Жаҳон | 21:35 / 19.01.2021
10770
2 дақиқада ўқилади

АҚШнинг энг сахий миллиардерлари рўйхати эълон қилинди

Рўйхатдан ўрин олган 25 нафар миллиардер жами 149 млрд долларни хайрия ишларига йўналтирган, уларнинг умумий бойлиги эса 799 млрд доллар деб баҳоланмоқда. 

Фото: Getty Images

Forbes журнали АҚШнинг энг сахий миллиардерлари рейтингини эълон қилди. Нашр улар бутун умри давомида хайрия мақсадлари учун қанча маблағ сарфлаганини ҳисоблаб чиқди.

Рўйхатдан ўрин олган 25 нафар миллиардер жами 149 млрд долларни хайрия ишларига йўналтирган, уларнинг умумий бойлиги эса 799 млрд доллар деб баҳоланмоқда.  

Рейтингда биринчи ўринни Уоррен Баффет эгаллади. У хайрия учун 42,8 млрд доллар сарфлаган, бойлиги эса 88,8 млрд доллар. Баффет соғлиқни сақлаш ва қашшоқликка қарши курашга маблағ ажратади. 

Microsoft асосчиси Билл Гейтс ва унинг турмуш ўртоғи Мелинда иккинчи ўринга жойлашди. Уларнинг бойлиги 120,7 млрд доллар деб баҳоланмоқда, хайрия мақсадларига эса 29,8 млрд доллар сарфлашган.  

 Молиячи Жорж Сорос рейтингда учинчи ўриндан жой олди. У умри давомида 16,8 млрд доллар маблағни хайрияга йўналтирган, бойлиги эса 8,6 млрд долларга тенг. Унинг демократия ва сайловчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилишга эътибор қаратувчи «Очиқ жамият» фондлари дунёнинг 120 мамлакатида фаолият кўрсатади. 

Нью-Йорк собиқ мэри Майкл Блумберг тўртинчи ўринни эгаллади. Унинг бойлиги 54,9 млрд доллар, хайрияга сарфлаган пуллари эса 11,1 млрд доллар деб баҳоланди. Блумберг иқлим ўзгариши ва жамоат соғлиғини сақлашга эътибор қаратиб келади. 

Энг сахий миллиардерлар рейтингидан бу йил Amazon асосчиси Жефф Безоснинг собиқ рафиқаси Маккензи Скотт ҳам жой олди. У ирқий, гендер ва иқтисодий тенгсизликларга қарши курашувчи ташкилотларга 5,83 млрд доллардан ортиқ маблағ ўтказган. Олтинчи ўриндан жой олган Скоттнинг бойлиги $55,2 млрд доллар деб баҳоланмоқда.

Facebook асосчиси Марк Цукерберг ва унинг турмуш ўртоғи Присцилла Чан хайрия учун энг кўп маблағ сарфлаган миллиардерлар рейтингида ўнинчи ўринни эгаллашди. Улар хайрия ишлари учун жами 2,7 млрд доллар маблағ ўтказишган.

Мавзуга оид