Спорт | 14:14 / 03.11.2020
16971
11 дақиқада ўқилади

«Реал» жиддий синов қаршисида. ЕЧЛда тур ўйинлари анонси

Чемпионлар Лигасида гуруҳ босқичи ҳали авж паллага келгани йўқ, аммо бир қатор ўзига хос плей-офф ўйинлари бизни кутиб турибди. Яъни тақвимга кўра, 3 ва 4 турларда айни рақиблар тўқнаш келишади ва баъзи жуфтликларда бу тўқнашувлар кейинги босқич учун ҳақиқий курашга айланади. Айнан ушбу ўйинларда муваффақият қозонган жамоалар сўнгги турлар олдидан яхши вазиятга эга бўлишса, мағлублар деярли имкониятсиз қолишади.

Фото: David S. Bustamante/Soccrates/Getty Images

Эътиборингизга энг эътиборли ва ҳал қилувчи жуфтликлар ўртасидаги тўқнашувлар анонсини ҳавола этилади. Айтиш мумкинки, қоғозда фаворит саналган бу жамоаларнинг баъзиларини баҳорда бу турнирда кўрмаймиз.

«РЕАЛ» – «ИНТЕР» (4 ноябрга ўтар кечаси, 01:00)

Бу жамоалар охирги марта Европа майдонида тўқнаш келишганида, ҳали ўтган аср эди. Гуруҳ босқичида «Интер»га ғалаба келтирган голларни Роберто Баджо урганди, дейилса, балки янада кўпроқ вақт ўтгани ҳис қилинар...

Хуллас, бу сафар сал бошқача – гуруҳнинг асосий фаворитлари сифатида тилга олинган икки суперклуб жуда қийин аҳволда қолди, шу даражадаки, агар мана шу икки ўйиндан ҳеч бўлмаса биттасида ғалаба қозона олмаса, гуруҳдан чиқиш масаласи ёпилади. «Интер» икки ўйиндан 2 очкога эга, «Реал»да эса атиги бир дуранг. Нариги жуфтликда «Шахтёр» ва «Боруссия» куч синашиши ва улардан бири яхшироқ ҳаракат қилиб, ўзиб кетишини ҳисобга олсак, «Интер»да ҳам, «Реал»да ҳам катта босим турганини пайқаш қийин эмас. 

Ўйинга мадридликлар бироз яхшироқ формада келаётганларини айтиш мумкин. Рамос қайтди, Азар майдонга туша бошлади ва ҳатто «Уэска» дарвозасига чиройли гол ҳам урди. Эл Классикодаги ғалабага ҳам кўп бўлгани йўқ – хуллас, дастлабки ўйинни ўз майдонида ўтказадиган «Реал» натижаларини ўнглай бошлаган.

«Интер»да эса, аксинча – охирги беш ўйинда атиги бир марта, «Женоа»га қарши ўйинда ғалаба қозонилди, холос. Икки ўйинда бир хил – 2:2 ҳисоби қайд этилди, қизиғи, ҳар иккисида ҳам миланликлар сўнгги дақиқаларда мағлубиятдан қутулиб қолишди. Августда бешта гол урилган «Шахтёр» дарвозасига йўл топилмади. Бунинг устига, аксарият ўхшамаган ўйинларда ҳам индивидуал маҳорати эвазига жамоани қутқариб келган Ромелу Лукаку дастлабки ўйинни ўтказиб юбориши мумкин. Лукакудан ташқари, Весино ва Сенси ҳам жамоага ёрдам бера олишмайди. Алексис Санчес эса бу ўйинга қайтиши кутилмоқда.

Мезбонлардан Карвахал, Начо, Одриосола ва Милитао каби ҳимоячилар майдонга туша олмайди, лекин Рамоснинг қайтгани ҳимояда хотиржамлик олиб келса керак.

Тахминий таркиблар:
«РЕАЛ»: Куртуа, Менди, Варан, Рамос, Марсело, Каземиро, Вальверде, Кроос, Азар, Асенсио, Бензема.
«ИНТЕР»: Ханданович, Д’Амброзио, Де Врей, Коларов, Ҳакими, Янг, Брозович, Видаль, Барелла, Перишич, Лаутаро

«АТАЛАНТА» – «ЛИВЕРПУЛЬ» (4 ноябрга ўтар кечаси, 01:00)

Бу жуфтликда аввалгиси каби ҳаёт-мамот фактори йўқ, «Ливерпуль» ҳам, «Аталанта» ҳам кутилган очколарни олиб, гуруҳда пешқадамлик қилмоқда. Аммо бир неча асосларга кўра, бу тўқнашув ҳам алоҳида эътибор талаб қилади.

