Ўзбекистон | 20:41 / 09.01.2021
40006
4 дақиқада ўқилади

Марказий банк: банк карталаридан фойдаланганда ҳушёр бўлинг

Ўзбекистон Марказий банки банкомат ва POS-терминалларда банк карталарини қўллашда хавфсизлик чораларини кўриш юзасидан тавсиялар берди.  

Фото: Depositphotos

Марказий банк банкомат ва POS-терминалларда пластик карталардан фойдаланишда аҳамият қаратиш зарур бўлган бир неча тавсияларни эълон қилди.   

Маълум қилинишича, тавсия этилаётган хавфсизлик чоралари максимал даражада банк карталаридаги жамғармалар сақланишига хизмат қилади ва рухсатсиз ишлатилишининг олдини олади. Хусусан, банкоматларда қуйидагиларга эътибор қаратиш сўралади:

  • Банк картасидан фойдаланган ҳолда операцияларни амалга ошириш учун банкоматни танлашда сизга яқин жойда шубҳали шахсларнинг йўқлигига эътибор беришингиз керак. Aгар бундай шахслар бўлса, сиз бу ёки бошқа банкоматдан фойдаланиш учун қулайроқ вақтни танлашингиз керак.
  • Учинчи шахсларнинг маслаҳатига қулоқ солманг ва банк картаси билан операцияларни амалга оширишда уларнинг ёрдамини қабул қилманг.
  • Банкоматни ишлатишдан олдин унинг ПИН-код териладиган жойида ва карталарни қабул қилиш учун мўлжалланган жойида (уяда) жойлашган дизайнига мос келмайдиган қўшимча қурилмалар (масалан, нотекис ўрнатилган ПИН-код териш клавиатураси) мавжудлигини кўздан кечиринг. Aгар қўшимча қурилмалар мавжуд бўлса, бундай банкоматдан фойдаланишдан воз кечинг ва банкоматда кўрсатилган телефон орқали банк ходимларига шубҳаларингиз ҳақида хабар беринг.
  • Банкоматга банк картасини киритиш учун жисмоний куч ишлатманг. Aгар банк картаси киритилмаса, бундай банкоматдан фойдаланманг.
  • ПИН-кодни киритаётганда яқин атрофдаги одамлар уни кўрмаслиги учун клавиатурани қўлингиз билан ёпинг.
  • Банкоматдан нақд пул олгандан сўнг, банкноталарни бирма-бир сананг, банк картаси қайтишини кутинг ва квитанцияни олинг, уларни сумкага (ҳамёнга, чўнтакка) солинг ва шундан кейингина банкоматни тарк этинг.

Шунингдек, тавсияларда банкоматдан фойдаланиш вақтида чоп этилган квитанцияларни сақлаб қўйиш, агар ускуна тўғри ишламаса ундан фойдаланмай амалдаги операцияни бекор қилиш, банкомат картани қайтариб бермаса, аппаратда кўрсатилган телефон рақами орқали тегишли банкка мурожаат қилиш ва ҳолатни тушунтириш сўралган.

Шу билан бирга, фуқароларга POS-терминаллардан фойдаланишдаги хавфсизлик чоралари ҳақида ҳам тавсиялар берилган.

POS-терминалларда эса қуйидаги жиҳатларга эътиборли бўлиш талаб этилади:

  • Банк картаси билан операцияларни фақат ўзингизнинг ҳузурингизда бўлишини талаб қилинг. Бу сизнинг банк картангизда кўрсатилган шахсий маълумотларингизни қонунга хилоф равишда ишлатилиш хавфини камайтиради.
  • Товарлар ва хизматлар учун тўловларни амалга ошириш учун кассирнинг илтимосига биноан ПИН-кодни киритаётганда, яқин атрофдаги одамлар буни кўра олмаслигига ишонч ҳосил қилишингиз керак. Бунда ПИН-код киритилишида POS- терминалнинг клавиатурасини қўлларингиз билан тўсишингиз керак.
  • POS-терминалга ПИН-кодни киритишдан олдин, кузатув камераси POS-терминалга йўналтирилмаганлигига эътибор беринг.
  • Aгар операция муваффақиятли якунланган бўлса, терминал экранида (одобрено) хабар пайдо бўлади ва квитанциянинг биринчи нусхаси автоматик равишда (кассир учун) ва “ENTER” тугмачасини босгандан сўнг квитанциянинг иккинчи нусхаси (мижоз учун) чоп этилади.
  • Aгар банк картаси орқали тўлашга уриниш пайтида “Отклонено” деган хабар пайдо бўлса, терминал томонидан чиқарилган квитанциянинг битта нусхасини банк баёнотида кўрсатилган операциянинг йўқлигини текшириш учун сақлашингиз керак.

Aгар тўлов тизими контактсиз интерфейсга эга карталарни қўллаб-қувватласа, хавфсизроқ тўлов усули сифатида контактсиз тўлов усулидан фойдаланиш мақсадга мувофиқдир.

Тавсияларда фуқаролардан савдо ва хизматлар кўрсатадиган ташкилотларда банк карталаридан фойдаланганда ҳушёр бўлиш, чекни олгандан сўнг, унда кўрсатилган суммани текшириш сўралган.

Аввалроқ, Марказий банк томонидан карта эгаси маблағини фирибгарларга ўзлаштириш учун шароит яратиб беришига сабаб бўладиган омиллар бўйича маълумот берилганди.

Мавзуга оид