Иқтисодиёт | 22:34 / 31.12.2020
35637
2 дақиқада ўқилади

Ўзбекистонда йиллик инфляция кўрсаткичи маълум қилинди

Фото: KUN.UZ

Давлат статистика қўмитаси 2020 йилнинг декабр ойида Ўзбекистон Республикаси истеъмол секторидаги инфляция даражаси ҳақида маълумот берди. 

Давлат статистика қўмитаси 2020 йил давомида истеъмол бозоридаги нархлар ва тарифларнинг ўсиш даражаси 11,1 фоиз бўлганини маълум қилди. 2019 йил ушбу кўрсаткич 15,2 фоиз бўлгани эътироф этилганди. 

Қўмита ахборотномасида таъкидланишича, йилнинг сўнгги ойида ўртача истеъмол нархлари ва тарифлари даражасининг ой давомидаги ўсиш суръати 1,6 фоизни ташкил этган. 

2020 йилнинг июн ва июл ойларида истеъмол нархлари индекси 2019 йилдаги мос даврга нисбатан пасайган. ИНИ ўсиш суръати фақат сентябр ойига келиб, март ойидаги кўрсаткичдан ўтиб кетган.

Инфляциянинг ўсиши асосан озиқ-овқат маҳсулотлари нархида кузатилган, ноозиқ-овқат маҳсулотлари нархи ҳамда хизматлар тарифида ойлик инфляция 1 фоизни ҳам ташкил этмаган (ноозиқ-овқат маҳсулотлари нархи фақат сентябр ойида 1 фоиз инфляцияга эришганди).

Марказий банк раиси Мамаризо Нурмуродовга кўра, бош регуляторнинг 2021 йилдаги асосий мақсади инфляцион таргетлаш сиёсатини давом эттириш ҳамда инфляция кўрсаткичини 10 фоиздан оширмасликдан иборат.

Марказий банк иқтисодиётда инфляцияни оширувчи асосий хатарларни маълум қилди 

Мавзуга оид