Иқтисодиёт | 17:54 / 22.12.2020
30230
9 дақиқада ўқилади

Сут маҳсулотлари қимматлашмоқда: сабаб, вазият ва оқибат

Сут ва сут маҳсулотларининг доимий харидорлари сўнгги пайтларда нарх ошаётганини ҳис қилишди. Қиймат кўтарилиши билан бирга айрим етакчи компаниялар маҳсулоти танқислиги ҳам кузатилмоқда. Кичик дўконларга сут деярли келмаяпти, йирик тармоқларнинг айримлари аввалдан тузиб қўйилган шартномалар эвазига маҳсулот олишяпти, айримларида қолдиқлар сотиляпти.

Сут ва сут маҳсулотлари нархи ошаётганини Kun.uz мухбирларининг республика бўйлаб ўрганишлари ҳам тасдиқлайди. 20 декабр кунги нарх-наволар ҳақидаги маълумотларга кўра, сут нархи Урганч ва Жиззахда 4 минг сўм бўлгани ҳолда республика бўйлаб ўртача 5-6 минг сўм атрофида, айрим жойларда 8 минг сўмгача чиқиб кетгани кузатилган.

Бу хом сут, яъни қадоқланмаган, пиширилмаган ва кўп ҳолларда ёғи олинган маҳсулот нархлари. Аммо қадоқланган маҳсулотларда нафақат нарх ошяпти, балки маҳсулотнинг кескин танқислиги ҳам кузатиляпти.

Бунинг сабабларини ўрганиш учун уйида чорвачилик билан шуғулланувчилар, йирик чорвадорлар, тайёр маҳсулот қадоқловчилар ва сотувчилар билан суҳбатлашдик.

Маълум бўлишича, сут қийматининг шаклланиши кўп марта ўрганилган гўшт нархи муаммолари билан айни бир хил экан. Яъни хомашё етказувчиларнинг аксарияти бир хил гапни такрорлашди – сигирни боқиш учун ем, пичан қиммат. Зарур майдонлар йўқлиги, озуқа базаси ғариблиги хомашё ҳажмига салбий таъсир қилади.

Санжар Муҳаммеджанов, «Меҳнат Агрофирмаси» МЧЖ иш бошқарувчиси:

– Бизда 970 бош қорамол, 2,5 мингта қўй бор. Ҳар куни ўртача 4700 литр сут топширамиз. Биз одатда қишин-ёзин сут нархини бир хил сақлаймиз, яъни йиллик шартномаларга кўра ишлаймиз. Чунки қишда сут истеъмоли ошади, ёзда эса аксинча, сутга талаб камаяди, бундай пайтларда сутни узоқ сақланиши мумкин бўлган маҳсулотлар ишлаб чиқарувчиларига топширамиз.

Энди умуман сут нархи ошиб бораётганига келсак, бунинг аниқ сабаблари бор ва булар чорвачиликни азалдан қийнаб, ривожланишига тўсқинлик қилиб келаётган муаммолардир. Бир бош қорамол учун норматив бўйича 0,45-1 гектар суғориладиган ер берилиши керак. Мана, бизда шунча чорва бўлатуриб, 143 гектар еримиз бор. Мажбурликдан четдан озуқа сотиб оламиз ва бу таннархга таъсир қилмай қолмайди.

Қолаверса, байрам фактори ҳам бор. Яъни янги йил байрами арафасида сутга бўлган талаб кескин ошади. Биз шартнома бўйича бир маромда ишлаганимиз билан шахсий хўжаликда қорамол боқувчилар талабга кўра нархни оширади.

«Evro Ekfin» МЧЖ (Rash-Milk савдо белгиси), Ҳусниддин Мамасиддиқов, хомашё ва ташқи савдо менежери:

– Сут маҳсулотлари қимматлигига сабаб, асосан, хомашёлар таннархи баландлигида. Дунё бозорида хом сут арзонлиги сабаби ривожланган давлатларда чорвачилик мукаммал ривожланган. Яъни ер ҳажмига нисбатан сут берувчи қорамолнинг сут унумдорлиги юқори ҳисобланади.

