Ўзбекистон | 18:52 / 20.11.2020
50024
2 дақиқада ўқилади

Тўрақўрғон ИЭСдаги авария сабаби маълум қилинди

Тўрақўрғон ИЭСнинг энергоблокларидан бири авариявий тўхташига 2-энергоблокнинг юқори босимли барабанидаги ўлчов датчикларининг импульс линияси музлаб қолиши ва бунинг оқибатида сув сатҳининг кўтарилиши сабаб бўлган. 1-энергоблок эса частотанинг пасайиши натижасида тўхтаган.

Энергетика вазирлиги матбуот хизмати Наманган вилоятидаги Тўрақўрғон ИЭСда авариявий ўчиш юз бериши ва вилоятнинг аксар ҳудудлари электрсиз қолгани ҳолати юзасидан расмий муносабат билдирди.

«Жорий йилнинг 20 ноябрь куни соат 15:51да Тўрақўрғон ИЭСнинг 2та энергоблоки авариявий тўхтади. Бунинг натижасида мазкур станция орқали энерготизимга етказиб берилаётган қувват 600 МВтга камайди.

Бунинг оқибатида водий вилоятлари, Тошкент шаҳри, Самарқанд, Бухоро ва Қашқадарё вилоятларида автоматик равишда чекловлар киритилди. 

Оператив тарзда ўтказилган ўрганишларга кўра, авариявий тўхташ 2-энергоблокнинг юқори босимли барабанидаги ўлчов датчикларининг импульс линияси музлаб қолиши ва бунинг оқибатида сув сатҳининг кўтарилиши натижасида рўй берган. 1-энергоблок эса частотанинг пасайиши натижасида тўхтаган», дейилади хабарда.

Ушбу қувват етишмовчилигини қоплаш учун Тахиатош ИЭСда қуввати 280 МВт бўлган 1-энергоблок соат 16:30да ишга туширилган. Ҳозирда 30 МВт қувватда ишламоқда. Соат 22:00га қадар 200 МВт қувватга чиқарилади.

Толимаржон ИЭСда қуввати 450 МВт бўлган 2-энергоблокнинг газ турбинаси соат 16:11да ишга туширилган. Ҳозирда 300 МВт тўлиқ қувватда ишламоқда.

«Ҳозирда Тўрақўрғон ИЭСда музлаган ҳимоя датчикларини созлаш ишлари бажарилиб, 2-энергоблок соат 17:50да тизимга уланди. Айни пайтда 150 МВт қувват бермоқда. Бугун соат 19:00га қадар қуввати 250 МВтга чиқарилади. 1-энергоблок бугун соат 19:30гача ишга туширилиб, тизимга 200 МВт қувват беради. Натижада бугун соат 21:00га қадар ушбу энергоблокларда 700 МВт қувватга етади.

Шунингдек, электр таъминотидаги узилиш сабабли Зирабулоқ компрессор станциясида бугун соат 15:45да 4та ва 15:55да Ғаллаорол компрессор станциясида 4та газ ҳайдаш агрегатларининг вақтинча тўхташи рўй берди. Соат 16:35га қадар электр таъминоти тикланиб, компрессор станциялари штат режимда ишлашга ўтди», дейилади хабарда.

Мавзуга оид