Иқтисодиёт | 14:24 / 14.11.2020
18871
9 дақиқада ўқилади

Тимур Ишметов: Келгуси йилдан давлат молиявий назорати тубдан ўзгаради

Бош прокурор Ниғматилла Йўлдошев раислигида ўтган коррупция масалаларига доир идоралараро комиссия йиғилишида молия назорат органлари фаолияти кескин танқид қилинди. Йиғилиш давомида Йўлдошев бюджет маблағлари талон-торож этилиши ҳолатлари ҳақида маълумот берди. Молия органлари раҳбарлари эса бош прокурор танқидига муносабат билдирди.

«Иқтисодий соҳадаги коррупция ҳақида сўз юритганда, аввало, бюджет маблағларидан мақсадли ва оқилона фойдаланиш йил сайин долзарб муаммога айланиб бораётганлигини ташвиш билан таъкидламоқчиман. Зеро, таҳлиллар энг қуйи поғонадан тортиб, то республика миқёсигача бюджет пулларини талон-торож қилишнинг турли коррупциявий схемалари кенг илдиз отганлигини кўрсатмоқда», — деди бош прокурор.

Таъкидланишича, сўнгги икки йилда республика бўйича 371 миллиард сўм бюджет маблағларини талон-торож қилиш ҳолатлари аниқланиб, бу қилмишлари учун 2477 нафар шахс жиноий жавобгарликка тортилди. Бундай ҳолатлар асосан қурилиш, қишлоқ, сув хўжаликлари, банк, энергетика, таълим ва соғлиқни сақлаш соҳаларига тўғри келади.

«Шу ўринда бюджет маблағларининг рационал тақсимланиши ва мақсадли ишлатилиши юзасидан давлат назоратига масъул молия органлари ўзига юклатилган вазифаларни талаб даражасида бажармаётганлигини ҳам айтиб ўтиш даркор. Эътибор беринг, 2018-2019-йилларда ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ташаббуси билан ўтказилган текширишларда 131,5 миллиард сўмлик талон-торожликлар фош этилган бир пайтда, давлат молиявий назорати идоралари ташаббуси билан 79,4 миллиард сўмлик ёки қарийб икки баравар кам талон-торож қилиш ҳолатлари аниқланган. Молия органларининг бюджет сарфини тўлақонли назорат қилишига, давлат хариди билан боғлиқ йирик талон-торожликларни аниқлашига нима тўсқинлик қилади? Бу аслида коррупция эмасми?», — дея қайд этган Ниғматилла Йўлдошев.

Ниғматилла Йўлдошев

Маълум қилинишича, сўнгги икки йилда молия органларининг 41 нафар ходими коррупция ва суиистеъмолчиликларга қўл ургани учун жиноий жавобгарликка тортилди. Бу идоралар асосан аниқланган қонун бузилиши ҳолатларини яшириш, текшириш ўтказмаслик, бюджетдан ажратилган маблағни ўз вақтида ўтказиб бермаслик, шунингдек, штат бирликларини белгилаш жараёнида суиистеъмолчиликлар кўплаб содир этилмоқда.

«Масалан, давлат молиявий назорати департаментининг Сурхондарё вилоят бошқармаси бош назоратчи-тафтишчиси Н. Узун қурилиш коллежида аниқланган 265 миллион сўмлик камомадни яшириш эвазига коллеж бош ҳисобчиси А.дан 2 минг доллар ва 500 минг сўм олгани учун суд ҳукми билан жазога тортилди. Ёки Олмалиқ шаҳар молия бўлим бошлиғининг биринчи ўринбосари Э. туғруқ комплекси бош шифокори Т.дан комплексда қўшимча 10та штат бирлигини ажратиш масаласини ҳал қилиб бериш эвазига 800 доллар олгани учун суд ҳукми билан жазога тортилди. Бундай мисолларни яна кўплаб барча ҳудудлар кесимида келтиришимиз мумкин», — деди бош прокурор.

Йўлдошевнинг маълум қилишича, энг асосийси ва ташвишлиси – бюджет назоратига масъул бўлган ушбу вазирлик тизимининг ўзида ҳам бюджетнинг маблағлари очиқдан-очиқ талон-торож қилинмоқда. Масалан, ғазначиликнинг Андижон вилоят бошқармаси мансабдор шахслари ходимларга иш ҳақи бериш важи билан банкдан 1 миллиард сўмни ортиқча олинишига эришиб, уни шахсий эҳтиёжлари учун сарфлашган. Ҳозирда мазкур ҳолат бўйича жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда.

«Энди ўйлаб кўринг, молия идораларининг ўзида коррупция авж олган бўлса, халқ тили билан айтганда «булоқнинг бошида ғирромлик бўлса», бюджет интизомини таъминлаш ўзи мумкинми?», — деди у.

Ушбу масалалар юзасидан молия вазири Тимур Ишметов муносабат билдирди. У давлат молиявий назорати натижадорлигини умуман етарли эмас, деб ҳисоблашини билдирди.

Тимур Ишметов

«Шу муносабат билан Молия вазирлиги томонидан «Давлат молиявий назорати тўғрисида»ги қонун ишлаб чиқилган. Тўғрисини айтадиган бўлсак, у ишлаб чиқилиб, аввалида, йил бошида ҳукуматга ҳам тақдим этилган. Лекин охирги пайтларда қўйилган талаблар, умуман комплаенс назоратини йўлга қўйиш, коррупцияга қарши курашишга белгиланган талаблардан келиб чиқиб, мазкур қонунни қайта ишлаб чиқишга қарор қабул қилинди. Бугунги кунда бу қонун лойиҳаси Ҳисоб палатаси билан биргаликда қайта кўриляпти. Бунинг учун тегишли халқаро молиявий ташкилотлардан экспертлар сўраб олинди. Бу – Жаҳон банки, Халқаро валюта жамғармаси экспертларини олган ҳолда, умуман, давлатда давлат молиявий назоратини тубдан қайта кўриб чиқиш керак деган қарорга келишилди ва йил охиригача шу қонунни янгидан ишлаб чиқиш ниятимиз бор.

