Жамият | 11:59 / 15.10.2020
10484
9 дақиқада ўқилади

Ҳукумат қарори ташқи реклама ривожига тўсиқ бўлмоқда(ми)?

«Эббинг, Миссури чегарасидаги уч билборд» фильмида умидсизликка тушган қаҳрамон аёл қизининг ўлими юзасидан тергов ишлари олиб борилмаётгани учун маҳаллий полиция эътиборини тортиш мақсадида 3та билбордни ижарага олади. 

Ўзбекистон ташқи реклама операторлари ҳамда ташқи реклама конструкциялари эгалари айнан ушбу фильмдаги каби эътибордан четда қолаётган муаммолар юзасидан ОАВга мурожаат йўллаган. Anhor.uz нашри ушбу масалага эътибор қаратди.

Бугунги кунда реклама конструкциялари эгалари маблағларини инвестиция қилиш ўрнига захира сифатида ушлаб туришга мажбур бўлишмоқда. Бундан ташқари, улар реклама берувчилар билан узоқ муддатли шартнома туза олишмайди, чунки дуч келган вақтда конструкциялари бузиб ташланиши мумкин.

«Humo media» реклама агентлиги директори Савелий Соколовнинг таъкидлашича, ҳукумат реклама бизнеси «ислоҳоти» билан 2018 йилда шуғулланган. Ўшанда Вазирлар Маҳкамасининг «Ташқи рекламани жойлаштириш соҳасидаги фаолиятни янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори қабул қилинган.

«Ушбу қарор камчиликлар билан бўлса-да ишлаб келаётган «Тошкентрекламасервис» давлат унитар корхонаси йўқ бўлишига сабаб бўлди. Бир жойнинг ўзида шартнома имзоланиб, реклама паспорти расмийлаштирилар ва ўша ернинг ўзида олинарди. Барчаси қайсидир маънода шаффоф амалга ошириларди. Лекин мазкур қарор кучга киргач, рекламалар жойлаштириш бўйича шартномалар имзолаш тўхтаб қолди. Давлат ғазнасига бу соҳадан даромад келмай қўйди», дейди у.

Соколовнинг сўзларига кўра, регламент ишлаб чиқилмагани сабабли 10 ой давомида давлат бюджетига ҳеч қандай маблағ келиб тушмаган. Тадбиркорлар шартнома имзолаш учун туман ҳокимликларига қатнашига тўғри келган.

«Қарор реклама бозорини йўқ қилмаслигини истардик»
2020 йил 20 февраль куни Вазирлар Маҳкамасининг «Ташқи реклама бозорини тартибга солиш тўғрисида»ги қарори қабул қилинди. Савелий Соколов мазкур қарор қабул қилинганидан сўнг реклама конструкциялари эгаларида қатор муаммолар юзага келди деб ҳисоблайди.

«Ушбу қарор реклама бозорини йўқ қилмаслигини, унга адолатли ўзгартиришлар киритилишини, айнан ушбу қонун мувофиқлаштирувчи бўлиб хизмат қилишини, биз ҳокимиятма-ҳокимият югуриб юришимизнинг олдини олишини ва бир жойда ишимиз битишини, шаффофлик бўлишини ҳамда конструкциялар ёппасига бузиб ташланмаслигини истаймиз. Бугунги кунда Тошкентдаги 85 фоиз конструкциялар қарор талабларига жавоб бермайди. Нафақат билбордлар, балки томлардаги конструкциялар ҳам талабга жавоб бермайди», дейди Соколов.

Реклама агентлиги раҳбарининг сўзларига кўра, қабул қилинган ҳужжатлар реалликка умуман тўғри келмайди.

«Мен буни Ўзбекистондаги кўплаб рекламачи шахслар номидан айтмоқдаман. Биз бу соҳа мувофиқлаштирилишига, тартибга солинишига, конструкциялар қисқартирилишига қарши эмасмиз. Баъзида бир чорраҳада ўнлаб реклама конструкциялари турганидан ўзимнинг ҳам жаҳлим чиқади. Янги қарорга кўра, чорраҳада 4та конструкция бўлиши лозим. Яхши, унда чорраҳада кимнинг рекламаси туриши керак?» дейди у.

