Жаҳон | 18:17 / 11.01.2021
22085
3 дақиқада ўқилади

АҚШда бир йил ичида учинчи марта аҳолига пул тарқатишмоқчи

Жо Байден АҚШ президенти лавозимига киришгач, пандемиядан азият чеккан фуқароларга яна бир марта пул тарқатилишини ваъда қилмоқда.

Фото: Getty Images

Америкада даставвал 2020 йил мартида, инқироз даврида иқтисодиётни қўллаб-қувватлаш учун 3,2 триллион долларлик дастур қабул қилинган, шунинг доирасида вояга етган фуқароларга 1200 доллардан, болаларга 500 доллардан бир марталик ёрдам пули тарқатилганди.

Декабр ойи охирида Конгресс ва президент Доналд Трамп навбатдаги ёрдам дастурини қабул қилди. Бу галги кўмак пакетининг жами қиймати 900 миллиард доллардан ортиқ.

Иккинчи пакет асосида 2021 йил бошидан бошлаб америкаликлар 600 долларлик чекларни ола бошлашди. Бу гал катталар ва болаларга тенг миқдорда маблағ белгиланди. Стимул чеклари йиллик даромади 75 минг доллардан ошмаган АҚШ фуқаролари ва резидентларига юборилмоқда.

Бундан ташқари, 11 ҳафта давомида (14 мартгача) ишсизларга ҳар ҳафта 300 доллардан тўлаб борилади. Дастур доирасидаги маблағлар коронавирусга қарши кураш, бир нечта ижтимоий соҳалар ва кичик бизнесни қўллаб-қувватлашга ҳам йўналтирилмоқда.

Айни пайтда, амалдаги президент Доналд Трамп ҳам, сайланган президент Жо Байден ҳам аҳолига 600 доллардан тарқатишни кам деб ҳисобламоқда. Уларнинг фикрича, пандемиядан азият чекаётган америкаликларга 2 минг доллардан берилиши керак.

Трамп Конгрессдан шуни талаб қилиб келган бўлса-да, йил охирида тегишли қонунга имзо чекди. Аммо 20 январдан президентликка киришадиган Жо Байден ўз фикрида собит қолмоқда.

«Ижара пулини тўлаш ёки дастурхонга егулик қўйишдан бирини танлашга мажбур бўлаётганингда, 600 доллар бу шунчаки етарли эмас. Cтимул чеклари 2 минг долларлик бўлиши керак», – деб ёзди Байден 10 январ куни Twitter саҳифасида. У бир неча кун олдин Делавэр штатидаги чиқишида ҳам худди шундай гапни айтган эди.

Ноябрдаги сайловда демократлар Конгресснинг Вакиллар палатасидаги назоратни сақлаб қолиш билан бирга, Сенатда ҳам устунликни қўлга олиши кутилаётгани фонида, Жо Байденда ўз ваъдасининг устидан чиқиши имконияти юқори экани айтилмоқда.

Эслатиб ўтамиз, АҚШнинг янги президенти мамлакат миқёсида энг кам иш ҳақини 2 баробарга ошириб, соатига 15 долларга етказишини маълум қилган.

Мавзуга оид