Жаҳон | 20:46 / 09.11.2020
7161
1 дақиқада ўқилади

Зеленский коронавирусга чалинди

Украина президенти Владимир Зеленский коронавирус юқтириб олди. Украина президенти офиси матбуот хизмати хабар қилишича, Зеленский ҳозирда ўзини яхши ҳис қилмоқда ва вазифасини бажаришда давом этмоқда, айни вақтда у ўзини иҳоталаган.

Президент сайтида хабар қилинишича, Зеленский 9 ноябрь куни COVID-19 тарқалишига қарши кураш масалаларига бағишланган йиғилишда иштирок этган.

Президент офиси ходимлари доимий равишда коронавирусни аниқлаш тестлари топшириб келишмоқда. Офис раҳбари ўринбосари Юлия Коваливнинг тести натижаси манфий чиққан.

Жонс Ҳопкинс университети маълумотларига кўра, Украинада шу вақтга қадар 474 245 зарарланиш ҳолати аниқланган, шундан 9 647 ҳолат сўнгги бир кунда қайд этилган. Украина аҳолиси сони қарийб 42 миллион кишини ташкил этади.

Аввалроқ Украинанинг собиқ бош вазири, «Батькившчина» партияси етакчиси Юлия Тимошенко ҳам коронавирусдан зарарланганди. Тимошенко август ойи охирида касалланган, уни шифохонага ётқизишга тўғри келганди. Сентябрь ойи ўрталарига келиб у касалликдан тузалиб чиққани маълум бўлди.

Мавзуга оид