Жаҳон | 09:45 / 08.11.2020
19129
3 дақиқада ўқилади

«Яратганнинг ўзи Американи қўлласин» – Байден сайланган президент сифатида мурожаат қилди

АҚШ президентлик сайловларида демократлар партиясидан номзод қилиб кўрсатилган Жо Байден президент сифатида америкаликларга мурожаат қилди. АҚШдаги кўплаб нашрлар унинг ғалаба қозонгани ҳақида хабар тарқатган, унинг ўзи ҳам бу ҳақда эълон қилган бўлса, энди у расман расман ғолиб сифатида тасдиқланиши кутилмоқда.

ANGELA WEISS/AGENCE FRANCE-PRESSE/GETTY IMAGE

«Мен ажратадиган эмас, бирлаштирадиган президент бўламан. Штатларни демократ ёки республикачига ажратмоқчи эмасман, мен учун фақат битта тушунча бор – Америка Қўшма Штатлари. Бу лавозимга Америка руҳиятини тиклаш, бизни яна ҳамма ҳурмат қилишларига эришиш учун келдим», деди Байден.

Демократлар вакили ўз нутқини Делавэр штатидан сўзлади. Бежиз эмас, 1972 йил Байден айнан шу штатдан сенаторликка сайланган. Роппа-роса 48 йил олдин 7 ноябрда Байден сенатор бўлганди, унинг президентлик сайловларидаги ғалабаси ҳам шу санага тўғри келди.

Ўз навбатида Байден вице-президент сифатида танлаган Камала Ҳаррис ҳам нутқ сўзлади.

«Демократия биз у учун курашганда кучли. Бутун дунё кўз тикиб турган ва довга демократия тикилган бу сайловларда биз уддаладик. Давлатимиз сизнинг олдингизда қарздор. Сайловларда фаол қатнашганингиз, мамлакатимиз яхлитлигини сақлаб қолганингиз учун раҳмат. 

Сиз овоз бериш орқали нимани хоҳлаётганингизни билдирдингиз. Сиз умид учун, ҳақиқат учун овоз бердингиз ва шу сабаб Жо Байденни танладингиз. У кўзлаган мақсадига эришади, у бирлаштира олади, у жуда кўп йўқотишларга учраган бўлса-да, яна бизга ўз юлдузимизни топишга ёрдам беради.

Мен бу лавозимга эришган биринчи аёл бўлдим, лекин охиргиси эмас. Чунки ҳамма америкалик қизлар мамлакат уларга қандай имконият бераётганини кўрмоқда. Ишонтириб айтаманки, мен Жо Обама даврида бўлгани каби яхши вице-президент бўламан», деди Ҳаррис.

Кейин саҳнага яна Жо Байден чиқди.

«Президент Трампга овоз берганларнинг аламини тушуниб турибман, ахир менинг ўзим ҳам икки марта ютқазганман. Лекин улар бизнинг душманимиз эмас, улар – америкаликлар. Келинг, қўлни қўлга узатайлик-да, бир-биримизга имкон берайлик. Душман қидириш якунланиши керак. Ҳаммангизни яхши кўраман, Яратганнинг ўзи Американи қўлласин», деди Байден.

Жо Байден биринчи бўлиб коронавирусга қарши курашни бошлашини маълум қилди.

  • 7 ноябрь куни Байден Пенсильвания (20) ва Невадада (6) ҳам Трампдан устун келди ва 279та вакиллик овозини тўплаб, президентлик сайловларида ғолиб бўлди.

Мавзуга оид