Жамият | 13:40 / 28.10.2020
3182
3 дақиқада ўқилади

Жорий йилда 500 мингдан ортиқ ишсизлар жамоат ишларига жалб қилинди - вазирлик

Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги бошқарма бошлиғи Темур Маҳмудов расмий ишсизлар сони ва тўлаб берилган ишсизлик нафақаси ҳақидаги саволга жавоб берди.

«Ўзбекистонда ишсизлик даражасини аниқлаш Вазирлар Маҳкамасининг 1011-сонли қарори билан тартибга солинади. Бу ҳар чоракда, яъни бир йилда тўрт марта туманлар, қишлоқлар, шаҳарлар, хонадонлар танланма асосида ўрганилиб, Халқаро меҳнат ташкилоти тан олган методика асосида ишсизлик даражаси ҳисобланади.

2020 йилнинг иккинчи чорагида, айнан пандемия кўтарилган даврда июль ойининг бошида эълон қилдик: Ўзбекистонда ишсизлик даражаси 13,2 фоиз, бу салкам 2 миллионга яқин кишини ташкил этади. Биринчи чоракда ишсизлик даражаси 9,3 фоиз, 1 миллион 300 минг атрофида эди. Пандемия албатта таъсир қилди, ишсизлик даражаси кўтарилди.

Ҳаммамиз биламизки, эрта баҳор ойларида Ўзбекистон фуқаролари чет элга, Россия ва Қозоғистондаги иш жойларига кетади. Пандемия сабабли йўллар ёпилди. Беш юз мингдан ортиқ фуқароларимиз чет элдаги иш жойларига боролмай қолди. Бундан ташқари, пандемия даврида аксарият ташкилотлар ўз фаолиятини тўхтатди. Иш жойлари ёпилгани ҳисобига ишсизлик даражаси 13,2 фоизга кўтарилди», дея Темур Маҳмудовнинг сўзларини келтиради Kun.uz мухбири.

У ишсизлик нафақаси ҳақида ҳам маълумотлар берди.

«Ишсизлик нафақаси ишсиз фуқароларнинг меҳнат органларига мурожаат қилиши ва уларнинг ишсиз деб тан олиниши ҳисобида юритилади. Ишсизлик даражаси билан ишсизлик нафақасини солиштириб бўлмайди. Ишсизлик бу – ҳодиса.

9 ой давомида Ўзбекистонда 60 минг нафарга яқин фуқаролар ишсиз деб эътироф этилган ва уларга ишсизлик нафақаси тайинланган.

Шу билан бир қаторда, жамоат ишларини ҳам айтиб ўтиш керак. Иш сўраб мурожаат қилган фуқароларни ижтимоий йўналтирилган меҳнатга жалб қилиш учун ҳам фонд маблағларидан самарали фойдаланамиз. Сабаби ишсизлик нафақаси берсак ҳам бўлади, уларни ўзига маъқул соҳада ҳақ тўланадиган жамоат ишларига жалб қилсак ҳам бўлади.

Бу йил асосий урғуни кўпроқ жамоат ишларига жалб қилишга бердик. Беш юз мингдан ортиқ ишсиз фуқароларни жамоат ишларига жалб қилдик ва уларга 450 миллиард сўмга яқин маблағ тўлаб бердик», деди Темур Маҳмудов АОКАда «Аҳоли бандлиги тўғрисида»ги қонуннинг аҳамияти ва соҳага оид энг долзарб масалалар юзасидан ўтказилган матбуот анжуманида.

Мавзуга оид