Смартфонлар ва кўриш қобилияти: кўз нурини асраш бўйича тавсиялар
Замонавий инсонни гаджетларсиз тасаввур қилиб бўлмай қолди. Ҳар биримиз борган сари кўпроқ вақтимизни мониторга тикилиб ўтказяпмиз. Бу албатта танамизда, айниқса кўзларимизда из қолдирмай кетмайди. Қуйида кўриш неъматини асрашга оид тавсияларни келтириб ўтамиз.
Инсон бутун ахборотнинг 80 фоизини кўриш орқали олиши аллақачон исботини топган. Баҳоси йўқ бу аъзомизнинг аҳамиятини ҳис қилиш жуда осон – кўзингизни бир дақиқага юминг ва бирор ишни бажаришга уриниб кўринг.
Аммо сўнгги йиллар статистикаси жуда қўрқинчли – одамзот гаджетлар уммонига борган сари кўпроқ шўнғимоқда ва бунинг учун кўзларини қурбон қилишда давом этмоқда.
Тиббиётда эталон ҳисобланувчи немис клиникаларининг сўнгги тадқиқотларига эътибор беринг. Мамлакатдаги 50 млн нафардан ортиқ аҳоли смартфон ва гаджетларга тикилишни одат қилиб бўлган. Айниқса 14-29 ёш оралиғидаги ёшлар ҳар куни (!) камида 274 минутларини мониторга тикилиб ўтказмоқдалар. Бу 2015 йилдагига нисбатан 26 минут кўп дегани. Арзимас фарқ туюлиши мумкин, аммо бу бир ҳафта, ой ёки йилга кўпайтирилса, қанча муддатга айланишини билиш қийин эмас ва бу вақтнинг ҳаммаси кўзга бевосита зўриқиш беради.
Айнан мана шу сўнгги уч йил ичида Германияда кўзойнак тақувчилар сони 1 млн кишига ошган.
Муаммо нимада?
Аслини олганда, мониторга тикилиб нимадир ўқиш ёки ишлашнинг жиддий зарарли томони йўқ. Бироқ меъёрни унутиш албатта муаммо туғдиради.
Одам кўзи шундай табиатга эгаки, ҳамиша нигоҳ нуқтасини ўзгартириб туриш зарур. Гоҳ яқин, гоҳ узоққа, турли тасвирларга тикилиш кўзни машқ қилдириб туради. Гаджетларга мунтазам бир хил масофадан тикилиб туриш эса албатта кўриш қобилиятига салбий таъсир қилади. Кўз олмаси яқин турган телефонни қамраб олиш учун зўриқиб ишлайди.
Рақамлар телефон зарарига
Бир вақтлар газета ёки китобни кўп ўқиш ҳам кўзга зарарли ҳисобланган. Лекин бугунги кун муаммолари олдида у ҳадиклар ўйинчоқ бўлиб қолди. Инсон газета ўқиганида одатда газетани 40 см масофада ушлайди. Компютерда ишлаганидан эса 60-70 см масофа сақлайди. Телефонда эса бу рақам 20-30 сантиметрга тушади ва хавфли тус олади.
Сўнгги 20 йил статистикаси шуни кўрсатмоқдаки, Европанинг аксарият давлатлари орасида болалар шабкўрлиги бир ярим баробар ортган.
Кўзни қандай асраш лозим?
Аввало, дастлабки белгиларга жиддий қараш лозим. Кўз намлиги пасайиши, қизариши, кўриш ўткирлиги ўзгариши, нурларга таъсирчанлик, ёш пайдо бўлиши кабиларнинг бири ёки бир нечтаси пайдо бўлдими, дарҳол жиловни ортга тортинг. Чунки дисплейлардан таралаётган кўкиш нур кўз тўр пардасига салбий таъсир қилади.
Узоқ вақт мониторга тикилиб ўтириши керак бўладиган касб эгалари имкон қадар тез-тез танаффус олишлари, бу вақтда узоқроқ нуқталарга тикилишлари, кўз машқларини бажаришлари мақсадга мувофиқ.
Тадқиқотлар шуни кўрсатмоқдаки, очиқ ҳавода мунтазам сайр қилишга одатланганлар шабкўрликка 30 фоиз камроқ чалинарканлар.
Кўз – витаминларга бой меваларни «севувчи» аъзолардан бири, уни бу неъмат билан сийлаб туринг. Энг муҳими – йилига бир марта шифокор кўригидан ўтишни одат қилинг.
Гаджетларга қайтсак, уларнинг зарари исботини топган. Лекин айнан қанча фойдаланиш безарар деган саволга аниқ жавоб йўқ, сабаби, ҳар бир организм сингари кўзлар ҳам ўзига хос. Лекин бу борада мутахассислар «телефонларга қанча кам тикилсак, шунча яхши» қоидасини афзал биладилар.
Аброр Зоҳидов
Мавзуга оид
22:03 / 14.07.2023
Олинмайдиган батареяларга эга смартфонлар ўтмишда қолиши мумкин
21:03 / 28.06.2022
Nothing Phone 1 шаффоф смартфонининг нархи маълум қилинди
22:34 / 10.01.2022
Honor букланувчи смартфонини тақдим этди
14:36 / 07.09.2021