Ўзбекистон | 15:12 / 11.12.2020
8895
3 дақиқада ўқилади

«Суюлтирилган газ реал эҳтиёжга нисбатан анча кам етказилмоқда» – сенатор

Бир оила учун бир ойлик суюлтирилган газ лимити 20 кг деб белгиланган, аммо амалда 11,7 кг газ тўғри келмоқда.

Фото: KUN.UZ

Суюлтирилган газнинг эҳтиёжга нисбатан кам ишлаб чиқарилиши уни етказиб беришда кўплаб муаммоларни келтириб чиқармоқда. Бу ҳақида Сенат кенгашининг аҳоли ва тадбиркорлик субъектларини электр энергияси, табиий ва суюлтирилган газ ҳамда кўмир билан таъминлаш ҳолатини ўрганишга бағишланган йиғилишида сўз борди.

Kun.uz мухбирининг хабар беришича, бир оила учун бир ойга мўлжалланган газ лимити 20 кг.ни ташкил қилиши белгилаб қўйилган, аммо амалда оила бошига 11,7 кг газ тўғри келмоқда. 

“Суюлтирилган газни ўз вақтида етказиб бериш билан боғлиқ муаммолар талайгина. Наманган, Фарғона, Андижон, Қашқадарё, Самарқанд вилоятларида суюлтирилган газни етказиб бериш 50-60, айрим ҳолатларда 90 кунгача чўзилиши аниқланди.

Шунингдек, суюлтирилган газни белгиланган миқдордан анча кам бериш ҳолатлари ҳам мавжуд. Газ баллоннинг музлаб қолган қисмини тозаламасдан тўлдириш оқибатида 20 кг эмас, 10 кг газ етиб боряпти. 10 кг газни қандай қилиб 45 кунга етказиш мумкин?

Хонадонда истиқомат қилувчилар сонига эътибор қилмай, 2 киши учун ҳам 1та, 10 киши учун ҳам 1та газ баллон бериш ҳолатлари бор.

Бундай муаммолар аҳолини хусусий тармоқлардан 2-3 баравар қиммат нархда ёки “Ҳудудгазтаъминот” омборларидан яширин равишда белгиланган нархдан қимматроққа сотиб олишга мажбур қиляпти.

Суюлтирилган газнинг реал эҳтиёжга нисбатан сезиларли даражада кам етказиб берилиши ҳолати сўнгги йилларда ўзгармай қоляпти”, деди йиғилишда сўз олган сенатор Қутбиддин Бурҳонов.

Билдирилишича, 2020 йилда аҳолининг суюлтирилган газга бўлган эҳтиёжи 837,8 минг тоннани ташкил қилади. Бироқ амалдаги эҳтиёжга нисбатан 278,9 минг тонна кам газ етказилиши кутилмоқда. Бундай ҳолатлар 2018-2019 йилларда ҳам кузатилган.

Йиғилишда табиий газга бўлган эҳтиёжни прогнозлаштиришдаги камчиликлар оқибатида истеъмол ва таъминот ўртасидаги номувофиқликлар хусусида ҳам сўз борди.

“Табиий газни етказиб бериш ҳажмлари йил сайин ошиб бораётган бўлса-да, аҳолининг мавжуд эҳтиёжлари қопланмаслиги, прогнозга нисбатан истеъмолнинг юқори бўлиши кузатилмоқда.

2020 йилда иқтисодиёт тармоқларига етказиб берилиши кутилаётган табиий газ ҳажми 2019 йилга нисбатан 102,5 фоизга, аҳолига етказиб бериш ҳажми эса 2019 йилга нисбатан 113,1 фоизга ўсиши кўрсатилган. Аммо шунга қарамай, эҳтиёж қопланмаяпти.

Вилоят ҳокимликлари томонидан қилинган прогнозларнинг реал эҳтиёжларга мос келмаслиги табиий газ билан таъминлай олмасликка олиб келяпти”, деди Қутбиддин Бурҳонов.

Мавзуга оид