Биринчидан, Европанинг энг ҳужумкор жамоаси бўлган «Аталанта»нинг «Ливерпуль»га қарши ўйини, айниқса, инглизларда ҳимоя чизиғи муаммолари фонида жуда қизиқ бўлади. Иккинчидан, турнир нуқтайи назаридан ҳам, бу дуэлда ҳар икки ўйинда ҳам мағлуб бўлган жамоа катта муаммо қаршисида қолиши мумкин. Чунки, нариги жуфтликда «Аякс» ва гуруҳнинг яққол аутсайдери «Мьютилланд» бор. Амстердамликлар бу ўйинлардан 6 очко олиб, 2-ўринга кўтарилиб олиш имкониятига эга бўлади. Демак, «Аталанта» ҳам, «Ливерпуль» ҳам гуруҳда пешқадамлик қилиб туришгани билан, ҳали ҳаммаси ҳал бўлгани йўқ ва айниқса, мана шу ўзаро тўқнашувда очколар олиш шарт.

Таркибдаги муаммоларга келсак, юқорида айтилганидек, «Ливерпуль»нинг ҳимоя чизиғида ван Дейк йўқлигидан ташқари, Жоэл Матипнинг қайтиши ҳам сўроқ остида. Аммо айтиш мумкинки, АПЛнинг сўнгги турида ушбу чизиқда ёш Натан Филипс ҳаракат қилди ва жуда яхши таассурот қолдирди. Шунингдек, марказий яримҳимоячилар Наби Кейта, Фабиньо, Алькантара кабилар ҳам Бергамодаги баҳсда майдонга туша олмасликлари мумкин.

«Аталанта»да эса Маттиа Кальдара, Мартен де Рон каби футболчилардан ташқари, ҳам ҳимояда, ҳам ҳужумда анча самарали бўлган Робин Госенс ҳам жамоадошларига ёрдам бера олмаслиги мумкин.

Тахминий таркиблар:
«АТАЛАНТА»: Спортьелло, Толои, Ромеро, Гимсити, Хатебур, Мохика, Фройлер, Пашалич, Иличич, Гомес, Сапата;
«ЛИВЕРПУЛЬ»: Алисон, Александр-Арнолд, Филипс, Гомес, Робертсон, Ҳендерсон, Вейналдум, Мане, Жота, Салоҳ, Фирмино.

«БРЮГГЕ» – «БОРУССИЯ» Д (5 ноябрга ўтар кечаси, 01:00)

«Брюгге» кутилмаганда «Зенит» устидан сафарда ғалаба қозонди ва плей-офф йўлланмаларидан бири учун курашга қўшилди. «Лацио» билан дурангдан сўнг, бельгияликлар очколар сонини 4тага етказди ва жамоа фақат тўплар нисбати бўйича 2-ўринда бормоқда. Гуруҳда шунингдек, «Зенит» ҳам борлигини эътиборга олсак, ушбу тўртликдаги ҳар бир ўйин қизиқарли кечиши турган гап. Дортмундликлар эса, айнан «Брюгге» билан ўйинларда максимал очко олишлари ва Римдаги мағлубиятнинг таъсирини йўқотишлари керак бўлади.

«Брюгге» миллий чемпионатда у қадар ишончли ўйнай олмаяпти ва уч ўйиндан бери ғалаба нималигини билгани йўқ. Аммо айнан шу омил жамоа Чемпионлар Лигаси ўйинларига ўзгача мотивация билан тушишига сабаб бўлиши ҳам мумкин. Дортмундликлар эса аста секин тезлик олишмоқда – жамоа ўша Римдаги мағлубиятдан ташқари, сўнгги беш ўйинда ғалаба қозонган ва бирорта ҳам гол ўтказиб юборишмаган.

Бу жамоалар икки йил олдин ҳам Чемпионлар Лигаси гуруҳида тўқнаш келишганди. Бельгияда ўтган учрашувда меҳмонлар Пулишичнинг голи эвазига минимал ғалаба қозонган бўлишса, жавоб ўйинида ҳисоб очилмаганди.

Жароҳатлар борасида мезбонларда узоқ муддатга сафдан чиққан Матеж Митровичдан бошқа ҳамма сафда. «Боруссия» таркибида эса Матс Ҳуммельс майдонга тушиши сўроқ остида турибди. Шунингдек, Загаду, Эмре Жан, Марсель Шмалцер каби ҳимоячилар ҳали тўлиқ тикланганлари йўқ.