Соколовнинг фикрича, реклама бозоридаги ҳар қандай шахс эмас, балки реклама конструкциясига паспорти бор шахслар ўртасида аукцион ўтказилиши адолатли бўлади.

«Агарда реклама жойини ютиб олишни мақсад қилган бирор иштирокчи келса, бу ҳужжатларда коррупцион манфаатларни кўриш мумкин».

Янги қарорга келадиган бўлсак, у реклама бизнеси елкасида турган юк оғирлашишига сабаб бўлмоқда.

«Бугунги кунда 6х3 метрли, биринчи зонадаги конструкция учун 4 млн сўм тўлашимизга ҳамда ягона дарча томонидан берилган ҳар бир паспорт учун 3 базавий миқдорда тўлов тўлашимизга тўғри келмоқда».

Шу билан бирга, эндиликда йўл бўйидаги реклама конструкцияларига нисбатан янги қоида қўлланмоқда: улар йўлга чиқиб кетмаслиги керак.

«Бизга буни тўғрилаш учун ярим йил вақт беришди, аммо камида уч ой карантинда ўтирдик. Ярим йил ичида Тошкентдаги 7120та  ташқи реклама конструкциясининг жойини ўзгартириш керак. Қандай қилиб? Ҳеч ким айтгани йўқ. Сўнгра биринчи даражали, иккинчи даражали кўчалар бўйича ҳужжат пайдо бўлди ва бизга 31 декабргача муҳлат қўйишмоқда. Ҳар бир туман қайси кўча марказий эканлигини ўзича ҳал қилди. Сергели ва Бектемир туманлари барча кўчаларни ушбу рўйхатга киритиш билан алоҳида ажралиб турди. Энди у ерларда LED-экранлар бўлиши керак экан. Бу эса статик билбордлар энди керак эмас дегани».

Тадбиркорнинг фикрига кўра, одамлар визуал шовқинлардан норози бўлишмоқда, LED-экранлар пайдо бўлиши билан эса бу шовқин янада кучайган.

«Қарорга кўра, конструкцияда ёритиш чироғи бўлиши керак. Монополияга қарши курашиш қўмитаси Тошкент вилояти бўлимидан қўнғироқ қилиб қишлоқ йўлидаги конструкцияга чироқ ўрнатиш кераклигини айтишганида, уларга тушунтираман: «Биринчидан, электр энергиясини ҳеч қаердан олишнинг имкони йўқ. Иккинчидан, агарда чироқ ўрнатадиган бўлсам, маҳаллий аҳоли конструкциямни парчалаб ташлайди. Чунки уларнинг ўзларида электр энергияси йўқ». Улар эса, бу менинг муаммоим эканлигини ва ўз ҳисобимдан конструкциядан икки баравар қиммат бўлган қуёш панелларини қўйишим кераклигини айтишмоқда.

«Бизга ҳеч қандай имтиёз беришмаган»
Савелий Соколовнинг айтишича, реклама агентликларига ҳеч қандай имтиёзлар берилмаган ва бундан ташқари, карантин давомида реклама йиғими миқдори ошириб юборилган.

«Апрель-май ойларида умуман иш бўлмади. Ҳаракатланишга нисбатан чекловлар сабабли монтажчиларимиз апрель ойида ҳатто иш жойига ҳам кела олмади. Биздан эса реклама йиғимини барча ойлар учун талаб қилишмоқда. Илгари 20та конструкция учун ойига 1,3 млн сўм тўлаган бўлсам, сентябрдан бошлаб ушбу сумма 5 млн сўмдан ортиқни ташкил  қилади.

Савелий Соколовнинг таъкидлашича, у бундан ташқари ягона солиқ тўловини ҳам тўлайди.

