Репортаж: Жаҳонгир Ортиқхўжаев «Regent Corp» раҳбари билан учрашди
2 ноябрь куни Тошкент шаҳар ҳокимлигида инвестор Илёсхон Азизов ва унинг яқинлари ҳамда ҳокимият раҳбарияти иштирокида йиғилиш ташкил этилди. Аввалроқ, Илёсхон Азизов шаҳар ҳокими Жаҳонгир Ортиқхўжаев билан учраша олмаётгани, инвестор сифатидаги ҳуқуқлари поймол бўлаётгани ҳақида гапирганди.
Журналистлар, депутатлар ва жамоатчилик вакиллари кузатувида ташкил этилган йиғилишда шаҳар ҳокими Жаҳонгир Ортиқхўжаев учрашувнинг бу форматда ташкил этилиши, инвестор билан оғриқли масалалар юзасидан муҳокама олиб бораётганидан афсусда эканини билдирди.
«Тадбиркор билан бундай вазиятда гаплашиш менга қанчалик оғир ботаётганини ичимдан ҳис этиб турибман. Ҳурматли президентимиз олиб бораётган сиёсатини ҳокимиятда тарғиб этувчи ҳоким сифатида ишларканман, мен сиз тарафдаман. Марҳамат, ўзингизни ҳимоя қилинг. Лекин ҳокимиятда мен ёлғиз ишчи эмасман. Бошқалар олдида ўзингизни ҳимоя қилсангиз, мен хурсанд бўламан», — деди у.
«Regent Corp» масъулияти чекланган жамияти раҳбари Илёсхон Азизов ўзи томондан кириш сўзини йиғилишга у билан келган амакиси Маҳмудхон Азизовга берди. Маҳмудхон Азизов эса инвесторни қийнаётган муаммо юзасидан конструктив ечим сўраб, Ортиқхўжаевга мурожаат қилди. Шунингдек, унинг сўзларини инвесторнинг акаси Рустамхон Азизов ҳам тасдиқлади.
«Оила бошлиғи сифатида болаларнинг (инвестор, яъни укалари назарда тутилмоқда – таҳр.) қанотини синдириш, келажакка ишончи, маҳаллий ҳокимият органлари ва президентимизга ишончини синдирмаслик учун тўғри йўл кўрсатишингиздан умид қилиб турибмиз», — деди Рустамхон Азизов.
«Regent Corp» МЧЖ раҳбари Илёсхон Азизов қурилиш бошланганда мақсади фақат тадбиркорлик фаолиятини юритиш бўлгани, бундан бошқа ҳеч қандай ғаразли нияти бўлмаганини таъкидлади.
«Одамлар орасида шов-шув бўлган гап марказида менинг юзим, келажагим турибди. Мен шундай йўлдан юриб, масалани оммага чиқаришга мажбур бўлдим. Негаки, бошқача чораларни қўлладик, самара бермади», — деди у.
Ҳокимнинг айтишича, инвесторни қабул қилиш масаласида Сенат раиси Танзила Норбоева, Коррупцияга қарши курашиш агентлиги директори Акмал Бурхоновдан илтимослар бўлган, аммо масала ОАВда кўп айлангани ва суд давом этаётгани учун ҳокимият сукут сақлашни маъқул кўрган.
«Шунинг учун оммавий ахборот воситаларининг ҳам ҳақиқатни билишга ҳаққи бор. Учрашув шу мақсадда ташкил этилди ва бошқалар таклиф этилди», — деди Ортиқхўжаев ва сўз навбатини ҳокимнинг биринчи ўринбосари Даврон Ҳидоятовга берди.
Ҳидоятовга кўра, инвестор қонун талабларини бузган ҳолда қурилиш лойиҳасини бошлаган.
«Ойбек» метроси яқинида кўп қаватли турар жой ва бизнес маркази бинолар қурилган, аммо автотураргоҳ бўлмагани учун сизнинг таклифингиз маъқул келди. Айтдингизки, шу ерда бўш жой бор, аммо машина қўядиган жой йўқ. Автотураргоҳ қуриб, бинонинг 10 фоизидан ўзим учун савдо-маиший хизматлар кўрсатиш учун фойдалансам, дедингиз. Ҳокимият томонидан кўрсатилган майдонда ерни захиралаш ва лойиҳа-смета ҳужжатларини ишлаб чиқиш учун қарор чиқарилган. Аввал, қарор ердан доимий фойдаланиш ҳуқуқини берган, янги тартибга кўра, биринчи қарор билан лойиҳа-смета ишлаб чиқилиши кўрсатилган. Ундан сўнг, фойдаланиш учун қарор чиқарилади. Ажратилган ер участкасига ҳуқуқи бўлмай туриб, жамият томонидан қурилиш ишлари амалга оширилган», — дея қайд этган у. Даврон Ҳидоятов бунда кодекс ва қонун талабларини санаб ўтди.