Ўтган йиллар давомида мутахассислар йўқлиги, ветеринария хизматлари юқори эмаслиги хомашё тақчиллигига катта таъсир кўрсатди. Лекин мана аста-секин давлат раҳбари томонидан чорвачиликнинг ҳам кластерга айлантирилиши, қорамол наслларини такомиллаштириш, наслли қорамолларни чет давлатларидан олиб келиш ва уларни маҳаллийлаштириш амалга оширилмоқда. Бу ўз-ўзидан сут миқдори унумдорлигини оширади. Шу билан бирга, хомашё сифати ва ҳажми ҳам ошади.

Бу йил ҳар бир соҳа учун қийин йил бўлди. Пандемия сабаб сутчилик йўналишида ишловчи кўпчилик кичик ишлаб чиқарувчилар фаолияти тўхтаб қолди. Чунки контрабанда йўли орқали сут маҳсулотлари кириб келиши туфайли улар рақобатга дош бера олмай қолдилар. Бундай ҳолатлар қаттиқ назоратга олинса, маҳаллий ишлаб чиқарувчилар томонидан ишлаб чиқарилган сут маҳсулотлари ҳажми ортиб боради.

Musaffo савдо белгиси маркетинг бўлими бошлиғи Малик Рўзибоев:

– Сут маҳсулотлари танқислиги қатор омилларга боғлиқ. Пандемия даврида аҳоли маълум хавотирлар ортидан «қўлдан» қадоқланмаган сут харид қилишни кескин камайтирди, кўчалардаги сут сотувчилар ҳам ҳаракатлана олишмади. Табиийки, қадоқланган сутга бўлган талаб ошди.

Умуман, сут истеъмолининг ўзи ошди, одамлар саломатликка эътибор қаратишди ва бу маҳсулотга жиддийроқ аҳамият бера бошлашди. Қолаверса, мавсумий фактор ҳам бор.

– Бу жараённинг фаолиятингизга таъсирини ҳамда нарх ўсишини рақамларда ифодалай оласизми?

– Ишлаб чиқариш ҳажмимиз икки баробар ошди. Маҳсулот нархини эса ўртача 10 фоизга оширдик. Бунинг ҳам объектив сабаблари бор ва улар, асосан, хомашёга бориб тақалади. Чорвачиликнинг комплекс муаммолари фаолиятимизга бевосита таъсир қилмай қолмайди.

– Нега маҳсулот кичик дўконларда йўқ, йирикларида бор? Танқислик пайтида танлаш сиёсати олиб бориляптими?

– Йўқ, гап шундаки, кичик дўконларда катта айланма маблағ, йирик ҳажмдаги маҳсулотни сақлаш имконияти йўқ. Яъни кўпчилиги нари борса бир ҳафтага яраша маҳсулот олади. Талаб ошган пайтда бу маҳсулот икки-уч кунда тугаб қолади ва қолган пайтда харидорларни қайтаришга мажбур бўлади. Йирик тармоқлар эса бир неча ойлик захира қилиб қўя оладилар, тугаш прогнозини олдиндан чамалайдилар ва ўрнини тўлдирадилар.

– Танқислик ва нархга байрам фактори рол ўйнайдими?

– Фикримча, ундай эмас. Сут ва сут маҳсулотлари ҳар куни истеъмол қилинадиган товарлар тоифасига киради. Айнан қиш мавсумида уларга табиий талаб ошади, аммо бирор байрам таъсирини сезмаганмиз.

Қадоқланган сут маҳсулотининг етакчи ишлаб чиқарувчиси ва етказиб берувчиси бўлган Lactalis Central Asia компанияси бош директори Кристиан Ҳуберт билан ҳам бевосита учрашдик.

  • Nestle компанияси Ўзбекистондаги сув ва сут қадоқлаш бизнесини Франциянинг Lactalis компаниясига сотган. Яъни айни пайтда Nestle Sutim сифатида танилган маҳсулот номи аста-секин Lactel деб ўзгартирилмоқда.

Жаноб Ҳуберт, биз билган Nestle Sutim маҳсулоти нархи ошиши ва маҳсулот танқислашиши бизнеснинг янги эгаси бўлган Lactalis компаниясининг нарх сиёсати билан боғлиқми?

