Жаҳон | 17:10 / 23.10.2020
26260
5 дақиқада ўқилади

Трамп ва Байденнинг якуний баҳси қандай ўтди? 

АҚШда Дональд Трамп ва унинг президентлик сайловидаги рақиби Жо Байден ўртасида сўнгги дебат бўлиб ўтди. CNN сўровига кўра, томошабинлар устунликни амалдаги президентнинг рақибига беришган. 

Фото: Jim Bourg / Reuters / Scanpix / LETA

Коронавирус
АҚШдаги коронавирус билан боғлиқ вазият дебатнинг биринчи мавзуси бўлди. Рақиблар бу борада турлича қарашларга эга эканлигини бошиданоқ кўрсатишди: Трамп саҳнага ниқобсиз, Байден эса ниқобда чиқди, тўғри, кейин ниқобни ечиб ташлади. У Трампни инқирозни ривожлантиришда айблади. Байденнинг таъкидлашича, агарда чекловларни, масалан, ниқоб тақиш режимини дарҳол жорий этганида, 100 минг кишининг ҳаёти қутқариб қолинган бўларди – бу АҚШда коронавирус қурбони бўлганларнинг қарийб ярми.

Трамп бутун масъулиятни зиммасига олишини, аммо иқтисодиётни тўлиқ локдаунга жўнатиш мумкин эмаслигини айтди. «Биз шу билан яшашни ўрганамиз, бошқа иложимиз йўқ. Биз Жо каби ертўлага қамалиб ололмаймиз», — деди у. Президентнинг таъкидлашича, Вашингтон миллионлаб америкаликлар ўлиб кетишининг олдини олишга эришди. Вирусга қарши вакцина устида иш олиб борилмоқда, у тез орада тайёр бўлади. Трамп Байден касалликка қарши курашда ҳеч нарса қилмаганини ва қатъий карантиндан жабр кўриши мумкин бўлган иқтисодиёт тўғрисида ўйламаганини айтди. 

Байден вакцинанинг тез вақт ичида тайёр бўлишига шубҳа билдирди: «Бу сизларга ҳаммаси Пасха байрамигача тугашини айтган ўша йигит. Унда аниқ режа йўқ».

Россия билан муносабатлар
«Москва қўли» ва сайловларга аралашув дебатнинг кескин мавзуларидан бири бўлди. Сиёсатчилар бир-бирларини Кремль томонидан қўллаб-қувватланишда айблашди. Трамп рақибидан фарқли ўлароқ, «Россиядан ҳеч қачон ҳеч қандай пул олмаганини» айтди. «Жо Россиядан 3,5 млн доллар олган, пуллар Путин орқали келган, чунки у Москванинг собиқ мэри, мэрнинг хотини билан яхши муносабатда бўлган», — деди у. Байден унга жавобан хорижий давлатлардан «бир пенни ҳам» олмаганини айтди.

Трамп Қрим айнан Байденнинг вице-президентлиги даврида Россияники бўлганини таъкидлади. У бундан ташқари, Россияга қарши фаол санкциялар киритганини ва НАТОни молиялаштириш ошишига эришганини айтди. 

Байден Трампни Россия раҳбарияти билан АҚШ сайловларига аралашмасликни муҳокама қилмаганликда айблади. Унинг сўзларига кўра, ҳозирги сайловларга «Россия, қанчадир даражада Хитой ва мана энди Эрон ҳам аралашгани» маълум бўлди.  

Фото: Jim Bourg/Pool / Reuters

Хитой, Эрон ва КХДР
Байден Трамп КХДРга нисбатан ҳам бўшанглик қилгани, Пхеньян АҚШни маҳв этадиган ракеталар сонини кўпайтиришига қарамасдан, Ким Чен Инни дўсти деб атаганини таъкидлади. Президент бунга жавобан, КХДР билан урушнинг олдини олишга эришгани, «бошқа мамлакатлар раҳбарлари билан яхши муносабатлар ўрнатиш яхши нарса» эканлигини айтди. Байден эса АҚШ Адольф Гитлер билан ҳам у Иккинчи жаҳон урушини бошлашидан олдин яхши муносабатда бўлганлигини айтиб жавоб қайтарди. 

Байден АҚШ президентининг Хитойдаги бизнеси ва ҳисобрақами тўғрисида ҳам эслатиб ўтди (бу ҳақда The New York Times ёзганди). У Трамп АҚШ ғазнасидан кўра Хитой бюджетига кўпроқ солиқ тўлаганини айтди. 

Энергетика
Номзодлар энергетика масаласида ҳам турлича қарашларга эга эканликларини кўрсатишди. Байден АҚШни қайта тикланадиган энергия манбаларига ўтказишга ва нефть саноатига субсидиялар ажратишни тўхтатишга ваъда берди. Трамп бунга жавобан, рақибини нефть соҳасини йўқ қилишга тайёрланаётганликда айблади ва баҳорги инқироз даврида ОПЕК+ келишувини қўллаб-қувватлаб, нефтчиларни қутқариб қолганлигини айтди.

Натижа
CNN телеканали сўровига кўра, дебатда амалдаги президентнинг рақиби ғалаба қозонди: номзодларнинг чиқишларини кузатган сайловчиларнинг 53 фоизи Байденни ғолиб деб топган. Трампни эса сайловчиларнинг 39 фоизи қўллаб-қувватлаган. Томошабинлар Байденнинг танқидлари ҳаққоний эканлигини қайд этишган (73 фоиз) ва Трампнинг унга нисбатан айбловлари борасида турлича фикр билдиришган (томошабинларнинг 50 фоизи айбловларни асосли, 49 фоизи асоссиз деб топган).

CNN телеканалининг қайд этишича, бу Трамп учун биринчи дебатдагига нисбатан анча ижобий натижа: ўшанда сўровда қатнашганларнинг атиги 28 фоизи Трампни ғолиб деб топганди.

Мавзуга оид