Ўзбекистон | 17:10 / 30.12.2020
11275
10 дақиқада ўқилади

Газлидаги газ конларига пресс-тур

Бухоро шаҳридан Газли ҳудудига етиб боргунча енгил машинада қарийб икки соат йўл юрасиз. Тўрт томон ҳам чўл, қум барханлари билан ўралган. Сув йўқ; саксовулзор, юлғунзор, холос. Қақраган ялангликларга қараб, бу жойларда нега юрганингизга ҳайрон қоласиз. Табиийки, ёзи ҳам, қиши ҳам ўзига хос бўлади бу ҳудудларнинг.

24–25 декабр кунлари «Ўзбекнефтгаз» акциядорлик жамияти томонидан Бухоро вилоятига пресс-тур ташкил қилинди. Тадбир давомида журналистлар Газли нефт ва газ қазиб чиқариш бошқармаси табиий газ қазиб олиш конлари фаолияти билан танишдилар.

Сафар Баҳоуддин Нақшбанд мажмуасидан бошланди. Хатми Қуръон қилинди.

Оммавий ахборот воситалари вакиллари газ қазиб олишни ошириш, қазиб олиш миқдорини назорат қилиш ва тезкор қарорлар қабул қилиш учун ташкил этилган Учқир конидаги углеводород қазиб чиқариш штабига етиб борди.

Штаб ҳам чўлнинг ўртасида, ҳудудда ундан бошқа объект, аҳоли яшаш пункти йўқ, фақат соҳа эгалари. Ўша жойдан нефт ва газ конлари томон йўлтанламас машиналарда йўлга чиқилади.

Маълумот ўрнида айтиш лозим, «Ўзбекнефтгаз» акциядорлик жамиятининг Газли нефт газ қазиб чиқариш бошқармаси тасарруфида 29 та нефт ва газ конлари мавжуд. Шундан 22 та кондан саноат миқёсида табиий газ қазиб олинмоқда. Қолган 7 та конда геологик қидирув ва жиҳозлаш ишлари давом этяпти. Ушбу конларда 228 та ишлатиш қудуқларидан бир кунда 12,5 млн м3 газ ва 140 тонна газ конденсати қазиб олинади.

Геологик қидирув ишлари тугатилган ва бугунги кунда синов тариқасида ишлатилаётган конлардан бири «Андакли» кони ҳисобланиб, кондан жорий йилда 81 млн куб метр табиий газ ва 500 тонна газ конденсати қазиб олиш режалаштирилган.

Дастлабки объект «Андакли» кони бўлди. Кондаги 5-сонли қидирув қудуғида Юра қатламининг нефт ва газга истиқболлилигини ўрганиш мақсадида бурғулаш ишлари тугатилган. Ҳозирги кунда ишга тушириш учун ўзлаштириш жараёнлари олиб борилаётган қудуқ фаолияти билан танишилди.

Бурғулаш ишларини мувофиқлаштириш департаменти бошлиғи Элёр Маматов

«Ўзбекнефтгаз» акциядорлик жамиятининг бурғулаш ишларини мувофиқлаштириш департаменти бошлиғи Элёр Маматов 5-сонли қудуқни бурғулаш жараёни ва унинг захираси ҳақида маълумот берди. Маматовнинг айтишича, мазкур қудуқда жорий йилнинг август ойида бурғулаш ишлари бошланиб, декабрнинг бошларида жараён якунланган. Қудуқнинг чуқурлиги – 2481 метр; у ердан суткасига 426 минг куб газ маҳсулоти олинмоқда.

Пресс-тур қатнашчилари қудуқлардан чиқаётган газ оқимининг ишга туширилиш жараёнига гувоҳ бўлдилар.

Мутахассисларнинг айтишича, қудуқни ўзлаштиришда маҳсулдор қатлам очилиб, ишлатиш қувурлари тушириб цементлангандан кейин сиртлар лой қатлами ва цемент билан қопланади. Қудуқ туби механик бирикмалар, бурғулаш қоришмалари ва бошқа механик жисмлардан тозаланиб, норматив ҳужжатлар асосида 72 соат мобайнида машъала ёқиб, синов ишлари ўтказилади.

Қудуқни ўзлаштиришнинг асосий вазифаларидан бири маҳсулдорлик юқори бўлиши учун қудуқнинг бир хил ва максимал юқори ўтказувчанлигини тиклашдир.

«Ҳожиказган» кони «Андакли»дан 47 км масофада жойлашган. Жорий йилда 410 млн куб метр табиий газ ва 6,2 минг тонна газ конденсати қазиб олиш режалаштирилган. Кон ишчилари 15 кун иш ва 15 кун дам олиш режимида фаолият юритиб, кунлик газ қазиб чиқариш барқарорлигини таъминлаб туришади. Кондаги 40-сонли қудуқнинг иш тартиби, фаолияти билан танишилди.

Углеводород қазиб чиқариш департаменти бошлиғи Азизхон Раҳмонов

«Ўзбекнефтгаз» акциядорлик жамиятининг углеводород қазиб чиқариш департаменти бошлиғи Азизхон Раҳмоновнинг айтишича, «Ҳожиказган» кони 2006 йилда ишга туширилган бўлиб, қудуқлар мажмуаси 32 та, шундан ишлаётган қудуқлар 23 тани ташкил этади. Мазкур кондан олинган маҳсулот Кулбешкак–Учқир газ қувури орқали Газли газни қайта ишлаш заводига етказиб берилади. Заводда табиий газ олтингугурт бирикмаларидан тозаланиб, таркибидан пропан-бутан аралашмаси ажратиб олингандан сўнг «Ўзтрансгаз» магистрал газ қувурларига етиб боради.

Конларни ишлатиш департаменти бошлиғи Сирожиддин Маллаев

Шунингдек, мазкур кон таркибида бўлган 22-сонли қудуқда олиб борилаётган мукаммал таъмирлаш ишлари билан танишилди. «Ўзбекнефтгаз» акциядорлик жамиятининг конларни ишлатиш департаменти бошлиғи Сирожиддин Маллаевнинг айтишича, газни ер тубидан олиб чиқадиган насос қувурларда носозлик пайдо бўлиши, қум ва туз билан тўлиб қолиши, сувланганлик даражаси ошиб бориши натижасида кунлик қазиб олиш миқдори тушиб кетади. Мана шундай жараёнларда маҳсулдорликни тиклаш мақсадида қудуқларда мукаммал таъмирлаш ишлари олиб борилади.

Чўл ҳудудида газ қазиб олишни таъминлаш ва таъмир ишларини олиб боришда ишчи-ходимлар учун зарур шароитлар яратилган. Қизиқ томони, газчилар овқат тайёрлашда газдан фойдалана олмайди. Конлардаги ҳар бир қудуқ бир биридан узоқ масофада жойлашган бўлса-да, қудуқда ишларни олиб бориш учун электр узаткичлар тортиб келинган. Овқат тайёрлаш учун электр печкалардан фойдаланилади.

Ишчи-ходимлар қудуқларни таъмирлаш ишларини тугатиш учун чўл ҳудудида кўчиб юрадиган вагон уйларда яшаб туришади. Вагон уйлар олдида нон ёпиш учун тандир-ўчоқ ўрнатилган.

Шунингдек, «Саватли» конидаги учта қудуқда бурғулаш ишлари олиб борилмоқда. Бурғулаш дастгоҳи майдонига чиқиб, у ердаги иш жараёни билан танишилди.

14-сонли қудуқда эндигина бурғулаш дастгоҳлари ўрнатилган ва 150-200 метр чуқурликка етиб борилган. Маълум бўлишича, бурғулаш жараёнининг ўзи бир неча ойга чўзилиши мумкин.

Кулбешкак газни дастлабки тайёрлаш қурилмаси фаолияти билан ҳам танишилди. Углеводород қазиб чиқариш департаменти бошлиғи Азизхон Раҳмоновнинг айтишича, Кулбешкак газни дастлабки тайёрлаш қурилмаси иккита навбатдан иборат бўлиб, биринчи навбатида олтингугуртсиз газлар суюқликдан тозаланиб, Газли газни қайта ишлаш заводига 31 км узунликдаги газ қувурлари орқали етказиб берилади.

Иккинчи навбати жорий йилда «Ўзбекнефтгаз» АЖнинг белгилаган манзилли дастури асосида қуриб ишлатишга топширилган бўлиб, унинг асосий вазифаси «Даяхотин», «Ҳожиказган», «Саватли» ва «Миркомилқудуқ» конларидан қазиб олинаётган табиий газни суюқликдан тозалаб, Газли газни қайта ишлаш заводига барқарор етказиб берилишини таъминлашдан иборат.

Ушбу қурилмаларда газ таркибидаги суюқликни ажратиб олиш учун махсус сепаратор идишлари мавжуд бўлиб, сепаратор идишлари ичида газ таркибидан қатлам сувлари ва газ конденсати алоҳида ажратиб олинади. Ажратиб олинган қатлам суви экологик жиҳатни яхшилаш мақсадида алоҳида қудуқлар орқали бошқа қатламга ҳайдалади. Ажратиб олинган газ конденсати автомашиналарга юкланиб, конденсатни йиғиш паркига етказиб берилади.

Кулбешкак конидан газ конденсатини олиб кетиш ва тегишли манзилга етказиб бериш учун 400 км масофа босиб ўтилади.

Пресс-турнинг биринчи куни якунланди. Эртаси куни, 25 декабрда Газли газни қайта ишлаш заводи очилди.

Заводнинг очилиш маросимида «Ўзбекнефтгаз» акциядорлик жамияти бошқаруви раиси Меҳриддин Абдуллаев, Бухоро вилояти ҳокими вазифасини бажарувчи Ботир Зарипов ва вилоят жамоатчилиги, соҳа етакчилари қатнашди.

Умуман, Газли ҳудудида, мамлакатимизда нефт ва табиий газ захираларимиз қанча? Ўзимизга етарлими? Геология, қидирув ишлари қай даражада? Ушбу соҳада қанчалик билимга эгамиз? Шу каби саволлар билан «Ўзбекнефтгаз» АЖ раисининг геология бўйича ўринбосари Қобил Тўхтаевга мурожаат қилдик.

«Ўзбекнефтгаз» АЖ раисининг геология бўйича ўринбосари Қобил Тўхтаев

«Ўзбекистонда узоқ йиллар давомида геология-қидирув ишлари билан умуман шуғулланилмаган. Таъбир жоиз бўлса, соҳага эътибор қаратилиб, сўнгги уч йилда 20 та кон очилди. Биргина Газли ҳудудида 8 та кон ишга тушди.

2020 йилга 20 млрд куб газ захирасини яратиш, 25 та қудуқда бурғулаш ишларини якунлаш режа қилинган. Аммо бу етарли эмас. 2021 йилда иш унумдорлиги икки баробарга ошиши кўзда тутилмоқда. Яъни табиий газ захирасини 35 млрд кубга ошириш, 50 та қудуқ, 19 та конни ишга тушириш режалаштириляпти.

Геологларимиз учта йўналиш бўйича иш олиб боряпти. Хусусан, Устюрт ҳудудида анча чуқурликдан, 4000 метрдан газ олишга эришилди. Шунингдек, мавжуд конларнинг янаям пастига тушиляпти. Бу табиийки, харажатларнинг тежалишига хизмат қилади.

Газли ҳудудида эса нисбатан юқори қатламдан газ қазиб олиняпти ва бу ҳам ўзига хос имкониятларни очиб бермоқда», – деди Қобил Тўхтаев.

Газли ҳудудида ўтган икки кунлик сафар давомида газнинг «туғилишига» гувоҳ бўлдик. У ернинг бағридан қандай олиняпти, қайси жараёнлардан ўтяпти, кимларнинг меҳнати, заҳмати ётибди – буларнинг ҳаммаси муҳим, албатта.

Таниқли геолог билан суҳбат давомида билдикки, ҳозирча Газли ҳудудида ўзлаштирилаётган кон ва қудуқларда қанча миқдорда газ захираси мавжудлиги ҳам маълум эмас. Шуниси аниқки, соҳага ўзимизнинг мутахассис-олимларимиз тобора илмий ёндашиб кириб бормоқда.

Янги йўналишларда ишлар қилиняпти. Биргина Газли газни қайта ишлаш заводининг атиги 11 ой давомида қурилиб ишга туширилиши муҳим воқеа. Яъни Газли ҳудудида биринчи марта суюлтирилган газ ишлаб чиқариш йўлга қўйилмоқда.

Журналист Исомиддин Пўлатов

Мавзуга оид