Жамият | 15:23 / 14.11.2020
6408
4 дақиқада ўқилади

Лойиҳалашда манфаатларим инобатга олинмади – тадбиркор

Сурхондарё вилоятига сафаримиз чоғида Шўрчи туманидаги «Шўрчи Бозоргон Чироқчи» МЧЖ ҳудудидаги якка тартибдаги тадбиркор Азамат Иброҳимовдан тушган мурожаат эътиборимизни тортди. Ойнакўл маҳалласида истиқомат қилувчи бу фуқаро мижозларига токарлик-слесарлик хизматларини кўрсатади.

2017 йилда туман марказидаги бозорни қайта қуриш ишлари бошлаб юборилгач, унинг фаолиятида қийинчиликлар пайдо бўла бошлади. Гап шундаки, тадбиркор устахонаси яқинига янги бинолар барпо қилиниши натижасида ҳовли майдони қисқариб, оғир ва йирик ўлчамли эҳтиёт қисмларини ясашга доир буюртмаларни қабул қилишда қийинчиликка дуч келмоқда.

«Бу ер майдони аукционда сотилган. Кейин мен харид қилганман, яъни ҳоким қарори билан берилмаган. Бозорнинг қайта қуриш ишлари бошлангандаги режаси менинг манфаатларимга зиён етказмасди. Аммо қуриш ишлари режадагидек амалга ошмади, оқибатда менгача бўлган йўлдан фақат пиёда, нари борса велосипедда келиш мумкин бўлиб қолди.

Мурожаатимнинг мақсади шуки, бозор лойиҳаси чизмасини чизганлар нега бизнинг манфаатларимизни ўйламади? Биз ҳам солиқ тўлаб юрибмиз-ку, солиқ тўламаган тақдиримизда, Ўзбекистон фуқаросимиз-ку!» - дейди Азамат Иброҳимов.

Иброҳимовнинг айтишича, ёнида барпо қилинган бинонинг 6 квадрат метри кадастр ҳужжати бўйича унга тегишли бўлса-да, бу инобатга олинмай, қозиқ қоқиб берилган ва бино қурилган. Ҳокимлик мутасаддилари унга масалани тайинли тушунтириб беришмаган.

тадбиркор Азамат Иброҳимов

«Бозорни қураётган йигит келганида, унга ҳужжатларимни кўрсатганимда, ҳужжатлар “бир тийин”лигини айтди. Бино қад кўтарди. Мутасаддилар орқа тарафдаги ердан фойдаланишни айтишмоқда. Аслида, бу йўл эмас, балки менга ўхшаган тадбиркорларга тегишли биноларнинг ер майдонлари, яъни ҳовлиси. Бозорнинг илк лойиҳасида бизнинг устахоналар токарлик устахоналар сифатида қайд этилган эди», – дейди тадбиркор.

Хўш масъуллар солиқ тўловчининг бу шикояти юзасидан нима дейди? Бу саволга жавоб олиш мақсадида Шўрчи туман Қурилиш бўлими бошлиғи Нажмиддин Мамадиев билан учрашдик.

«Шўрчи Бозоргон Чироқчи» МЧЖ Шўрчи туманининг тасдиқланган бош режасига кўра, қайтадан реконструкцияга тушган. Бу ишлар якунига етишига оз қолди. Шунингдек, у ерда озгина “снос” ишларимиз ҳам бор. Шундан сўнг тадбиркор Азамат Иброҳимовга тегишли бино олди очилади.

Биласиз, биноларни бузиш маблағга бориб тақалади. Шундан сўнг, бузиладиган бинолар ўрнида йўл қуриш ҳам тугалланади.

Ҳозирда унинг фойдаланиши учун йўл мавжуд. Ўша ердан фойдаланиб келмоқда. Қурилиш ишлари батамом поёнига етгач, барчаси изига тушиб кетади», – дейди Нажмиддин Мамадиев.

Шўрчи туман Қурилиш бўлими бошлиғи Нажмиддин Мамадиев

Унинг билдиришича, бозор келаси йил баҳорда тўлиқ қурилиб, фойдаланишга топширилади.

Аммо тадбиркор, бу муаммолар унинг манфаатларига тўла мос келадиган тарзда барҳам топишига ишончсизлик билан қарамоқда. Умид қиламизки маҳаллий ҳокимлик бу масалада қонунларга риоя қилинишини таъминлайди.

Толиб Раҳматов
Тайёрлаган Толиб Раҳматов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид