Ўзбекистон | 00:14 / 21.12.2020
48123
3 дақиқада ўқилади

Жасур Фозилов Бухоро шаҳри прокурори лавозимига қайтди

Устидан хизмат текшируви тайинланиб, вазифасидан вақтинча четлатилган Бухоро шаҳри прокурори Жасур Фозилов интернетдаги шов-шувли чиқишлари ортидан лавозимига қайтди.

Ижтимоий тармоқларда шу ҳақда тарқалган хабарни Бош прокуратура матбуот котиби Ҳаёт Шамсиддинов ЎзАга тасдиқлаган.

Айни пайтда, ижтимоий тармоқларда Жасур Фозиловнинг яна бир мурожаати видеоси тарқалмоқда. Унда прокурор ҳолат юзасидан Республика идоралараро комиссияси қароридан рози эканини айтади.

«Ассалому алайкум, муҳтарам президент. Менинг ушбу мурожаатим шахсан сизга. Мен ижтимоий тармоқлар орқали ўзим прокурор бўлиб, ўзим қонунни ҳимоя қиладиган шахс бўлиб, сиздан адолат сўраб мурожаат қилган эдим.

Менинг мурожаатларим асосида, шахсан сизнинг ташаббусингиз билан Республика идоралараро комиссияси тузилиб, Бухорога юборилди. Чунки менга, менинг оила аъзоларимга, яқинларимга нисбатан қонунсиз ҳаракатлар, тазйиқлар бошланган эди.

Мен бугун комиссиянинг қарори билан танишиб чиқдим. Комиссия томонидан барча ҳолатлар адолатли, холисона ўрганиб чиқилган. Шу жумладан, менинг ҳам хато ва камчиликларим аниқланиб, менга нисбатан ҳам жавобгарлик белгиланиши назарда тутилган.

Барча ҳолатлар комиссия томонидан ўрганиб чиқилган. Баъзи ҳолатларга фуқаровий суд ишларини юритиш тартибида аниқлик киритиш тўғрисида хулоса қилинган. Менинг устимдан аризани уюштирган тадбиркорлар ҳам бош прокурор номидан фойдаланиб келаётганликлари комиссия аъзолари томонидан аниқланган.

Мен бу қарорни ўқиб, ундан адолатни топдим. Сизга минг раҳмат. Барча йиғилишларда, селекторларда доим таъкидлайсиз, халқ қонун устуворлиги таъминланаётганини билиши керак. Ушбу сўзларингиз исботини шахсан сиз томонингиздан қилинган ҳаракатлар натижасини ўзимда кўрдим.

Оилам, яқинларим, ўзим минг бор раҳмат деймиз сизга. Бу менинг ўзим учун ҳам катта бир дарс бўлди. Мен қаерда ишлашимдан қатъи назар, шу юрт учун, адолатни қарор топтириш учун, қонун устуворлигини таъминлаш учун энг охирги қоним қолгунча хизмат қилишга ваъда бераман.

Аллоҳ сизни қўллаб-қувватласин. Янги Ўзбекистон учун қилаётган буюк ишларингиз, давлатни, қонун устуворлигини таъминлашдаги ишларингизга доим омад тилайман. Доимо соғ бўлинг», – дейди Жасур Фозилов.

Эслатиб ўтамиз, Бухоро шаҳар прокурори 11 декабрдан бошлаб кетма-кет видеомурожаатлар билан чиқиш қилган, унда бош прокурор ва тизимнинг уч нафар ходими устидан давлат раҳбарига шикоят қилган эди.

Бош прокуратура ўз баёнотида Фозиловнинг барча даъволари «шаффоф ва ошкора» тарзда ўрганилиши, бу текширувда жамоатчилик назоратини таъминлашга тайёрлигини эълон қилган эди.

Республика комиссиясининг хулосаси ҳақида ҳозирча маълумот берилмади.

Мавзуга оид