Фан-техника | 01:17 / 30.10.2020
30629
2 дақиқада ўқилади

Хитойда эски бино янги жойга антиқа усулда кўчирилди (видео)

Шанҳайда муҳандислар тарихий аҳамиятга эга эски бинони янги жойга кўчиришнинг антиқа усулини ўйлаб топишди.

South China Morning Post нашрининг хабар беришича, бино 1935 йилда қурилган ва узоқ йиллар давомида унда мактаб жойлашган бўлган.

Яқинда маҳаллий ҳокимият бино жойлашган ерни янги савдо маркази қуриш учун беришга қарор қилди. Аммо бино кўр-кўрона бузиб ташланмай, тарихий аҳамиятга эгалиги сабабли уни янги жойга кўчириб ўтказишга қарор қилинди.

Бу мақсадда муҳандислар роботлаштирилган “оёқлар” - 198 та гидравлик таянч ишлаб чиқишди ва улар ёрдамида бинони янги жойга кўчириб ўтказишди. Ишчилар уйни кўтариб, унинг остига гидравлик таянчларни маҳкамлаб чиқишди ва уй ўзи янги ерга қараб “қадам олди”.

Шунингдек, гидравлик таянчлар эвазига кўп қаватли бинони 20 даража бурчакка буришга муваффақ бўлинди.  

Бино янги жойда “қўним топди” ва унда маданий марказ очиш режалаштирилмоқда.

Биноларни бир ердан бошқа ерга кўчириб ўтказиш дунёда кенг қўлланади ва бунинг учун одатда махсус платформалар, рельслардан фойдаланилади. Аммо бу усуллар юқоридаги вазиятда бино мураккаб шаклга эга бўлгани сабабли тўғри келмаган.

Мавзуга оид