Молия вазирлиги томонидан юқорида айтилган камчиликларнинг олдини олиш учун бир қатор амалий ишлар ҳам амалга оширилган. Автоматлаштириш юзасидан бюджет ташкилотлари учун янги интерактив хизматлар ишга туширилди. Давлат бюджети ижроси жараёнини янада автоматлаштириш, бюджет ташкилотлари ва молия органлари ўртасида электрон ҳисоботлар алмашинувини таъминлаш ва қоғоз шаклидаги ҳужжатлардан босқичма-босқич воз кечиш юзасидан ишлар амалга оширилмоқда.

Жумладан, «UzASBO» дастурий мажмуасида бюджет ташкилотлари томонида харажатлар сметаси бундан буёғига электрон шаклда шакллантирилиш ва молия органларига тақдим этиш модули ишга туширилди. Вақтинчалик харажатлар сметалари бюджет ташкилотлари томонидан электрон тасдиқланиб, молия органларидан рўйхатга ўтказилиши йўлга қўйилди. Бунда бу жараён ташкилотларнинг молия органларига келмасдан, алоқа орқали амалга оширилади.

Сир эмас, бюджет ташкилотларида иш ҳақи тўловларида бир қатор хато ва камчиликлар билан бирга айрим нопок ходимлар томонидан ҳам иш ҳақи пулларини ноқонуний ҳисоблаш йўли билан ўзлаштириш ҳолатлари ҳам аниқланмоқда. Бу каби ҳолатларнинг олдини олиш мақсадида Молия вазирлиги томонидан Халқ таълими вазирлиги, Мактабгача таълим вазирлиги ходимларининг иш ҳақларини бюджет ташкилотларида иш ҳақи тўловларини ҳисоблаш бўйича автоматлаштирилган дастури жорий йилдан ишга туширилди. Бу билан иш ҳақларининг тўғри ҳисобланишига эришилади.

Шунингдек, ҳурматли бош прокуроримиз юқорида ижтимоий тўловлар тўғрисида ҳам айтиб ўтдилар. Аҳолини ижтимоий қўллаб-қувватлаш учун фуқароларнинг ўзини-ўзи бошқариш органларига ажратилган бюджет маблағларидан мақсадли фойдаланишни таъминлаш мақсадида Молия вазирлиги томонидан Сирдарё вилоятида пилот тариқасида Ижтимоий нафақаларни тайинлаш дастурий мажмуаси ишга туширилди ва муваффақиятли синовдан ўтказилди. Жорий йил якунига қадар ушбу ижтимоий нафақаларни тайинлаш дастурий мажмуаси республиканинг бошқа ҳудудларида ҳам ишга туширилади ва ижтимоий нафақаларни ҳақиқатда муҳтож оилаларга тайинлаш ва тўловларни қисқа муддатларда инсон аралашувисиз амалга ошириш имконияти яратилади.

Юқорида айтиб ўтилган ҳолатларнинг олдини олиш мақсадида вазирликда автоматлаштириш жараёни ва янги талабларга асосан комплаенс тизимини тўлақонли ишга тушириш учун ходимларнинг билим ва кўникмаларини оширишни тақазо этади. Аммо бирламчи натижалар ҳам йўқ эмас. Бир мисол сифатида келтирадиган бўлсак, автоматлаштирилган тизим таҳлили натижасида бу йил Андижон вилоятида ғазна ходимлари томонидан шубҳали амалиётлар аниқланиб, (яъни буни автоматлаштирилган тизим ўзи аниқлаб берган) сигнал орқали жойига чиқиб текширишга асос бўлиб, натижада бош прокуроримиз докладида айтиб ўтилган ҳодиса юзасидан айнан Молия вазирлиги томонидан маълумотлар Бош прокуратурага тақдим этилган.  Бундай маълумотларни тақдим этган ҳолда ҳар доим ҳам Прокуратура томонидан тезкорлик билан муносабат билдиришларига миннатдорчилик билдирамиз», — деди у.

Тимур Ишметовнинг айтишича, ҳудудлардаги давлат молиявий назорат органларига айрим ҳокимликлар томонидан босим йўқ, деб айтиб бўлмайди.

«Яъни у Молия вазирлиги тизимидами ёки айрим босимлар натижасида бошқаларни ҳимоя қилиш учун ишлаяптими? Шунга ҳам шубҳамиз бор. Келгуси фикрим, умуман давлат молиявий назорати хизматлари ҳудудлардаги фаолиятини функционал нуқтайи назардан тубдан қайта кўриб чиқиш керак. Шу йўналишда ҳозирча Ҳисоб палатаси билан бирламчи фикрларимиз бор. Йил охиригача қонунни биз шунақанги қайта ишлаб чиқмоқчимизки, давлат молиявий назорати бирор бир вазирликнинг ичидамас, ягона, яхлит, кучли бир тизим бўлиши керакки, бирон вазирлик ҳам, бирон ҳокимият ҳам ундан устун бўлмаслиги керак. Унгача фойдаси йўқ, умуман фойдаси йўқ», — дея муносабатини якунлади вазир.

Алишер Рўзиохунов
Тайёрлаган Алишер Рўзиохунов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид