Жамият | 08:07 / 22.01.2021
14600
2 дақиқада ўқилади

Қашқадарёда фуқаро калтакланиб, қийноққа солинди

Фото: Тергов департаменти

Қашқадарё вилоятининг Яккабоғ туманида яшовчи К.А. 2021 йил 17 январь куни туман ИИБ бошлиғи номига ариза билан мурожаат қилган, деб хабар бермоқда ИИВ ҳузуридаги Тергов департаменти.

У 2021 йилнинг 15 январь куни соат 10:00да синфдоши А.Қ. ва унинг турмуш ўртоғи Г.А. телефон орқали ўзларининг “Қурашайх” қишлоғидаги яшаш уйига чақирганликлари учун К.А. фуқаро А.Қ.нинг яшаш уйи айвонига кирган вақтида уни уриб, оёқ-қўлларини арқон билан боғлаб, юз, бош ва сон соҳаларига таёқ билан қасддан уриб, рўзғор капгирини уй ичида ёнган ҳолатдаги темир печда қиздириб, К.А.нинг қорин соҳасига бир неча марта босиб куйдиришганини айтган ҳамда ушбу ҳолат бўйича қонуний чора кўришни сўраган.

Тиббий маълумотномага асосан К.А.да “бош мия чайқалиши, бошнинг тепа ва чап чакка соҳасида қон қуйилиши, бошнинг пешона соҳасида эзилиб йиртилган яраси, қорин пастки соҳаси куйган жароҳати ва бошқа тан жароҳатлари” мавжудлиги қайд қилинган.

Мазкур ҳолат юзасидан Яккабоғ туман ИИБ ҳузуридаги тергов бўлими томонидан Жиноят кодексининг 110-моддаси 1-қисми (қийнаш) билан жиноят иши қўзғатилган.

Дастлабки тергов ҳаракатлари давомида А.Қ. ишлаш мақсадида Россияга кетган вақтида унинг турмуш ўртоғи Г.А. жабрланувчи К.А. билан мулоқотда бўлиб келганлиги аниқланган.

Бундан ташқари, К.А. 2021 йил 15 январь куни шифохонага мурожаат қилган вақтида юқоридаги жанжални яширган ҳолда, отдан йиқилиб, уни от судраб кетганини маълум қилгани ҳамда биринчи ёрдамни олиб, шифохонадан чиқиб кетгани аниқланган.
 
Ҳозирда тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда, дейилади маълумотда.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид