Жаҳон | 17:08 / 25.01.2021
6784
2 дақиқада ўқилади

Таҳлилчилар ижтимоий тенгсизлик рекорд даражада ўсишидан огоҳлантиришди

Таъкидланишича, бойлар учун инқироз ниҳоясига етди: дунёдаги минглаб энг бадавлат одамлар пандемия сабабли йўқотганларини тўққиз ой ичида тиклаб бўлди.

Фото: Shutterstock

Коронавирус пандемиясидан сўнг тенгсизлик даражаси дунёнинг ҳар бир мамлакатида ўсади, бу юз йилдан ортиқ вақт давомидаги кузатишлар мобайнида биринчи марта содир бўлади. Бу ҳақда Oxfam хайрия ташкилотининг «Тенгсизлик вируси» деб номланган ҳисоботида маълум қилинди.

 Қайд этилишича, «адолатсиз иқтисодий тизим миллиардлаб одамлар зўрға кун кечираётган рецессия даврида ўта бадавлат инсонларнинг янада бойишига имкон яратади». Ташкилотнинг таъкидлашича, бойлар учун инқироз ниҳоясига етди: дунёдаги минглаб энг бадавлат одамлар пандемия сабабли йўқотганларини тўққиз ой ичида тиклаб бўлди.

Дунёдаги энг бадавлат ўн кишининг умумий бойлиги «ҳар бир инсонни эмлашга кетадиган вакцина учун пул тўлашга ва ҳеч ким қашшоқлашиб қолмаслигини кафолатлашга етиб ортиб қолади», дейилади ташкилот ҳисоботида.

Шу билан бирга, коронавирус меҳнат бозорида 90 йилдан ортиқ вақт давомидаги энг ёмон инқирозни келтириб чиқарди ва юз миллионлаб одамларни ишсиз қолдирди, дейилади ҳисоботда. Oxfam ҳисоб-китобига кўра, қашшоқ одамларнинг тикланиши учун 10 йилдан ортиқ вақт керак бўлади.

Oxfam «адолатли иқтисодиёт» пандемиядан сўнг тез тикланишнинг асосий омили деб ҳисобламоқда. Ташкилотнинг қайд этишича, пандемия даврида ҳаммадан кўп фойда олган дунёдаги энг йирик 32та корпорациянинг ортиқча даромадига вақтинчалик солиқ жорий этилиши 2020 йилда 104 миллиард доллар келтириши мумкин эди.

 «Бу эса кам ёки ўртача даромадли мамлакатлардаги барча ишчиларга ишсизлик нафақаси ҳамда барча болалар ва қарияларга моддий ёрдам кўрсатиш учун етарли», — деб ёзади Oxfam.

Дилшод Аскаров
Тайёрлаган Дилшод Аскаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид