Ўзбекистон | 10:15 / 11.10.2020
26271
2 дақиқада ўқилади

Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси раиси вафот этди

Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси раиси, журналист ва шоир Саъдулла Ҳакимов 69 ёшида вафот этди.

«Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси уюшма бошқаруви раиси, Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган маданият ходими, таниқли журналист ва шоир Саъдулла Ҳакимов вафот этганини чуқур қайғу билан маълум қилади», дейилади уюшма матбуот хизмати хабарида.

Марҳумнинг вафоти сабаби маълум қилинмаган.

Саъдулла Ҳакимов 1951 йил 25 мартда Жиззах вилоятининг Фориш туманида туғилган.

1977 йили Ўзбекистон Миллий университетининг журналистика факультетини тамомлаган. Меҳнат фаолиятини Ғаллаорол туманида ўқитувчиликдан бошлаган. «Ўзбекистонда социал таъминот» журнали масъул котиби, «Ўзбекистон адабиёти ва санъати» газетаси бўлим мудири, «Ўзбекистон овози» газетаси бўлим мудири, «Ўзбекистон адабиёти ва санъати» газетаси масъул котиби, «Маърифат» газетаси бош муҳаррири, Ўзбекистон Республикаси президенти девони ахборот маркази раҳбарининг ўринбосари, раҳбари, Ўзбекистон Республикаси президентининг Жамоатчилик билан алоқалар бўйича давлат маслаҳатчиси ўринбосари, Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги бош директорининг ўринбосари, «Туркистон-пресс» нодавлат ахборот агентлиги бош директори, «Ўзбекистон адабиёти ва санъати» газетаси бош муҳаррири лавозимларида ишлаган.

Саъдулла Ҳакимов ватан ва юрт олдидаги хизматлари учун «Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган маданият ходими» фахрий унвони (2002 йил), «Меҳнат шуҳрати» ордени (2019 йил) билан тақдирланган.

У 2016 йилнинг 29 декабридан Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси раиси лавозимида ишлаб келаётганди.

Мавзуга оид