Манба: Олий таълим вазири ҳам алмашиши мумкин
Ўзбекистон олий ва ўрта махсус таълим вазири Ином Мажидов уч ярим йиллик фаолиятидан сўнг лавозимини тарк этиши мумкин. Бу ҳақда Kun.uz'нинг турли тузилмалардаги бир нечта манбалари маълум қилди.
2021 йилнинг дастлабки кунларида Ўзбекистон ҳукуматида яна бир вазир алмашиши мумкин.
Kun.uz манбаларига кўра, шу кунларда олий ва ўрта махсус таълим вазири Ином Мажидовни лавозимидан озод этиш масаласи муҳокама қилинмоқда. У фаолиятини ОТМлардан бирининг ректори сифатида давом эттириши мумкин.
Бу ҳақдаги маълумотни вазирлик матбуот хизмати Kun.uz'га тасдиқламади; шу билан бирга, расмий янгилик бўлган тақдирда, бу ҳақда маълум қилиниши қўшимча қилинди.
Манбаларга кўра, олий таълим вазири лавозимига бир неча номзодлар, хусусан Термиз давлат университети ректори, сенатор Абдуқодир Тошқулов ва Ўзбекистон миллий университети ректори Авазжон Мараҳимов номзодлари кўриб чиқилмоқда.
Аввалроқ, Kun.uz ўз манбасига таянган ҳолда олий ва ўрта махсус таълим вазирининг биринчи ўринбосари Ўктам Саломов бошқа ишга ўтиши муносабати билан лавозимидан озод этилгани ҳақида хабар қилганди. Вазирлик матбуот хизмати буни тасдиқлади. Ҳозирча тасдиқланмаган маълумотларга кўра, Саломов Фарғона политехника институтига ректор бўлиши кутилмоқда.
Эслатиб ўтамиз, Ином Мажидов 2016 йил сентябридан олий ва ўрта махсус таълим вазирининг биринчи ўринбосари, 2017 йил июнидан эса вазир лавозимида фаолият кўрсатмоқда.
Абдуқодир Тошқулов 2016 йил сўнгидаги сайловлар арафасида президентликка номзод Шавкат Мирзиёевнинг Сурхондарё вилоятидаги ишончли вакили бўлганди. У 2017 йил сентябрида Термиз давлат университетига ректор бўлган, бир йил ўтиб Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Сенат аъзосига айланганди.
Тошқулов 2020 йил январида Kun.uz'да эълон қилинган интервьюсида бир нечта масалалар қатори таълим муаммоларига оид ўз қарашлари билан ҳам ўртоқлашган.
Бошқа бир номзод – техника фанлари доктори, профессор Авазжон Мараҳимов 2016 йил октябридан буён Ўзбекистон миллий университети ректори сифатида фаолият юритмоқда. У турли йилларда олий ва ўрта махсус таълим вазири ўринбосари, халқ таълими вазири лавозимларида ишлаган.
- Сўнгги кунларда айрим вазирликлар раҳбариятида ўзгаришлар кузатилмоқда. Айни пайтгача уй-жой коммунал хўжалик вазири Музаффар Солиев, транспорт вазири ўринбосари Даврон Деҳқонов, сув хўжалиги вазирининг биринчи ўринбосари Баҳодир Рўзибоев, қишлоқ хўжалиги вазири ўринбосарлари Саидкамол Хўжаев ва Ботиржон Сулаймонов ҳам лавозимини тарк этди. Уларнинг айримлари бошқа ишга ўтказилиши кутилмоқда.
Мавзуга оид
12:09 / 04.04.2024
Олий таълим вазирига янги ўринбосарлар тайинланди
11:55 / 04.04.2024
Олий таълим вазирининг икки ўринбосари лавозимини тарк этди
14:37 / 07.03.2024
“Ёпилаётган нодавлат ОТМ талабалари ўқишини кўчириш бўйича махсус комиссия қарорини кутяпмиз” – Вазирлик
15:04 / 21.02.2024