Ўзбекистон | 18:02 / 20.11.2020
11889
1 дақиқада ўқилади

Тўрақўрғон ИЭСда аварияли ўчиш содир бўлди

Наманган вилояти Тўрақўрғон туманида жойлашган иссиқлик электростанцияси фавқулодда ҳолатда иккита агрегат ўчиши натижасида Ўзбекистон Республикаси энерготизимида 750 мВт қувват йўқотилди.

Ҳодиса бугун, 20 ноябр куни соат 15:45да содир бўлган. Бу ҳақда «Наманган ҲЭТК» АЖ оператив диспетчерлик хизмати бошлиғи Муҳаммадали Ирисқулов маълум қилган.

Ирисқуловнинг маълум қилишича, Ўзбекистон энерготизимини Қозоғистон Республикаси орқали Россия Федерация билан боғловчи 500 кВАли 530-сонли тармоқ ҳам фавқулодда ўчган.

Бу Наманган вилоятининг электр энергияси таъминотида жиддий муаммолар келтириб чиқариши мумкин. Чунки биргина Наманган вилоятининг 27та 100 кВАли электр узатиш тармоқларида узилиш содир бўлган. 

Айни кунларда республика бўйлаб аҳоли пунктларини электр энергияси тизимидан ўчириш ҳолатлари кескин кўпайган. Норасмий манбаларга кўра, Туркманистон орқали келувчи таъминотда ҳамда Тахиатош иссиқлик электр станциясида ҳам узилиш бўлгани айтилмоқда.

Мавзуга оид