Ўзбекистон | 19:00 / 21.12.2020
5338
3 дақиқада ўқилади

«Ипак йўли» туризм халқаро университетида FLTAL конференцияси ўтказилди

21-22 декабр кунлари «Ипак йўли» туризм халқаро университетида X FLTAL-2020 онлайн-анжумани бўлиб ўтди. Унда йигирмата давлатдан юзга яқин иштирокчи қатнашди.

Маълумот ўрнида айтиш мумкинки, FLTAL уюшмаси Ўзбекистонда чет тиллар ўқитиш соҳасида жаҳон педагогик инновациялари ва энг сўнгги илмий-методик тадқиқотларни тақдим этиб келмоқда.

Анжуманда Қозоғистон, Россия, Хитой, Сингапур, Япония, Таиланд, Туркия, Италия, Канада, Саудия Арабистони, Венгрия, Қатар, Жанубий Корея, АҚШ, Словения, Янги Зеландия, Исроил, Қирғизистон, Эрон, Фаластин каби мамлакат вакиллари иштирок этишди.

Тилшунослик профессори Азамат Акбаров ташаббуси билан асос солинган FLTAL узоқ йиллар давомида ҳақиқий брендга айланди, илмий доираларда кенг танилди. Чунки у оз эмас, кўп эмас, филолог олимлар, тилшунослар, тил ўқитувчиларининг ўзига хос олимпия ўйинлари каби ўтади. Нуфузли жаҳон экспертлари таассуротига кўра, мутахассисларнинг анжуманда намойиш этилган амалий педагогик ва илмий-тадқиқот ишларида бевосита эришган ютуқлари методик таълим жараёнини жиддий чуқурлаштириш ва такомиллаштириш, самарали натижага эришишга кетадиган вақтни сезиларли даражада қисқартириш, замонавий тилшунослик ривожида янги истиқболлар ва ривожланиш йўлларини белгилаб олиш имконини берди.

Конференция ташкилотчилари – «Ипак йўли» туризм халқаро университети, Ўзбекистон Республикаси Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси ва Пекин халқаро алоқалар университети бундай лойиҳани муносиб равишда жаҳон талаблари даражасида амалга оширишга эришди.

Конференцияда фаол қатнашган талабалар орасида «Энг яхши мақола» номинацияси бўйича тақдирлаш маросими ўтказилди. Ушбу рағбат талабаларни илмий мақолалар ёзишга ва бу каби халқаро миқёсдаги тадбирларда академик кўникмаларни ривожлантиришга ёрдам бериши шубҳасиз.

Анжуманнинг очилиш маросимида Пекин Халқаро алоқалар университети проректори Ченг Вей, Ўзбекистон давлат Жаҳон тиллари ректори Улуғбек Азизов, Қорақалпоғистон Миллий университети проректори Атабек Алимов ўз нутқлари билан конференция иштирокчилари олдида чиқиш қилишди.

"Ипак йўли" халқаро туризм университети жамоатчилик билан ишлаш бўлими

Мавзуга оид