Ўзбекистон | 11:13 / 21.10.2020
15831
4 дақиқада ўқилади

Сенатда янги қўмита тузилди. Унга Борий Алихонов раҳбарлик қилади

Парламент юқори палатасининг саккизинчи ялпи мажлиси кун тартибидан ўрин олган Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг Оролбўйи минтақасини ривожлантириш масалаларига оид фаолиятини янада такомиллаштириш тўғрисидаги масала кўриб чиқилди.

Фото: Сенат матбуот хизмати

«Маълумки, Орол денгизининг қуриши билан боғлиқ экологик ҳалокат оқибатлари нафақат Ўзбекистон ёки Марказий Осиё минтақаси, балки аллақачон, глобал миқёсдаги муаммога айланиб улгурган. Орол масаласига бўлган ёндашув аниқ натижаларга эришиш нуқтаи назаридан тубдан ўзгарди. Қолаверса, давлатимиз раҳбари икки маротаба БМТ бош минбаридан туриб дунё ҳамжамияти эътиборини мазкур масалага қаратди.

Оролбўйи минтақаси аҳолисининг турмуш шароитлари ва сифатини яхшилашга йўналтирилган 2017–2021 йилларда Оролбўйи минтақасини ривожлантириш Давлат дастури тасдиқланди. БМТнинг Оролбўйи ҳудуди учун инсон хавфсизлиги бўйича кўп томонлама шериклик траст фонди тузилди. Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузурида Оролбўйи халқаро инновация маркази ташкил этилди. Ҳудудда 2 млн. гектар яшил майдон барпо этиш борасида улкан ишлар амалга оширилмоқда.

Давлатимиз раҳбари яқинда Жўқорғи Кенгес сессиясида Қорақалпоғистон Республикасини келгуси уч йилда ривожлантиришнинг 10 та устувор йўналишини белгилаб берди.

Таъкидлаш лозимки, Орол муаммосининг салбий таъсирини юмшатиш мазкур устувор йўналишларнинг бири этиб белгиланди.

Шунингдек, Президентимиз Оролбўйи минтақасини ривожлантириш масалаларига оид қатор ташаббусларни илгари сурди. Вазирлик ва идоралар зиммасига ҳудудни ривожлантиришга доир аниқ вазифалар юкланди. Бу борада парламент назоратини кучайтириш масаласига ҳам алоҳида урғу берилди.

Яъни Оролбўйи ҳудудини ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш бўйича белгиланган вазифалар (дастурлар) ижросини жойига чиққан ҳолда ўрганиш, мутасадди вазирлик ва идораларнинг ҳисоботларини бевосита ҳудуднинг ўзида эшитиш амалиётини йўлга қўйиш лозимлиги таъкидланди», дейилади Сенат матбуот хизмати хабарида.

Мажлисда сенаторлар мазкур ташаббусларга ҳамоҳанг равишда ҳамда Оролбўйи минтақасини ривожлантиришда парламент иштироки ва назоратини кучайтириш мақсадида Сенатда Оролбўйи минтақасини ривожлантириш масалалари қўмитасини ташкил этиш, ушбу Қўмитанинг Низомини тасдиқлаш тўғрисида қарор қабул қилди.

Қўмита раиси лавозимига сенатор Борий Ботирович Алихоновнинг номзоди таклиф этилди.

Б. Алихонов кўп йиллар Табиатни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси, Ўзбекистон Экологик ҳаракати, кейинчалик Экологик партия етакчиси ва парламент аъзоси сифатида самарали фаолият олиб борган. Орол фожиаси оқибатларини юмшатишга қаратилган миллий ва халқаро кўламдаги лойиҳалар, дастурларни амалга оширишда фаол иштирок этган. Айниқса, бу борадаги қонунчиликни мустаҳкамлашга катта ҳисса қўшган. 

Бундан ташқари, айни пайтда Суд-ҳуқуқ ва коррупцияга қарши курашиш қўмитаси раиси лавозимида ишлаб келаётган сенатор Ботир Жолдасович Матмуратовни Оролбўйи минтақасини ривожлантириш масалалари қўмитаси раисининг ўринбосари лавозимига ўтказиш таклиф этилди.

Ботир Жолдасович билимли, тажрибали юрист, катта ҳаёт мактабини ўтаган раҳбар сифатида мамлакатимизда суд-ҳуқуқ тизимини такомиллаштириш ва коррупцияга қарши курашиш борасида ўз салоҳиятини тўла намоён эта олди. Қолаверса, у Қорақалпоғистон Республикаси вакили ҳисобланади ва ушбу ҳудуднинг паст-у баландликларини, айниқса, Оролбўйи ҳудудидаги ҳақиқий ҳолатни яхши билади.

Мажлисда Борий Ботирович Алихоновни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг Оролбўйи минтақасини ривожлантириш масалалари қўмитаси раиси этиб, Ботир Жолдасович Матмуратовни эса Қўмита раиси ўринбосари этиб сайлаш, шунингдек, Қўмита таркибини сайлаш тўғрисида қарор қабул қилинди.

  • Аввалроқ, президентнинг 20 октябрдаги фармони билан Борий Алихонов Олий Мажлиси Сенати аъзоси этиб тайинланган эди. 
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид