Жаҳон | 01:03 / 11.01.2021
33574
2 дақиқада ўқилади

Олимлар коронавируснинг организмда кўпайишини тўхтатувчи ферментни аниқлашди  

Фото: AP

Германиядаги Тюбинген университетининг биоинформатика бўйича мутахассислари коронавируснинг инсон организмида кўпайишига таъсир кўрсатувчи ферментни аниқлашди. Таъкидланишича, ушбу ферментсиз вирус организмда кўпая олмайди. 

Ушбу кашфиёт вирусга қарши янги дори воситаларини ишлаб чиқишда ёрдам бериши мумкин.

Олимлар коронавируснинг одам ўпкасида тарқалишининг компютер моделини яратишган. Унга кўра, вирус ҳужайрага кирганда уни вируснинг организмда янада тарқалиши учун ўзига хос “дарвоза” ҳисобланувчи муайян моддаларни ишлаб чиқаришга мажбур қилади. Бунда вирус учун гуанилаткиназа 1 ёки GK1 деб номланувчи фермент алоҳида аҳамият касб этади. Германиялик олимлар тадқиқот давомида ушбу ферментни организмдан вақтинча олиб туришга муваффақ бўлишган. Шундан кейин вирус “оч қолиб”, кўпайишдан тўхтаган. 

Олимларнинг фикрича, ушбу кашфиёт коронавирусга чалинганлар учун мўлжалланган дори воситаларини ишлаб чиқишда ҳал қилувчи аҳамиятга эга бўлади. Уларнинг таъкидлашича, инсоннинг соғлиғи организмда GK1 ферментининг мавжудлигига бевосита боғлиқ эмас ва ушбу ферментнинг вақтинча ишлаб чиқарилишини тўхтатиб туриш мумкин. Маълумотларга кўра, Фраунгофер номидаги институт олимлари ферментнинг ишлаб чиқарилишини тўхтатиш учун қайси моддалар кўпроқ тўғри келишини аниқлаш билан шуғулланишади. Мутахассисларнинг таъкидлашича, ушбу кашфиёт билан боғлиқ дори воситалари жорий йил охиридан олдин пайдо бўлмайди. 

Мавзуга оид