Тахминий таркиблар:
«БРЮГГЕ»: Миньоле, Мата, Коссуну, Дели, Диатта, Вормер, Риц, Ванекен, Собои, Де Кетелер, Деннис
«БОРУССИЯ»: Бюрки, Менье, Аканджи, Пишчек, Герейру, Дауд, Витцел, Рейна, Ройс, Санчо, Ҳоланд

«ЛЕЙПЦИГ» – «ПСЖ» (5 ноябрга ўтар кечаси, 01:00)

Ўтган мавсумнинг финалчиси ва яримфиналчиси шундай аҳволда қолдики, катта эҳтимол билан, ушбу тўқнашувда муваффақиятсизроқ ҳаракат қилган жамоа кейинги босқичга чиқа олмайди. Сабаби, 100 фоизлик натижа кўрсатган «Манчестер Юнайтед» параллел ўйинларда турклардан 6 очко олиши ва муддатидан олдин кейинги босқичга чиқиши мумкин. Шу ўринда инглизларга йирик – 0:5 ҳисобида ютқазган «Лейпциг»нинг вазияти бироз оғирроқ. Албатта, ҳали «МЮ» ўз ўйинларини ютмади, кучсизроқ жамоаларга қарши муаммога дуч келадиган Сульшер шогирдлари ҳали очко йўқотишлари ҳам мумкин. Лекин айнан «ПСЖ» ва «Лейпциг» дуэлида асосий саволларга жавоб берилади.

Парижликлар «МЮ»дан ўша мағлубиятдан сўнг, яхши томонга ўзгаришди ва 9-0 тўплар нисбати билан қаторасига уч ўйинда ғалаба қозонишди. «Лейпциг» эса аксинча, ўтган ҳафтадаги йирик мағлубиятдан сўнг, Бундеслигада ҳам менхенгладбахликларга ютқазиб қўйди ва пешқадамликни «Бавария»га топширди. Лекин «ПСЖ»га қарши ўйинларда ўзгача тайёргарлик бўлиши табиий, зеро юқори эсга олинган ўтган мавсумда бу рақиблар яримфиналда дуч келишган ва «ПСЖ» йирик ҳисобда ғалаба қозонганди (3:0). Аммо ўша ўйинда ҳам, французлар гол ургунча «Лейпциг» жуда яхши ўйин намойиш қилиб турган.

Бунинг устига таркиблар борасида «ПСЖ»да муаммолар кўп. Бу йўқотишар Франция чемпионатида бир текисда боришда халақит бермаслиги мумкин, аммо кучли рақибларга қарши бўй кўрсатади. Неймардан ташқари, Икарди, Дракслер, Бернат, Паредес, Вератти каби футболчилар ҳали тўлиқ тикланиб, сафга қайтишгани йўқ. Мезбонлардан эса, Лаймер, Хартман ва Клостерманнда жароҳат бор. Норди Мукиеле эса, тикланиб, машғулотларга қайтди. 

Тахминий таркиблар:
«ЛЕЙПЦИГ»: Гулачи, Анхелиньо, Упамекано, Конате, Хенрикс, Самаржич, Кампл, Забитцер, Ольмо, Форсберг, Поулсен
«ПСЖ»: Навас, Курзава, Кимпембе, Перейра, Флоренци, Маркиньос, Эррера, Ди Мария, Сарабия, Рафинья, Мбаппе, Кин

3-тур. БАРЧА ЎЙИНЛАР:
3 ноябрь.
А гуруҳи
«Локомотив» – «Атлетико» (22:55), «Залцбург» – «Бавария» (4 ноябрга ўтар кечаси, 01:00)

 

В гуруҳи
«Шахтёр» – «Боруссия» М (22:55), «Реал» – «Интер» (4 ноябрга ўтар кечаси, 01:00)

 

С гуруҳи
«Порту» – «Марсель», «Манчестер Сити» – «Олимпиакос» (4 ноябрга ўтар кечаси, 01:00)

D гуруҳи
«Аталанта» – «Ливерпуль», «Мидтьюлланн» – «Аякс» (4 ноябрга ўтар кечаси, 01:00)

4 ноябрь
Е гуруҳи
«Челси» – «Ренн», «Севилья» – «Краснодар» (5 ноябрга ўтар кечаси, 01:00)

F гуруҳи
«Зенит» –Лацио» (22:55), «Аталанта» – «Ливерпуль» (5 ноябрга ўтар кечаси, 01:00)

G гуруҳи
«Барселона» – «Динамо» К, «Ференцварош» – «Ювентус» (5 ноябрга ўтар кечаси, 01:00)

Н гуруҳи
«Истанбул» – «Манчестер Юнайтед» (22:55), «Лейпциг» – «ПСЖ» (5 ноябрга ўтар кечаси, 01:00).

 

Мавзуга оид