Жаҳон | 21:18 / 11.01.2021
19637
5 дақиқада ўқилади

Байден МРБга раҳбар танлади. Бу – АҚШнинг Россиядаги собиқ элчиси

АҚШнинг Россиядаги собиқ элчиси Уильям Бернс Марказий разведка бошқармасининг янги раҳбари бўлади. АҚШнинг сайланган президенти Жо Байден Бернс номзодини мамлакат бош разведка ташкилоти раҳбарлигига илгари сурди.

Фото: Getty Images

«Элчи Бернс инқироз вақтидаги фаолияти даврида синалган инсон. У фаолияти давомида америкаликлар хавфсизлиги учун етарлича хизмат қилган», дейилган Байден жамоасининг номзод ҳақидаги баёнотида.

Агар Бернснинг номзоди тасдиқланса, у МРБни бошқарадиган илк дипломат бўлади. Уильям Бернс 33 йил давомида АҚШ давлат департаментида ишлаган ва 2014 йил фаолиятини тугатган. У рус ва араб тилларида гаплаша олади. Дипломат 2005-2008 йилларда АҚШнинг Россиядаги элчиси бўлган ва бир вақтнинг ўзида Иорданияда ҳам элчи бўлиб ишлаган. У ўз вақтида Яқин Шарқ масаласида кўплаб музокараларда қатнашгани айтилади.

Бернс 2008 йилдан 2011 йилга қадар АҚШ Давлат департаменти ўринбосари лавозимида ишлаган. Дипломат бўлатуриб бундай даражага чиқиш ҳар кимга насиб қилмайди. У АҚШ тарихида бу лавозимгача кўтарилган иккинчи дипломат ҳисобланади.

«АҚШнинг яширин қуроли»

Бернс демократ ва республикачи президентлар вақтида ҳам ишлаган. 2013 йилда «Атлантик» журнали уни «АҚШнинг яширин қуроли» деб атаган ва у мамлакат учун муҳим музокараларда қатнашганини маълум қилганди. Бернс билан бирга АҚШ Давлат департаментида ишлаганлар уни сир бой бермайдиган сиёсатчи деб таърифлашган. Шунингдек, унинг кучли таҳлилчи экани ва жамоа учун ишлай олишини ҳам мақташган.

Бернс дипломат бўлмаса-да, атрофдагиларга сезилмайдиган даражада ўз фаолиятини олиб бориб, одамлар орасига «сингиб кета олади». 2019 йил Бернс «Яширин канал» номли хотира китобини чоп этган. Унда дипломат маълум вақт Эрон билан музокараларда яширин рол ўйнагани ҳақида ёзган. У қатнашган музокаралардан кейин 2015 йил Эрон билан ядро келишуви имзоланган.

Washington Post таҳлилчиси Дэвид Игнатуснинг айтишича, АҚШда Уильям Бернс дипломатлар ичида энг яхшиси деб аталади. Унинг МРБ раҳбарлигига тайинланишини қўллайдиганлар ҳам, қоралайдиганлар ҳам бор ва уларнинг барчаси МРБда ислоҳотлар керак деб ҳисоблайди.

АҚШ сиёсатчилари орасида кўпчилик МРБ раҳбарлигига узоқ вақт махсус хизматларда таҳлилчи сифатида ишлаган Майкл Морелл номзоди илгари сурилишини хоҳлаган. У 2010-13 йилларда МРБ директорининг ўринбосари бўлиб ишлаган. Бу вақт давомида икки марта раҳбар вазифасини бажарувчи бўлган. У МРБ раҳбарлари фахрийлари орасида машҳур. Америкалик сиёсатчиларнинг фикрича, МРБни ичидан биладиган одамгина уни ислоҳ қила олиши мумкин.

Бернс тайинланиши ҳам кўпчиликни хурсанд қилди. МРБ собиқ таҳлилчиси Мэлвин Гудман Бернснинг тайинланиши МРБга янги қон олиб кириши ҳақида айтади. Унинг фикрича, классик разведкачиларнинг ҳаддан ташқари ёпиқ бўлиши ва иш тарзи ходимларнинг зўриқишига олиб келади.

Байден бежиз МРБ раҳбарини хизмат ташқарисидан танламаган. Экспертларнинг айтишича, Бернс ташкилотга мустақил нигоҳ билан қараши мумкин. Яна бир жиҳат шуки, Бернснинг узоқ вақт Россия ва Яқин Шарқ каби АҚШ, шунингдек, МРБ учун муҳим бўлган ҳудудларда ишлагани унга катта обрў олиб келган. Бу эса дипломатга МРБ раҳбарлиги лавозимида асқотиши мумкин.

Трамп билан можаро

МРБда ислоҳотлар кераклиги охирги йилларда аён бўлганди. Чунки Трамп ташкилотни бир неча марта танқид қилганига қарамай, махфий маълумотларни эълон қилиб юборди.

МРБнинг ҳозирги раҳбари Жин Ҳаспел ОАВ билан деярли алоқага чиқмаган ва бу АҚШ бош разведка ташкилоти раҳбари учун ноодатий ҳисобланади. Бироқ у принципиаллиги билан ажралиб туради. Масалан, ўтган йил октябрда Ҳаспел Трамп Россиянинг АҚШ сайловларига аралашишига оид разведка маълумотларини ошкор қилишига қарши чиққан. Чунки бу маълумотларни Россиядаги америкалик разведкачилар аниқлаган ва уларнинг эълон қилиниши разведкачиларнинг ҳаётига хавф туғдиради.

Айнан Ҳаспелнинг Трамп билан муносабатдаги қатъияти АҚШнинг хавфсизлик борасидаги ҳамкорлари олдида ҳамон ишончли иттифоқчи сифатида гавдаланишига сабаб бўлган. Бу эса Ҳаспел ўз миссиясини шараф билан адо этганидан далолат беради.

Ўткир Жалолхонов
Тайёрлаган Ўткир Жалолхонов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид