Жаҳон | 23:41 / 08.11.2020
6011
2 дақиқада ўқилади

Дунёда коронавирусга чалинганлар сони 50 миллиондан ошди

Дунёда коронавирусга чалиниш ҳолатлари сони 8 ноябрда 50 млндан ошди. Бундан Жон Ҳопкинс университети маълумотлари дарак бермоқда.

Фото: AP Photo/Daniel Cole

Охирги маълумотларга кўра, айни вақтда дунёда коронавирусга чалинганлар сони 50,5 млндан ошди, инфекциядан 1,25 млндан кўпроқ киши вафот этган. 

Коронавирусга чалиниш ҳолатлари бўйича АҚШ 1-ўринни эгалламоқда. Бу ерда касалланганлар сони 10,2 млндан ошиб кетди, 243 мингдан кўпроқ киши вирус қурбони бўлди. Шу билан бирга, 6,4 млндан кўпроқ киши инфекциядан фориғ бўлган.   

2-ўринни 8,5 млндан кўпроқ касалланиш ҳолати билан Ҳиндистон эгалламоқда. Мамлакатда 126 мингдан кўпроқ киши вирус қурбонига айланган, 7,8 млндан кўпроқ киши соғайиб кетган.

Касалланиш ҳолатлари сони бўйича 3-ўринни Бразилия эгалламоқда. Жанубий Америка давлатида пандемия бошидан бери 5,6 млндан кўпроқ киши вирусга чалинган, 162 мингдан кўпроқ киши ундан вафот этган.

6 ноябрда ЖССТ дунёда рекорд сондаги кунлик касалланиш ҳолатларини қайд қилган - 581,6 мингта. Бунгача октябрь ойида бир неча маротаба рекорд даражада кунлик касалланиш ҳолатлари қайд қилиниб келган.

ЖССТнинг огоҳлантиришича, кейинги бир неча ой ичида дунёда коронавирус тарқалиши билан боғлиқ вазият оғир кечади. ЖССТ вакили Мелита Вуйнович ҳозирги вазиятни пандемиянинг энг оғир босқичи деб атаган.

Мавзуга оид