Жамият | 12:23 / 20.01.2021
7692
2 дақиқада ўқилади

Юнусобод марказидаги маҳалла чиқиндихонага айланиб қолмоқда. Масъуллар эса жим

Юнусобод тумани Шаҳристон кўчасида ноодатий «чиқиндихона»лар, ҳатто қамишзор пайдо бўлган. Аҳоли мурожаатларига қарамай, узоқ вақтдан бери бу хунук манзарани бартараф этишга масъулларнинг парвойи палак.

Kun.uz мухбири таҳририятга келиб тушган мурожаат юзасидан Юнусобод тумани Шаҳристон кўчасида бўлди. Маълумот учун, Шаҳристон кўчаси – Марказий Осиёдаги энг баланд иншоот, пойтахтнинг ташриф қоғозларидан бири – Тошкент телеминорасининг ёнгинасида жойлашган.

Шу кўчадаги 89- ва 91А-уйлар оралиғида, одамлар серқатнов ва гавжум бўлган йўл устида 2та ўзига хос «чиқиндихона» ҳосил бўлган.

89-уйнинг ён томони ҳам ахлатхонага айлантирилган. У ерга дарахтларнинг шох-шаббалари-ю, қурилиш материаллари чиқиндилари тўкиб кетилади.

Маҳаллий аҳолига кўра, ҳудуд ҳар ярим йилда бир ҳашар йўли билан тозалаб турилади, аммо инсофсиз кишилар бу жойни ифлослантиришда давом этмоқда. Пойтахт марказига яқин жойда кичик қамишзорни кўриш мумкин.

Уйнинг орқа томонига эса бошқа ҳудуддаги қурилиш котлованидан қазиб олинган тупроқ олиб келиб тўкиб кетилган. Натижада сунъий тупроқтепаликлар ҳосил бўлган.

Уй олдига аллақандай бино учун «фундамент» қўйилган бўлиб, у нима экани, ким ва нима мақсадда қилгани маълум эмас. Кўп қаватли уйлар олдига кириш йўлаги катта юк машиналарининг «парковкаси»га айлантирилган. Бунинг ҳисобига йўл ўйдим-чуқур бўлиб кетган.

Бу муаммолардан шу ерда яшовчи аҳоли азият чекмоқда. Болалар ўйнаб-кулиши учун нормал шароитга эга жойнинг ўзи йўқ.

Фуқаролар маҳаллий ҳокимлик ва бошқа масъул идораларга кўп бора мурожаат қилганларини, аммо шу вақтгача масаланинг ечими ҳақида жўяли бош қотирилмаганини айтишмоқда.

Фуқаролар эндиликда туманга янги ҳоким этиб тайинланган Жаҳонгир Иброҳимовдан умид қилишмоқда.

Мавзуга оид