Ўзбекистон | 17:52 / 13.01.2021
17491
2 дақиқада ўқилади

МФРББ: Хорижга чиқиш паспорти учун тўловни камайтириш таклифи берилади

Хорижга чиқиш биометрик паспорти учун давлат божини пасайтириш бўйича таклиф киритилиши айтилди. Ҳозирда бож миқдори БҲМнинг 120 фоизи – 267 минг сўм.

Ички ишлар вазирлиги Миграция ва фуқароликни расмийлаштириш бош бошқармаси расмийлари иштирокида матбуот анжумани бўлиб ўтди.

Анжуманда хорижга чиқиш паспортларини расмийлаштириш учун тўлов БҲМнинг 120 фоизи, яъни 267 минг сўм экани, бу кўплаб фуқаролар учун қимматлик қилиши, тўловни камайтириш имкони бор-йўқлиги тўғрисида савол берилди.

ИИВ Миграция ва фуқароликни расмийлаштириш бош бошқармаси бошлиғи ўринбосари Дилшодбек Муродбековнинг маълум қилишича, бошқарма нархни пасайтириш учун таклиф киритади.

«Айтиш жоизки, нархларни Ички ишлар вазирлиги белгиламайди. Бу – тегишли вазирлик, идоралар томонидан кўриб чиқилади, ишлаб чиқарилаётган ҳужжатларнинг таннархи, унга кетадиган маҳсулотларнинг ҳаммаси ҳисоб-китоб қилинади. Шулардан келиб чиққан ҳолда нарх белгиланган.

Биз бу масала бўйича тегишли вазирлик ва идоралар билан келишган ҳолда таклифлар киритамиз. Агарда ушбу таклифлар инобатга олиниб, нарх камайтирилса, бу нур устига аъло нур бўлади», – деди Муродбеков 12 январ кунги матбуот анжуманида.

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон фуқаролари 2019 йилга қадар хорижга чиқиш учун паспортига «ОВИР» стикери олиши зарур эди. 2 йил муддатга бериб келинган стикер 2 йил олдин бекор қилиниб, тўқ қизил рангдаги хорижга чиқиш биометрик паспорти жорий этилди.

2020 йил 1 январдан бошлаб, охирги берилган стикерлар муддати ҳам тугади ва эндиликда ўзбекистонликлар фақат хорижга чиқиш паспорти билангина мамлакатни тарк этиши мумкин.

Комрон Чегабоев
Тайёрлаган Комрон Чегабоев
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид