Фан-техника | 21:27 / 09.11.2020
7601
2 дақиқада ўқилади

“Hyperloop” транспорт тизими илк бор йўловчилар билан бирга синовдан ўтказилди

“Virgin Hyperloop” компанияси 8 ноябрда Hyperloop транспорт тизими илк бор йўловчилар билан бирга синовдан ўтказилганини эълон қилди. Синовлар АҚШнинг Лас-Вегас шаҳри яқинидаги чўлда ўтказилган.

Фото: Virgin Hyperloop

Hyperloop’нинг биринчи йўловчилари компаниянинг техник директори ва ҳамасосчиси Жош Гайгел ва йўловчиларга хизмат кўрсатиш бўлими бошлиғи Сара Лучиан бўлди. Улар жойлашган капсула 500 метр узунликка эга синов қувурида 160 км/соат тезликка эришиб, сўнгра аста-секин тўхтатилган.

Компанияда таъкидланишича, ушбу синовлар тезкор транспорт тизимини яратишдаги муҳим босқич бўлди. Келгусида ушбу тизим йўловчилари 1220 км/соат тезлик билан ҳаракатланишлари мумкин. Капсула диаметри 3,3 метрлик қувурда йўловчилар билан бирга биринчи марта синалишидан олдин бўш ҳолда 400 мартага яқин синалган. 

“Аввал буни ҳеч ким қила олмаган. Бу нафақат вакуумда ҳаракатланишни таъминлайдиган, балки йўловчилар ташийдиган тўлақонли ишловчи Hyperloop’дир. Бунгача ҳали ҳеч ким бундай нарсани яратишга яқин бўлмаган”, деб айтган “Virgin Hyperloop” бош директори Жей Уолдер.

Вакуум шароитида магнит ёрдамида ҳаракатланувчи ер ости поезди Hyperloop ғоясини 2012 йилда америкалик тадбиркор Илон Маск илк бор таклиф қилган. 

2018 йилда британиялик тадбиркор, “Virgin Group” компанияси асосчиси Ричард Брэнсон бундай транспорт тизимини Ҳиндистонда қуришни таклиф қилган. У Мумбай шаҳри аэропортини Пуна шаҳри билан боғлаши керак бўлган ва маҳаллий ҳокимият ҳаттоки уни қуришга рухсат берган. Бироқ 2020 йил бошида Махараштра штати раҳбарияти лойиҳа тўхтатилишини эълон қилган. Ўшанда штат раҳбарияти бу қарорни тизим ҳали ҳеч қаерда амалга оширилмагани ва тегишли текширувдан ўтказилмагани билан тушунтирган.

Мавзуга оид