Жамият | 13:04 / 16.11.2020
8961
6 дақиқада ўқилади

Урганч шаҳрида аҳоли спорт майдончаси ва новвойхона бузилаётганидан норози

Урганч шаҳрининг «Мустақиллик» маҳалласида истиқомат қилувчи фуқаролар ўзлари яшаётган кўп қаватли уйлар олдида қурилиш ишлари бошлангани, натижада спорт майдончаси ва новвойхона бузилаётганидан норози бўлишмоқда. Тадбиркор эса қонун ўзининг томонида эканини таъкидлаб, қурилишни давом эттиряпти.

2020 йил 20 март куни Урганч шаҳар ҳокимлигининг 406қ-қарорига асосан, «Hamkor Construction SZJ»га Ал-Хоразмий ва Самарқанд кўчалари туташган ҳудуддаги қурилиши тугалланмаган спорт майдончаси ва новвойхона биносини бузиб олиб, ўрнида кўп қаватли турар жой биносини қуришга рухсат берилган.

Шу йилнинг ёзида ушбу ҳудудда қурилиш ишлари бошланди. Аммо бу ҳолат атрофдаги кўп қаватли уйларда истиқомат қилувчи одамларнинг кескин норозилигини келтириб чиқарди. Улар қурилишнинг тўхтатилишини, спорт майдончаси ва нонвойхонани эса сақлаб қолишни талаб қила бошлашади. Натижада, қурувчи ва аҳоли ўртасидаги зиддият келиб чиқади. Ҳатто, вазиятга бир неча марта ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимлари ҳам аралашишига тўғри келган. Можаро ҳал бўлмагач, вилоят ва шаҳар раҳбарлари аҳоли билан учрашиб, «бу жойда ҳеч қандай қурилиш бўлмаслиги»ни ваъда қилиб, одамларни тинчлантиришган.

2020 йил 7 июл куни Урганч шаҳар ҳокимлиги қурилиш учун рухсат берилган 467қ-сонли қарорини «аҳолининг кескин норозилигини келтириб чиқаргани» сабаби билан бекор қилади. Бу ҳақда янги 967қ-сонли қарор ҳам чиққан.

Аммо «Hamkor Construction SZJ» МЧЖ бу қарордан норози бўлиб, судга шикоят аризасини беради. 14 сентябр куни Урганч шаҳар маъмурий суди бу аризани қаноатлантириб, Урганч шаҳар ҳокимлигининг 967қ-қарорини бекор қилади. Суд шаҳар ҳокимлиги ўз қарорини чиқаришда «Hamkor Construction SZJ» МЧЖни огоҳлантирмагани, унинг фикрини эшитмаганини, бундан ташқари, «Мустақиллик» маҳалласи фуқаролар йиғини баённомаси борлигини, унда бир неча фуқаро ҳудудда қурилиш учун розилик билдириб имзо қўйганини қайд этган.

Дарҳақиқат, «Мустақиллик» маҳалласида 7 июл куни ўтказилган йиғилиш баённомасини «қурилиш ишлари бошланишига қарши эмасмиз», деб 23 киши имзолаган. Ушбу ҳужжат судга тақдим этилган.

Ҳозирги вақтда «Hamkor Construction SZJ» МЧЖ қурилиши тугалланмаган спорт майдончаси ўрнида кўп қаватли уйлар қурилишини бошлаб юборди. Бундан норози бўлган аҳоли эса турли ташкилот ва идораларга кетма-кет шикоят хатларини юбормоқда.

«2014 йилда шу ҳудуд обод қилинди. Спорт майдончаси, новвойхона, маҳалла гузари қурилишини ваъда қилишди. Болаларимиз шу майдончада футбол, теннис ўйнаб келишарди. Бу майдонча нега бузилди, нима учун бунга рухсат берилди. Энди болаларимиз қаерда ўйнайди?», дейди 68 ёшли пенсионер Татяна Кобзар.

