Жаҳон | 16:31 / 28.11.2020
16741
1 дақиқада ўқилади

Эрон ядрочи олимнинг ўлими учун қасос олинишини билдирди

Фото: Reuters

Эрон ҳукумати мамлакат Мудофаа вазирлигининг тадқиқот ва инновациялар ташкилоти раҳбари Муҳсин Фахризоданинг ўлими учун жавоб қайтаради. Эрон олий раҳнамоси маслаҳатчиси Ҳусайн Деҳқон ана шундай баёнот билан чиқди, деб хабар берди Mehr агентлиги.

“Биз шаҳиднинг қотилларига чақмоқ янглиғ ташланамиз”, – деди у.

Шунингдек, Эрон президенти Ҳасан Руҳоний ҳам ядрочи олимнинг ўлими жавобсиз қолмаслигини айтди.

“Бу жиноятга ўз вақтида жавоб қайтарилади”, – деди у.

Эслатиб ўтамиз, 27 ноябр куни Теҳрон яқинида Эрон ядровий дастури муаллифларидан бири, ядрочи олим Муҳсин Фахризода ўлдирилди. Фахризода мамлакат пойтахти яқинидаги Абсард аҳоли масканида террорчилар ҳужуми қурбони бўлган. Қайд этилишича, дастлаб худкуш ўзини портлатган, сўнгра олимнинг автомобили ўққа тутилган.

Эрон ташқи ишлар вазири Жавод Зариф қотилликка Исроил алоқадор бўлиши мумкинлигини айтган.

Дилшод Аскаров
Тайёрлаган Дилшод Аскаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид