Жаҳон | 17:57 / 20.11.2020
5298
2 дақиқада ўқилади

Ироқда қоладиган АҚШ ҳарбийларининг сони маълум бўлди

Фото: АҚШ мудофаа вазирлиги

Ироқ ташқи ишлар вазири Фуад Ҳусайн АҚШ қўшинлари олиб чиқиб кетилганидан кейин ҳам икки давлат ўртасида ҳарбий соҳада ҳамкорлик давом этишини маълум қилди.

«Ироқдан олиб чиқиладиган 500 нафар аскар бошқа коалиция кучлари эмас, балки айнан АҚШ аскарлари. Шундай қилиб, Ироқда 2 500 америкалик аскар қолади. АҚШ билан ҳамкорлигимиз ҳарбий, хавфсизлик, разведка маълумотларини алмашиш, ҳаво ҳужумидан мудофаа кучларимизни тайёрлаш ва жиҳозлаш соҳаларида давом этади.

АҚШ қўшинларини олиб чиқишнинг тўртинчи босқичига етиб келдик. Кейинги босқичда АҚШнинг Ироқдаги ҳарбий иштироки бутунлай якунланади. Ироқдаги америкалик аскарлар бу ерда жанг олиб бормайди, балки ҳарбий ўқув машғулотларида қатнашиб, маслаҳатлар бериб боради», деган АҚШнинг Ироқдан ўз қўшинларини олиб чиқиб кетишига тўхталган Ҳусайн.

АҚШ мудофаа вазири ўринбосари Кристофер Миллер АҚШ 2021 йил 15 январгача Афғонистон ва Ироқдаги қўшинлар сонини 2 500 кишигача камайтиришини маълум қилган эди.

Ўткир Жалолхонов
Тайёрлаган Ўткир Жалолхонов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид