Жамият | 14:03 / 28.10.2020
10744
1 дақиқада ўқилади

Тошкентда қидирувда бўлган «LAND ROVER» топилди ва аукционда сотилди

Фуқаролик ишлари бўйича Мирзо Улуғбек туманлараро судининг 2020 йил 29 июндаги ижро варақасига асосан ундирувчи АТБ «Ўзсаноатқурилишбанк» фойдасига қарздорлар корхона ҳамда қўшимча жавобгар М.Н.дан 852 560 280 сўм ундириш ва ундирувни қўшимча жавобгар М.Н.га тегишли бўлган «LAND ROVER» русумли автотранспорт воситасига қаратиш тўғрисидаги ижро ҳужжати бўлим иш юритувига келиб тушганди.

«Қарздор томонидан ижро ҳужжати талаби ўз вақтида бажарилмагани сабабли давлат ижрочиси томонидан 2020 йил 10 августда гаровда бўлган «LAND ROVER» русумли автотранспорт воситасига қидирув эълон қилинган.

20 августда М.Н.га тегишли бўлган «LAND ROVER» русумли автотранспорт воситаси давлат ижрочиси томонидан қидирув натижасида топилган ва хатланиб банд солинган.

Шундан сўнг, 26 августда гаров мулки бўлган автотранспорт воситасини аукцион савдосига чиқариш тўғрисида қарор қабул қилиниб, гаров мулки бўлган автотранспорт воситаси аукцион савдоларида 241 500 000 сўмга сотилган.

Бўлим депозитига туширилган пул маблағи ундирувчи АТБ «Ўзсаноатқурилишбанк»нинг ҳисоб рақамига ўтказиб берилган. Ҳозирда қолган кредит қарзи бўйича мажбурий ижро ҳаракатлари олиб борилмоқда», дейилади МИБ матбуот хизмати Kun.uz сайтига тақдим этган маълумотда.

Мавзуга оид