тарқалди. Вазирлик ҳолат ўрганилаётганини билдирди
20:40 / 27.07.2021
“Юмшоқсупурги” жазолар билан фирибгарликни камайтириб бўлмайди
16:58 / 03.04.2021