Ортиқхўжаевга кўра, инвесторнинг лойиҳадаги иқтисодий манфаатидан келиб чиқиб, бинонинг 10 фоиз қисмида савдо ва маиший хизмат кўрсатишга рухсат берилганди. Шу шарт билан автотураргоҳ қуришга икки нафар сармоядор талабгор бўлган, буларнинг бири — «Regent Corp».
«Кўпчилик тадбиркор қуръа ташлайди. Конверт асосида қуръа ташланди ва лойиҳани амалга ошириш ҳуқуқи Илёсхон Азизовга насиб қилди. Орадан 10 кун ўтиб, иқтисодий манфаати кам бўлди, савдо ва маиший хизматни ташкил этиш фоизини оширайлик, деган таклиф билан Илёсхон олдимга келди. Йўқ, дедим, лекин 10 фоизга ёшлар учун коворкинг қуришга розилик бердим. 3–4 ойдан кейин, ўша жойдан ўтаётсам, бино кўтарилган, аммо автотураргоҳ эмас. Биринчи ўйлаганим: булар билан қуръа ташлаган инвестор олдида мен ким бўлдим?» — деди ҳоким.
Йиғилишда инвесторлар учун ташкил этилган очиқ эшиклар кунида тасвирга олинган лавҳа ва қуръа ташлаш ишлари намойиш этилди. Шунингдек, шаҳар ҳокими ўринбосари Шароф Раҳмонов инвестор раҳбарлик қиладиган компания таъсисчилари ва уларнинг улушлари лойиҳа бошлангунга қадар кўп марта ўзгарганига эътиборни қаратди.
Ҳоким ўринбосарининг фикрича, компания таъсисчиларининг ўзгариши ва улушлар қайта тақсимланиши ҳокимият томонидан ерни сотишга бўлган уриниш сифатида кўрилади. Бунга жавобан, инвесторнинг акаси — Рустамхон Азизов таъсисчилардан бири Илёсхоннинг акаси Олимхон ва унинг турмуш ўртоғи эканини билдириб, таъсисчиларга оид барча маълумотларни тақдим этиши мумкинлигини айтди.
Йиғилишда иштирок этган депутат Расул Кушербаев ҳокимият ва инвестор ўртасида зиддиятга нима сабаб бўлаётганига қизиқди. Ҳоким Жаҳонгир Ортиқхўжаев инвестор келишувга асосан бинонинг 80 фоизида автотураргоҳ қурмай, машиналар сақлаш учун 40 фоиз майдонни қолдирганини айтди. Аммо Илёсхон Азизов ўрнатилган тартиб-қоидалар бўйича ушбу ўлчамдан ортиқ майдонни автотураргоҳга ажратиш мумкин эмаслигини ҳужжатлар асосида кўрсатди.
«Автотураргоҳни лойиҳадаги қурилишнинг 80 фоизида ташкил этишнинг имкони йўқ, негаки ўрнатилган қурилишнинг қонуний талаблари бунга йўл қўймайди. Аслида, келишувда 80 фоиз деган гап бўлмаган. Ҳокимнинг захиралаш тўғрисидаги қарорида қурилажак бинонинг 10 фоизида савдо ва маиший хизматларни кўрсатишга рухсат этилган ҳолда автотураргоҳ ва коворкинг қурилиши маълум қилинган», — деди Илёсхон Азизов.
Ортиқхўжаев эса бундан икки йил аввал қуръа ташлашдан олдин тасвирга олинган лавҳаларни намойиш этиб, Илёсхон Азизовнинг лойиҳаси автотураргоҳ учун мўлжал қилингани ҳақидаги гапларини тинглашни таклиф қилди.
Йиғилиш сўнггида эришилган натижага кўра, Тошкент шаҳар ҳокимияти инвесторга иккита таклиф билдирди. Инвестор қурилиш лойиҳасини келишувга мувофиқ ўзгартириб, автотураргоҳ қуради ёки ушбу масала халқ депутатлари Тошкент шаҳар кенгашида ҳал қилиниши керак.
Азизов эса жорий лойиҳани тугаллаш учун 4 миллиард сўм ижтимоий мажбуриятни зиммасига олишини айтди. Ортиқхўжаев бунга кўнмай, масала ижтимоий мажбурият суммаси билан ҳал этилмаслигини билдирди.
Инвестор ўз ҳамкорлари билан таклиф этилган ечимлардан бирини муҳокама этишини айтди ва йиғилиш шу билан якунига етди.
Алишер Рўзиохунов
Тасвирчи ва монтаж устаси — Отахон Юсупов
Мавзуга оид
20:36 / 02.03.2024
«Пулни ўзи сизни қувсин». Жаҳонгир Ортиқхўжаев Суперлига стартидан олдин «Пахтакор» жамоаси билан учрашди
17:29 / 08.02.2024
Minerva City’ни қуришга ажратилган ер шаҳар ҳокимлиги балансига қайтарилди — Янгиҳаёт тумани ҳокими
16:22 / 06.02.2024
Жаҳонгир Ортиқхўжаев: “Биз импортга ҳар қандай чеклов қўйишга қаршимиз, у бизга зарар”
21:35 / 05.02.2024