Ўзбекистон | 19:29 / 07.12.2020
19491
3 дақиқада ўқилади

Тошкент шаҳар прокурори — пойтахтдаги ноқонуний қурилишлар ҳақида

Прокуратура шаҳар ҳокими қарори билан берилган қурилиш объектлари бўйича киритган протестлар сони бир йилда 3 баробарга ортди.

Тошкент шаҳар прокурори Баҳриддин Валиев оммавий қабуллар ҳафталиги доирасида, Kun.uz мухбири билан суҳбатда Тошкентдаги ер ажратиш ва қурилиш ишлари ҳақидаги фикрларини билдирди.

«Тошкент шаҳрини олсангиз, жуда кўп қурилишларга рухсат берилиб кетган. Назаримда, буни шаҳар ҳокимига боғлаш нотўғри бўлади. Мен буни ўрганиб кўрганман.

Биласизми, қурилиш қилаётган фуқаро ерни бир мақсадда олади, иккинчи мақсадга ишлатади. Масалан, бир қаватли бино ёки офис қураман, дейди. Кейин иккинчи марта мурожаат қилади-да, 8-9 қаватли уй қураман дейди.

Бу ерда асосий манфаат – тезда сотиб, тезда бойиш. Шуни хоҳлайдиган, бошидан ғирромлик қиладиган одамларимиз ҳам бор. Бунга йўл қўйиб бераётган мутахассисларимиз ҳам йўқ эмас.

Президентимиз тадбиркорликни қўллаб-қувватла, деган талабни қўйяпти. Биз уларни қўллаб-қувватлаймиз деб қанча ҳаракат қиляпмиз, айрим тадбиркорлар эса бу саъй-ҳаракатларимиздан нотўғри фойдаланяпти.

Буни шаҳар ҳокимининг қарори десак, бу битта одамга ёки бир гуруҳ одамларга боғлиқ бўлиб қолмаяпти. Бунинг бошдан бош нотўғри кетиб қолган жойлари ҳам бор.

Биз шаҳар ҳокими билан гаплашганмиз. Уларнинг ҳам фикри биз билан бир хил – қонун устуворлигини, жазо муқаррарлигини таъминлаш. Бирорта ноқонуний жой берилиб, эртага бузилиш даражасига боришига йўл қўймасликка келишиб олганмиз», – дейди шаҳар прокурори.

Унинг айтишича, айни пайтда шаҳар прокуратураси томонидан 60та ҳолатда қурилиш объектларининг қонуний берилиши юзасидан ўрганиш ўтказилмоқда.

«Бизга халқ депутатлари Тошкент шаҳар кенгаши томонидан шаҳардаги 60 та қурилиш объектларининг қанчалик тўғри ёки нотўғри берилганини ўрганиб чиқиш бўйича хат келиб тушган.

Ҳозирча ярим қисмини ўрганиб чиқдик, қамров жуда катта. Кенгашга ўз хулосаларимизни берамиз. Агарда ноқонуний деб топадиган бўлсак, шаҳар ҳокимининг қарорини бекор қилиш тўғрисида протестлар келтириб боряпмиз», – деди Баҳриддин Валиев.

Маълум қилинишича, пойтахт прокуратураси шаҳар ҳокими қарори билан берилган қурилиш объектлари юзасидан 2019 йилда 14 та, 2020 йилда 47 та протест киритган.

Мавзуга оид