Спорт | 17:17 / 02.11.2020
21384
7 дақиқада ўқилади

Манжукичдан Кагавагача. Ишсиз қолган 10 футболчи

Европа ва бошқа қитъаларда трансфер ойнаси якунига етгач, жаҳоннинг бир қатор номдор футболчилари клубсиз қолиб кетишди. Қуйида ишсиз қолиб, бутсасини қозиққа илишга яқин келган футболчилар ўнлигини келтирамиз.

Марио Манжукич, 34 ёш
Сўнгги клуби:
«Дуҳайл» (Қатар)

Қатарда ярим йил ҳам тўп сурмаган хорватиялик ҳужумчини Москванинг «Локомотив» клуби ўз сафига қўшиб олиш учун ҳаракат қилди. Бироқ сўнгги паллада трансфер амалга ошмай қолди. Бунга футболчи ва клуб ўртасида молиявий масалаларда бир тўхтамга келинмагани сабаб бўлди. Шундан сўнг Манжукичнинг «Бешиктош» клубига ўтиши мумкинлиги борасида ҳам хабарлар тарқалди, аммо туркияликлар тажрибали футболчига икки йилга 10 миллион евро маош тўлашга рози бўлишмади.

34 ёшли Марио эркин агент сифатида Англия Премьер-лигасида фаолият бошлаши мумкин эди, аммо у «Вест Ҳэм» ва «Астон Вилла»нинг молиявий камтарона таклифини рад этди. Охир-оқибат Манжукич ишсиз қолди.

Даниэль Старриж, 31 ёш
Сўнгги клуби:
«Трабзонспор»

Юрген Клопп қўл остида «Ливерпуль»да ўйнаб кета олмаган Старриж ўтган мавсум ёзида «Трабзонспор»га ўтганди. Аммо март ойида футболчининг укаси ўз акасининг Туркия клубида фаолият бошлашига пул тиккани маълум бўлгач, Старриж 4 ойга футболдан четлатилиб, 150 минг фунтга жаримага тортилганди. Дисквалификация муддати якунлангач, турклар инглиз форварди билан хайрлашишга қарор қилишди. Натижада Старриж ҳеч бир клубга керак бўлмай қолди ва ҳозиргача ишсиз қолмоқда.

Эзекьель Гарай, 34 ёш
Сўнгги клуби:
«Валенсия»

Гарай матбуотда йиллик маоши 2,7 миллион евро бўлган янги шартномани имзолашдан бош тортгани борасидаги хабарларни ўқиб, «Валенсия»ни ёлғон маълумотлар тарқатишда айблаганди. Бунга жавобан «Валенсия» унга бир неча марта келишувни узайтиришни таклиф қилгани ва аргентиналик ҳимоячи таклифни рад этгани ҳақида маълум қилди. Охир-оқибат клуб ва футболчи ўртасидаги шартнома 30 июнь куни ниҳоясига етди ва Гарай эркин агентга айланди. Ёзда ҳимоячига «Интер» ва «Рома» қизиқаётгани ҳақида хабарлар тарқалган бўлса-да, якунда 34 ёшли футболчи жамоасиз қолиб кетди.

Жек Уилшер, 28 ёш
Сўнгги жамоаси:
«Вест Ҳэм»

Бир неча йил аввал «Арсенал» ва Англия футболининг асосий ёш юлдузи ҳисобланган Уилшер ушбу мавсумда «Вест Ҳэм» захира ўйинчисига айланиб қолди. Барча мусобақаларда фақатгина 10 учрашув ўтказган Жек захира футболчиси мақомига эга бўлишни истамади ва октябрь ойида лондонликлар билан шартномасини бекор қилишни маъқул топди. Натижаларидан кўра кетма-кет жароҳатлари билан кўпроқ ном чиқарган Уилшер таклиф кутиш билан овора.

