Спорт | 22:10 / 18.01.2021
8085
2 дақиқада ўқилади

Беларус хоккей бўйича жаҳон чемпионатини ўтказиш ҳуқуқидан маҳрум бўлди

Хоккей бўйича жаҳон чемпионати 2021 йил 21 майдан 6 июнгача Латвия ва Беларусда ўтказилиши режалаштирилганди.

Фото: Mikhail Metzel / TASS / Getty

Халқаро хоккей федерацияси (IIHF) хавфсизлик билан боғлиқ муаммолар сабабли Минскни хоккей бўйича 2021 йилги жаҳон чемпионатини ўтказиш ҳуқуқидан маҳрум қилди. Бу ҳақда федерация сайтида маълум қилинди.

 Хабарда таъкидланишича, агарда спортчилар, томошабинлар ёки журналистларнинг эркин ҳаракатланишидан ташвишланишга сабаб бўлса, федерация мамлакатни чемпионат ташкил этиш ҳуқуқидан маҳрум қила олади.

IIHF «сиёсий норозиликлар ҳамда коронавирус билан боғлиқ хавфлар фонида Беларусдаги хавфсизлик масаласини ўрганган». Натижада федерация бу қатнашчилар ва томошабинлар хавфсизлигини таъминлашнинг имкони йўқ деган хулосага келган.

Хоккей бўйича жаҳон чемпионати 2021 йил 21 майдан 6 июнгача Латвия ва Беларусда ўтказилиши режалаштирилганди. Эндиликда IIHF чемпионатни фақат Латвиянинг ўзида ўтказиш имкониятини ўрганмоқда.

 Ўтган ҳафтада Škoda автомобил ишлаб чиқариш компанияси ва NIVEA MEN бренди хоккей бўйича 2021 йилги жаҳон чемпионати Беларусда ўтказиладиган бўлса, мусобақага ҳомийлик қилишдан воз кечишини маълум қилганди.

Мавзуга оид