– Йўқ. Бунга табиий жараён сифатида қарашимиз лозим. Тўғри, биз октябр ойида маҳсулот нархини 6 фоизга оширдик. Аммо ўтган вақт давомида инфляция ва бошқа турдаги маҳсулотлар нархи ошиши бундан баландроқ бўлди. Шунингдек, хорижий валюта қиймати ҳам мунтазам кўтарилиб бормоқда, бу ҳам охир-оқибат маҳсулот таннархига таъсир қилмай қолмайди. Умуман, хомашё нархи ошишига келсак, бу жуда кўплаб факторларга боғлиқ ва билишимча уларнинг ечими, яъни чорвачилик ривожи бўйича Ўзбекистонда маълум дастурлар амалга оширилмоқда.

– Нарх бўйича тушунарли, лекин маҳсулот танқислигини қандай изоҳлаш мумкин? Айрим кичик дўконларда маҳсулот деярли йўқолиб қолди.

– Ўзи умуман пандемия жуда кўп нарсани ўзгартириб юборди. Масалан, бизнинг иккинчи маҳсулотимиз – қадоқланган сув савдоси кескин тушиб кетди. Чунки айни қизғин мавсумда одамлар уйда бўлишди, кўчада савдолар чекланди.

Сут маҳсулотларимизда сотув ҳажми эса аксинча 30 фоиз атрофида ошди. Бу ҳам тушунарли, одамлар умумий овқатланиш масканларига бормадилар, уйларида егулик тайёрладилар, ана шундай пайтда, табиийки, бундай маҳсулотларга талаб кўпайди.

– Сут маҳсулотига талаб ошишида мавсум ва байрам фактори рол ўйнайдими?

– Ҳа, ёзда сув савдоси кучайгани каби қиш мавсумида сут истеъмоли ҳам ошади. Янги йил байрами эса ширинликлар тайёрланадиган, дастурхон тўлдириладиган байрам. Табиийки, бу фактор ҳам сезиларли рол ўйнайди. 

Сотувчилар нима дейди?

Korzinka.uz супермаркетлар тармоғи раҳбари Зафар Ҳошимов:

– Қадоқланган сут нархи бизнинг тармоқда барқарор турибди, яъни эски баҳосида сотилмоқда. Аммо ишлаб чиқарувчилар томонидан маҳсулот етказиб бериш ҳажми кескин камайган. Бунинг сабабларини суриштирсак асосан бир хил жавоб эшитяпмиз – хомашё камайган, талаб ошган ва ишлаб чиқарувчилар учун сутни шунчаки қадоқлаб сотгандан кўра оддий сутга нисбатан қўшимча қиймати юқори бўлган бошқа маҳсулотлар ишлаб чиқариш фойдалироқ бўлиб қолган.

Шартномаларга келсак, уларнинг шартлари вазиятга кўра ўзгартирилиши мумкин. Сабаби, қишлоқ хўжалик маҳсулотлари ҳажми ва қиймати жуда кўп факторларга боғлиқ. Об-ҳаводан тортиб ҳосилдорликкача ҳаммаси рол ўйнайди. Шундай экан, заруратга кўра ҳамкорларимиз билан маҳсулот ҳажми ва нархлар бўйича бандлар қайта кўриб чиқилиши мумкин.

Бу занжирда жиддий ўрни бўлган сут етказиб берувчи фермерлар ҳам бугунги вазиятдан келиб чиқиб нарх белгилайдилар. Қисқа қилиб айтганда энг муҳим йўналишларда (ёқилғи, об-ҳаво, ҳосилдорлик, чет элдан қорамол олиб келиш, транспорт, озуқа ва ҳ.к.) нархлари ва ҳажмларидаги ўзгаришлар қадоқланган сут таклифи ва баҳосида акс этмай қолмайди.

Ўзбекистонда аҳоли сони мунтазам ошиб бормоқда, табиийки, сут маҳсулотларига талаб ҳам энди кўпаяверади. Ўзи шундоқ ҳам сут истеъмоли дунёнинг кўпчилик давлатларига нисбатан паст бўлиб турган бир пайтда бу маҳсулот баҳосидаги тебранишлар ёки танқисликлар харидорни ўйлантириши тайин.

Аброр Зоҳидов

Мавзуга оид