Алешандре Пато, 31 ёш
Сўнгги клуби:
«Сан-Паулу»

Сўнгги бир ярим йилни ватанида, аниқроғи «Сан-Паулу» клубида ўтказган Бразилия миллий жамоаси ва «Милан» собиқ ҳужумчиси Пато «Либертадорес Кубогида ғолиб чиқиб, Европага қайтиш ниятидаман» деган бўлса-да, якунда Алешандре совринга эриша олмади, август ойида эса сан-паулуликлар билан шартнома узайтирилмади. Бироқ Европага қайтиш яна ортга сурилди. Октябрь ойида Патога Италиянинг «Женоа» клуби қизиқаётгани ҳақида хабарлар тарқалди, аммо Генуя клуби жароҳатга мойил бразилияликни эмас, ўзбекистонлик Элдор Шомуродовни ўз сафига қўшиб олди.

Антонио Валенсия, 35 ёш
Сўнгги клуби:
ЛДУ Кито

«Манчестер Юнайтед» захира ўриндиғида қолиб кетган эквадорлик футболчи клубни тарк этиб, ватанига йўл олди ва пойтахтнинг ЛДУ Кито клуби сафига келиб қўшилди. Валенсиянинг Эквадордаги фаолияти ёмон кечмаётганди, у доимий равишда майдонга тушар ва жамоанинг етакчиларидан бири саналарди. Аммо июль ойида ЛДУ Кито кутилмаганда Антонио билан шартномани узайтирмаслигини маълум қилди. Оқибатда 35 ёшли футболчи жамоасиз қолиб кетди ва тез орада фаолиятини якунлаши кутилмоқда.

Марио Балотелли, 30 ёш
Сўнгги клуби:
«Брешия»

«Супермарио» ҳамон қувноқ ва жўшқин ҳаёт тарзи билан яшаб келмоқда. У ўзининг хурмача қилиқларини «Брешия»да ҳам давом эттирди. Ошқозонидаги оғриқларни баҳона қилиб машғулотлардан ўзини олиб қочди ва жамоанинг Zoom орқали олиб бориладиган назарий дарсларида иштирок этмади. Унинг эркаликларини кўтара олмаган клуб Мариодан воз кечди. Клубни судга бериш ҳам Мариога фойда келтирмади. Балотеллига «Женоа» қизиқиш билдирган, аммо клубдаги муҳитни бузишидан хавфсираган клуб раҳбарияти италиялик ҳужумчини ўз сафига қўшиб олмади. Натижада 30 ёшли форвард жамоасиз қолди. 

Самир Насри, 33 ёш
Сўнгги клуби:
«Андерлехт»

Бир пайтлар «Янги Зидан» бўлиши тахмин қилинган Насрининг фаолияти тобора тубсизлик сари «шўнғиб бормоқда». Унинг тартиб-интизоми Балотеллидан қолишмайдиган даражага етиб келди. RMC Sportга берган интервьюсида Франция миллий жамоаси мутасаддиларини таниш-билишчиликда айблаганди. Сўнг карантин қоидаларини бузган ҳолда Дубайга дўстлари даврасига йўл олди ва «Андерлехт» билан алоқага чиқмасликни маъқул кўрди. Бундан ранжиган клуб у билан ҳамкорликни давом эттирмаслигини билдирди. Энди эса Самирни ҳеч бир жамоа ўз сафига чорлаётгани йўқ.

Квадво Асамоа, 31 ёш
Сўнгги клуби:
«Интер»

Ганалик футболчи яқин пайтларгача «Ювентус» вингери сифатида жонбозлик кўрсатарди, сўнг «Интер»да ҳам доимий тарзда майдонга тушарди. Аммо «нерадзурри»га Антонио Конте келгач, Асамоа дастлаб асосий таркибдаги ўрнини йўқотди, сўнг қайдномага ҳам киритилмайдиган бўлди. Октябрь ойига келиб футболчи жамоасиз қолишга мажбур бўлди.

Шинжи Кагава, 31 ёш
Сўнгги клуби:
«Сарагоса»

Япониялик футболчи «Боруссия» клубида жавлон уриб ўйнаган пайтлар ортда қолди. Энди эса Шинжи ҳаттоки Ла Лигада ҳам ўйнамайдиган «Сарагоса» клубига керак бўлмай қолди. Кагаванинг сарагосаликлар билан яна бир йиллик шартномаси бор эди, аммо клуб уни муддатидан аввал бекор қилишни лозим топди. «Манчестер Юнайтед» собиқ футболчиси клублардан таклиф кутиш билан банд.

Мавзуга оид