«Мустақиллик» маҳалласи фуқаролар йиғинида мажлис ўтказилиб, 23 киши қурилишга розилик бериб, баённомани имзолабди. Аммо нега бизни, норози бўлиб турганларни йиғилишга чақиришмади? Биз қурилишга розилик бермаганмиз. Бизни ҳеч ким йиғилишга чақирмади», деди 60 ёшли Галина Шамуратова.

Қайд этиш жоизки, Ўзбекистонда аҳоли яшаш жойларида қурилиш ишларини олиб бориш Шаҳарсозлик кодекси билан тартибга солинади. Унинг 4-моддаси еттинчи қисмига кўра, агар шаҳарсозлик фаолияти жамият, давлат, юридик ва жисмоний шахсларнинг манфаатларига зид бўлса, бундай фаолият тугатилиши керак дейилган. Бу моддага кенгроқ шарҳ берадиган бўлсак, ҳар қандай қурилиш ишлари лойиҳалаштирилиши ва бошланишидан олдин, шу ҳудуддаги фуқаролар, корхона ва ташкилотларнинг манфаатларига зид эмаслиги текширилиши, уларнинг розилиги олиниши шарт ҳисобланади.

«Hamkor Construction SZJ» МЧЖ раҳбари Жавлон Нарметов ер ўзига тегишли эканини ва қонун ҳам ўз томонида эканини таъкидлаб, қурилишни давом эттиришини маълум қилди.

«2018 йилда бу ерни «Qilich Baqqol Qurilish Invest» МЧЖдан сотиб олганман. Қонун бўйича ер меники, мулк дахлсизлиги ҳам таъминланиши шарт. Суд ҳам менинг ҳақ эканимни тасдиқлади. Бу ерда қурилиш бошланишига розилик билдириб, 23 киши баённомани имзолаган. Маҳаллада 6 минг фуқаро яшайди. Уларнинг ҳар биридан розилик олишнинг иложи йўқ. Қурилиш учун барча ҳужжатларни тайёрлаганман», деди у.

Ҳозирги вақтда аҳоли ва қурувчи ўртасидаги зиддият янада кескинлашган ва ўзаро айбловлар даражасига ўтиб кетган. Норози фуқаролар ижтимоий тармоқларда раҳбарлар номига мурожаатлар қилишмоқда, турли идораларга кетма-кет шикоят хатларини юборишмоқда. Уларнинг сўнггисига 44 киши имзо чеккан.

Сўнгги пайтларда кўп қаватли уйлар олдидаги майдончалар, дам олиш ҳудудлари, «яшил ороллар» – бўш турган жой деб талқин қилиниб, турли қурилиш объектлари учун ажратилмоқда. Афсуски, кўп қаватли уйлар орасида ҳар хил бинолар қурилиб, кундан кунга «нафас олгани жой қолмаяпти». Бундай ерларни қурилиш учун ажратиш жараёнида аҳолининг фикри ўрганилмаяпти, ҳисобга олинмаяпти. Натижада, кўплаб зиддиятлар, норозиликлар келиб чиқмоқда. Биз ўрганган воқеа бунга яққол мисолдир.

Яна бир нарса ҳайрон қолдиради. 14 сентябр куни Урганч шаҳар маъмурий суди маҳкамасида бу масала кўриб чиқилганида, норози бўлиб турган аҳолидан ҳеч ким чақирилмаган. Нега судда улардан норозилик сабаби бир оғиз сўралмади? Аксинча, маҳалладаги 23 киши имзолаган, «ҳамма рози» қабилидаги ҳужжат тақдим қилинди? Нима учун маҳаллий идоралар ижтимоий тажангликни юмшатиш чораларини кўрмаяпти?

Урганч шаҳар ҳокимлигига бу зиддият қандай ҳал қилиниши режалаштирилаётгани, аҳолининг талабига қандай муносабат бўлиши, суднинг қарори устидан апелляция бериладими ёки йўқми деган саволларни бердик. Аммо, ҳозирча ҳокимлик томонидан ҳеч қандай жавоб бўлмади.

Нурмуҳаммад Саид

Мавзуга оид