«Монтажчилар ва пайвандчилар ойлик олишади. Ҳукумат гўёки давлат бюджетига пул тушишини тўхтатиш учун ушбу ишларни амалга ошираётганга ўхшаётгандек тасаввур пайдо бўлмоқда. Ҳеч ким LED-экранларни оммавий равишда ўрнатишни бошламади. Чунки эртага конструкцияси бузиб ташланмаслигига ҳеч ким кафолат беролмайди.

Тошкентдаги Жарқўрғон кўчасида «снос» қилинган конструкция, 6 октябрь

«Ташқи реклама бозорини тартибга солиш тўғрисида»ги қарорга мувофиқ, тадбиркорларга тегишли ҳужжатлар асосида конструкцияларни тартибга солиш бўйича хулоса берилиши керак бўлган. Лекин Савелий Соколовнинг сўзларига кўра, Бектемир тумани ҳокимлиги хулосани жўнатмаган ва тадбиркорларни судга берган. 30 нафар жавобгар сифатида судда қатнашганлар орасида «Humo media» агентлиги директори ҳам бор. Биринчи тинглов 6 октябрь куни бўлиб ўтган, кейингиси эса 16 октябрь кунига белгиланган.

Реклама конструкцияларини ҳужжатдагидек мослаштириш учун қўшимча маблағ керак бўлади: масалан, конструкцияни кўчириш нархи 2,4 млн сўмдан бошланади.

«Биз ҳозир соҳага инвестиция жалб этолмаймиз, чунки икки йил бир жойда тўхтаб қолдик. Битта реклама конструкцияси учун 15 минг доллар ёки ундан кўпроқ сармоя сарфлаймиз. Конструкция исталган вақтда маҳаллий ҳокимнинг оғзаки буйруғи билан бузиб ташланиши мумкин».

Вазирлар Маҳкамасининг «Ташқи рекламани жойлаштириш соҳасидаги фаолиятни янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорига мувофиқ, бугунги кунда паспортларни аукцион орқали сотиш механизми ишга туширилиши керак эди. Лекин у ҳалигача ишламайди.

«Икки йилдирки, бари ҳавода қолиб кетяпти. Аввалги паспортларга қайтадан тўлов қилишимизни сўрашмоқда. Илгарилари бунинг учун пул тўламаганмиз. Ариза, фотография, схема бердик. Шаҳар бош архитекторидан, ЙХҲБдан рухсатнома олдик. Энди эса ишлашда давом этишимиз учун қайтадан тўлов қилишимиз кераклигини айтишмоқда. Бу шунчаки қонуний рэкет демакдир», дейди Соколов.

«Реклама тўғрисида»ги қонуннинг 20-моддасига асосан кўча рекламаларини маҳаллий ҳокимият органлари ўз ваколатларидан келиб чиққан ҳолда назорат қилади. Бу билан Вазирлар Маҳкамасининг иккита қарори қонунга зид келмоқда.

«Биз қонун ости ҳужжатларисиз тўғридан тўғри амал қиладиган қонун бўлишини ва ҳокимлар ўзбошимчалик билан қарор қабул қилмаслигини истаймиз», дея сўзини якунлаган Савелий Соколов Anhor.uz нашри мухбири билан бўлган суҳбатда.

  • Маълумот ўрнида айтиш жоизки, «Ташқи реклама бозорини тартибга солиш тўғрисида»ги 2020 йил 20 февралдаги 104-сонли қарорга кўра, ташқи реклама объектлари соҳасидаги муносабатлар тубдан ислоҳ қилиниб, соҳага оид қатор қонун ҳужжатлари тасдиқланган. Ўрнатилган янги тартиб ва қоидалар эса соҳа вакилларининг эътирозларига сабаб бўлган.
  • Шу муносабат билан Kun.uz реклама конструкциялари эгалари ва ушбу соҳага масъул давлат ташкилотлари вакиллари ўртасида очиқ мунозара ташкил қилганди.

Мавзуга оид