Жаҳон | 10:50 / 15.01.2021
24366
2 дақиқада ўқилади

Қайроққум сув омборининг сиғими ҳақида маълумот берилди

Жорий йилнинг 14 январь куни ярим тунда ижтимоий тармоқларда Тожикистон ҳудудида жойлашган “Баҳри тожик” (Қайроққум) сув омбори ёрилиши натижасида сув тошқини содир бўлганлиги тўғрисида ёлғон хабарлар тарқалди. 

Фото: TripAdvisor

“Баҳри тожик” сув омборидаги гидроэлектр станцияси директори Файзулла Азизовнинг маълум қилишича, сув омборида ҳеч қандай муаммо йўқ, барча иншоотлар техник соз ҳолатда. Гидроэлектр станциясидаги агрегатлар одатдаги тартибда ишлаб турибди. Барча иншоотларнинг хавфсизлиги назоратга олинган. Сув омбори атрофидаги ҳудудларда яшовчи аҳоли саросимага тушиб, хавфсиз ҳудудларга кўчиб ўтаётгани ҳақидаги хабарлар ҳам асоссиз, дея хабар бермоқда Сув хўжалиги вазирлиги матбуот хизмати.

Бугунги кунда Қайроққум сув омборининг сув ҳажми 3 млрд 443 млн м³ бўлиб, сув омборига сувнинг кириши 892 м³/сек., сувнинг чиқиши эса 880 м³ /сек.ни ташкил этмоқда. Сув омборида охирги ўн кунлик давомида сув тўплаш ва сув чиқаришда ҳеч қандай кескин ўзгариш кузатилмаган.

Ўзбекистон Сув хўжалиги вазирлигида кеча-ю кундуз фаолият юритадиган навбатчилик ташкил қилинган ҳамда диспетчерлик хизмати доимий ишлаб турибди. Шунингдек, республикамиздаги барча йирик сув иншоотларининг хавфсиз ишлаши яна бир бор назоратдан ўтказилди. 

“Баҳри тожик” сув омборининг сув ҳажми ўзгариши бўйича қўшни Тожикистон сув хўжалиги органлари, Ўзбекистон Фавқулодда вазиятлар вазирлиги ҳамда “Ўзгидромет” маркази билан мунтазам алоқалар ўрнатилган бўлиб, сув омборининг ишлаш режими бўйича ҳар соатлик мониторинг юритиб борилмоқда. 

Сув хўжалиги вазирлиги фуқароларни бу каби ёлғон миш-мишларга ишонмасликка ва хотиржамликка чақиради.

Эслатиб ўтамиз, “Баҳри тожик” сув омбори сувидан Тошкент вилояти Бекобод тумани, Сирдарё ва Жиззах вилоятлари ҳамда қўшни Қозоғистон Республикасининг экин майдонларини суғоришда фойдаланилади. 

Мавзуга оид