Жаҳон | 22:58 / 14.01.2021
6946
2 дақиқада ўқилади

Италияда мафия устидан суд жараёни учун махсус бункер қурилди

Италияда мафия устидан йирик суд жараёни учун махсус бункер қурилди. Махсус мажмуада пандемия шароитида ижтимоий масофалашувга риоя қилган ҳолда мингга яқин одам жойлаштирилиши мумкин. 

Фото: AFP

Италиянинг Калабрия вилоятида “Ндрангета” мафиоз гуруҳи ва унинг шериклари устидан энг йирик суд жараёнларидан бири бошланди. Судланувчилар орасида умумий ҳисобда 300дан кўпроқ киши бор. Уларга жиноий синдикатда аъзолик, қотилликлар, қуролга ноқонуний эгалик қилиш, гиёҳванд моддалар савдоси ва юлғичлик айбловлари қўйилмоқда. 

Судланувчилар орасида собиқ сиёсатчилар, амалдорлар, тадбиркорлар ва полициячилар бор. 900га яқин киши, жумладан мафиоз гуруҳининг собиқ аъзолари гувоҳлик бериши кутилмоқда.

Шу муносабат билан суд жараёни ўтаётган Ламеция-Терме шаҳрида махсус мажмуа қурилган. У ерда мингга яқин одам жойлаштирилиши мумкин. Бир қатор кўрсатмаларни видеоанжуман шаклида эшитиш режалаштирилган.

“Ндрангета” Италиядаги катта таъсирга эга мафиоз гуруҳларидан бири ҳисобланади. У қурол, одам ва гиёҳванд моддалар савдоси билан шуғулланади ва кўп миллиард долларлик оборотга эга. 2016 йилда ҳам унинг аъзолари Италия шимолида 2012 йилда юз берган вайронкор зилзилалардан кейин қурилиш бизнеси ва кўчмас мулк операцияларидаги фирибгарликларда айбланган.

Шуҳрат Раҳимов
Тайёрлаган Шуҳрат Раҳимов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид