Ўзбекистон | 14:49 / 25.11.2020
4261
3 дақиқада ўқилади

Равшан Эрматов: «Ҳудудлардаги 30 фоиздан ортиқ мактабларда спортзал йўқ»

Фото: KUN.UZ

24 ноябр куни Миллий матбуот марказида Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги иштирокида матбуот анжумани ўтказилди. Унда Жисмоний тарбия ва спорт вазирининг биринчи ўринбосари Равшан Эрматов иштирок этди.

Равшан Эрматов вазирликнинг бу йил ҳисобида амалга оширган ҳамда келгуси йилга мўлжаллаган режалари ҳақида гапирди.

«Олдимизга қўйилган талаблардан бири – пандемия даврида касалликларни спорт орқали бартараф этиш. «Соғлом турмуш тарзини кенг татбиқ этиш ва оммавий спортни янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги 6099 сонли фармонининг натижаси сифатида республикамизнинг барча шаҳарларида «5 минг қадам юриш», «10 минг қадам юриш», соғломлаштириш учун мўлжалланган марафонлар, уларни эстафета шаклидан бир шаҳардан бошқа шаҳарга берилишига гувоҳ бўлмоқдамиз.

Бундан ташқари, оммавий спорт мусобақаларини кенгайтиришни режалаштирганмиз. Футбол борасида «Чарм тўп», «Маҳаллада футбол», «Футболимиз келажаги» мусобақалари ташкил этилди, Шунингдек, минифутбол, юриш, югуриш, бадминтон каби спорт турлари бўйича маҳаллаларда ҳокимиятлар билан биргаликда майдончалар барпо этилади ва бу катта спорт инфраструктурасини яратиб беради. Буларнинг ҳаммаси оммавийликни ошириш учун, сабаби профессионал спортга ҳам оммавийликдан чиқилади», – деди Равшан Эрматов.

Вазир ўринбосари спортчиларни олимпия ўйинларига тайёргарлик кўришида жаҳон тажрибасига мурожаат қилинишига ҳам урғу берди: «2022 йилда Ханжоуда Осиё ўйинлари, 2024 йил Парижда олимпиада ўйинлари ўтказилади. Олимпиадага тайёргарлик ишларини резерв тариқасида ҳозирдан бошлашимиз керак. Чунки 1-2 йил қолганда тайёргарликни бошласак, кеч қолган бўламиз. Халқаро тажрибага қарайдиган бўлсак, улар спортчиларни ёшлигидан селекция қилишади ҳамда 10 йилдан кейин келадиган мусобақаларга олдиндан очиқ рўйхат қилиб, спортчиларни ҳар бир спорт тури бўйича танлаб олишади.

Улар билан 10 йил мобайнида тизимли иш олиб борилади. Биз ҳам худди шундай селекцияни олдинроқ қилиб, спортчиларни олдинроқ тайёрлаб боришда халқаро тажрибадан унумли фойдаланишни олдимизга мақсад қилиб қўйганмиз», – деди Эрматов.

Вазир ўринбосари Равшан Эрматов умумтаълим мактабларининг 30 фоизидан кўпроғида спортзаллар мавжуд эмаслигини айтди: «Вилоятлар ҳамда ҳудудларга чиққанда умумтаълим мактабларининг 30 фоизидан кўпроғида спортзаллари мавжуд эмаслигига гувоҳ бўлдик. Қишда болалар қаерда спорт билан шуғулланишади, деган саволга жавоб топиш жуда мушкул. Биз спорт инфраструктураси йўқ ҳудудлардан бошлаб рўйхат туздик ва рўйхатдаги ҳудудларда босқичма-босқич Қурилиш вазирлиги, ҳокимиятлар билан биргаликда спортзаллар барпо этилади», – деди Равшан Эрматов.

Мавзуга оид