Ўзбекистон | 13:34 / 31.10.2020
12269
1 дақиқада ўқилади

Пашинян Путиндан Арманистонни ҳимоя қилишни сўради

Арманистон Бош вазири Никол Пашинян шанба куни Россия президенти Владимир Путинга Тоғли Қорабоғдаги вазият ҳақида батафсил маълумот берилган хат ёзди. Шунингдек, у икки давлат ўртасидаги иттифоқчилик шартномасини ҳисобга олган ҳолда Арманистон хавфсизлигини таъминлаш учун Россия қандай ёрдам бериши мумкинлигини сўраган.

Фото: Айк Багдасарян/ТАСС

Бу ҳақда Арманистон Ташқи ишлар вазирлиги матбуот хизмати хабар берди.

«Жанговар ҳаракатларнинг чегарага яқинлашиб келаётгани ва аллақачон Арманистон Республикаси ҳудудига тажовузларнинг бошланганини ҳисобга олиб, қўллаб-қувватлаш даражаси ва шаклини аниқлаш учун дарҳол маслаҳатлашувларни бошлашни илтимос қилиб Бош вазир Россия президентига мурожаат қилди», – дейилади хабарда. 

Маълум қилинишича, ушбу ёрдам берилишига ҳуқуқий асос сифатида 1997 йилнинг 29 август куни имзоланган «Дўстлик, ҳамкорлик ва икки томонлама ёрдам» тўғрисидаги келишувнинг 2-банди ҳамда иттифоқчилик муносабати келтирилган.

Шунингдек, Пашинян хатда Тоғли Қорабоғдаги жанговар ҳаракатларда қатнашиш учун Яқин Шарқдан қуролланган хорижий террорчилар «ташланаётган»ини қўшимча қилган.

Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид